Линклар

logo-print

Халқаро комиссия Ўтунбаева ҳукуматини танқид қилди


2010 йилнинг июнида Қирғизистоннинг жанубида амалга оширилган зўравонликлар сабабларини ўрганиш учун тузилган Мустақил Халқаро тадқиқот комиссияси фикрича, Қирғиз республикасининг муваққат ҳукумати мамлакат жанубида миллатлараро муносабатлар ёмонлашиб кетганини ё тан олмади ёки етарли баҳо бера олмади.

Комиссия фикрича, Ўтунбаева етакчилигидаги муваққат ҳукумат зўравонликларнинг олдини олиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозим эди.

Комиссия ҳисоботидан баъзи парчаларни 24.kg агентлиги эълон қилди.
Комиссия ўз ҳисоботини расман эълон қилгани йўқ.

Таркибига 7 мутахассис кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини шимолий давлатлар, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар молиялаштирган.

Комиссия хулосаси мартда эълон қилиниши кутилган эди. Шу кунларда эса, ҳисоботнинг расман эълон қилинмаётгани уни рус тилига таржима қилиш зарурати билан изоҳланмоқда.
XS
SM
MD
LG