Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:33

Сўғдда хавфли кимёвий модда қўлга олинди


Кузатувчилар контрабанда маҳсулотлари Тожикистонга куч ишлатар тизимлар вакиллари ёрдамида олиб кирилаётганини айтадилар.
Кузатувчилар контрабанда маҳсулотлари Тожикистонга куч ишлатар тизимлар вакиллари ёрдамида олиб кирилаётганини айтадилар.

Тожикистонда Ўзбекистон ва Қирғизистондан контрабанда қилинган 20 тонна кимёвий модда мусодара қилинди.

Сўғд вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши кураш бўлими вакиллари минтақага ноқонуний йўл билан олиб кирилган қарийб саккиз тонна заҳарли ва инсон саломатлигига ҳавфли кимёвий моддаларни мусодара қилишди.

Контрабандага қарши кураш бўлими раҳбари Ином Очиловнинг сўзларига кўра, контрабанда Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги Ворух қишлоғи ёнида мусодара қилинган.

Контрабандани Тожикистон томонига ўтказган қирғизистонликларни қўлга олиш имкони бўлмаган. Тожикистонлик ҳайдовчи ва контрабанда маҳсулоти эгаси Муҳаббат Бекмуродова ҳибсга олинган.

- Аввал шуни айтиш керакки, контрабандага қўл урганлар трансмиллий жинойи гуруҳ аъзолари эканлиги аниқланди. Чунки мазкур хавфли кимёвий моддалар қўшни Ўзбекистонда ишлаб чиқилган. Жиноятчилар аввал юкни Қирғизистон томонига ўтказишган. Шундан кейингина Тожикистон ҳудудига ўтказиб, бу ерда қонуний хужжатларни расмийлаштириш мақсадида бўлишган. Айни пайтда қўлга олинганлар Миллий хавфсизлик қўмитасида тергов қилинмоқдалар, - дейди Ином Очилов.

Унинг сўзларига кўра, вилоятнинг Конибодом ва Ўзбекистоннинг Бешариқ туманлари ўртасидаги Патар қишлоғида ҳам қарийиб олти тонна худди шундай кимёвий моддалар мусодара қилинган.

Тожикистонлик олим, химия фанлари доктори Музаффар Юнусовнинг айтишича, заҳарли ва инсон саломатлигига хавфли бўлган кимёвий моддалар фармацевтика соҳасида, минерал ўғитлар тайёрлашда ишлатилади. Лекин бу унсурлардан портловчи моддалар ҳам тайёрлаш мумкин.

- Сулфат ёки бошқача қилиб айтганда олтингугурт кислотаси махсус идишларда сақланиши керак. Жумладан, Исфарада қўлга олинган контрабанда пластмасса идишларда бўлганки, бу мутлақо нотўғри. Бу кимёвий моддадан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши билан биргаликда, портловчи моддалар ҳам тайёрланади, - деди Музаффар Юнусов.

Вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Боқиевга кўра, республикага контрабанда маҳсулотлари куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакиллари кўмагида олиб кирилмоқда.

- Жорий йилнинг уч ойи мобайнида вилоят ҳудудида 1000 тоннадан ортиқ контрабанда юклари мусодара қилинган. Жумладан, вилоят божхона бўлимининг тўрт нафар мулозими контрабанда ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қўл урганликда айбланиб ҳибсга олинган,- дейди Музаффар Боқиев.

Бу тизимда порахўрлик қай даражада? Озодлик радиосининг бу саволига вилоят божхона бошқармаси мулозими Султон Эрбоев шундай жавоб берди.

- Барча давлат тизимларида бўлгани каби, божхона ходимларининг ҳаммаси ҳам қўли тоза одамлардан иборат эмас. Тўғри, шундай гап халқ орасида ҳам бор. Лекин бизнинг муаммомиз шундаки, ҳали хеч ким бу хақда ариза ёзиб бизга мурожаат қилгани йўқ. Лекин шунга қарамасдан биз бу иллатга қарши ҳар томонлама курашяпмиз, - дейди Султон Эрбоев.

Таҳлилчилар фикрича, минтақага олиб кирилаётган контрабанда моллари миқдори миллионлаб долларни ташкил этади. Вилоятга Қирғизистонда ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий қисми ноқонуний йўл билан кириб келади.

- Давлатлар ўртасида товар айирбошлаш, савдо алоқалари яхши йўлга қўйилмагани чегарада қонунбузарлик ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса биринчи навбатда чегараларда турган божхоначи, милиция ва чегара вакилларига жуда қўл келяпти. Улар бундан манфаатдор бўлишяпти, - дейди таҳлилчи Бахтиёр Валиев.

Расмий маълумотларга кўра, вилоятдан қўшни республикаларга симоб, ванадий, стронций каби радиактив моддаларнинг ўтказилиш ҳоллари тез-тез содир бўлиб турибди. Жумладан, қўшни Қирғизистон чегарачилари Сўғд вилоятидан ўтказилган беш тонна стронций радиактив моддаларини мусодара қилган эди.
XS
SM
MD
LG