Линклар

logo-print

Чернобилнинг Тожикистондаги акс-садоси


Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишда 5 мингдан ортиқ тожикистонлик қатнашган.

Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишда 5 мингдан ортиқ тожикистонлик қатнашган.

Чернобил АЭСида содир бўлган фожага 25 йил тўлди. Чернобил ҳалокати оқибатларини бартараф этишда беш мингдан ортиқ тожикистонлик қатнашган. 1986 йилдан буён республикада 200 дан ортиқ тожикистонлик чернобилчилар турли касалликлардан вафот этди. Бугун мамлакатда 1980 нафар Чернобил ветеранлари қолган. Уларнинг фарзандлари мажрух бўлиб туғилган ва қарийиб уч минг нафарни ташкил этади. Мавзуни ҳамкоримиз Алишер давом эттиради.


Сўғдлик Отабек Хуррамов билан Чернобил воқеаларини эслар эканмиз унинг кўзларида ёш қалқиди. Чунки Чернобилдаги нурланиш унинг фарзандларида акс этмай қолмади.

- Чернобилдаги портлаш оқибатларини бартараф этиб қайтиб келганимдан кейин уч фарзанднинг отаси бўлдим. Ўша пайтлари радиация зарарлари хақида ўйламаган ҳам эдик. Фарзандлар туғилгандан кейингина унинг оқибатлари, даҳшатларини сеза бошладим. Болаларимни даволаш учун республика раисигача мурожаат қилдим. Ҳеч бўлмаганда биттасига, энг кичик қизимга ёрдам беришларини сўрадим. Чунки у юрак хасталиги билан туғилди. Лекин ёрдам беришмади. Қарз олиб Москва шахрида қизимни операция қилдириб олиб келдим, дейди Отабек.

Отабекнинг ўзи ҳам касалманд, доим шифокорлар назоратида. Лекин тиббий хазматлар бепул эмас.

- Чернобил ҳалокати хақида, ўзим хақимда гапирсам, саломатликлар йўқолган. Анча мазам қочиб қолди, унинг устига етишмовчилик, камабағалчилик ҳам оғир ботди. Ниҳоят духтурлар комиссиясидан вилоят, республика кўригидан ўтдим ва менга иккинчи гуруҳ ногиронлигини беришди, дейди суҳбатдош.

Отабекнинг айтишича давлат томонидан бир йилда бир марта бериладиган 200 сомони (тахминан 43 АҚШ доллари) миқдоридаги ёрдам пули ҳар ойда сотиб олинадиган дориларнинг бир қисмига етади холос. Нафақа пули эса рўзғор тебратиша аранг етмоқда.

Бироқ, расмийлар таъкидлашича, Чернобил атом электр станциясида юз берган фожеа оқибатларини бартараф этишда қатнашганларга давлат доимий ғамхўрлик қилиб келмоқда. Жумладан, чернобилчилар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган.

- Бугунги кунда чернобилчиларга медицина хизмати бепул кўрсатилаяпти. Бундан ташқари ижтимойи томондан ҳам ҳеч қандай монеликлар йўқ, уларга моддий ёрдам бериляпти. Жойларда маҳаллий хукуматлар хам ёрдам кўрсатмоқда, дейди Суғд вилоят ҳукумати вакили Нўъмон Хакимов.

Вилоят Чернобил уюшмасининг Конибодом шахар бўлими вакили Шухрат Йўлчиевнинг сўзларига кўра, туманда 70дан ортиқ чернобилчилар қолган. Уларнинг ҳаммаси хаста.

- Уларнинг аксарияти ҳам ҳар хил касалликларга дучор бўлган. Ҳафтада бир ёки икки марта болалар билан бориб хабар оламиз улардан. Шаҳардаги чернобилчиларнинг ҳаёти ҳар хил.Турмушлари ҳақида бир нарса дейиш қийин. Улар душанбега ҳам боришди, Россияга ҳам боришди мурожаат қилишди. Лекин бирорта духтур уларнинг оғирини енгил қиломаяпти, даволай олмаяпти. Аниқ диагноз қўйилмаган. Чунки бирининг оёғи, бошқасининг боши, яна бирининг ички органлари касал. Рости гап уларни чет элга ёки бошқа мамалакатга олиб бориб даволатиш учун Чернобил уюшмаси шаҳар бўлими ҳисобида маблағ йўқ,- дейди Шухрат Йўлчиев.

Тожикистон “Ногирон чернобилчилар иттифоқи” раиси Фаридун Хакимов сўзларига кўра,чернобилчилар Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчиларига тенглаштирилган бўлса-да, аслида уларнинг ҳақ ҳуқуқлари қоғозда ҳам чекланиб қўйилган.

- Жумладан, чернобилчилар ҳамон товон пулини ололмаяпти. Мамлакатда мавжуд Қонуннинг 9-моддасига биноан, чернобилчиларга бепул медицина хизмати кўрсатилиши лозим. 10-моддасида эса чернобилчилар фарзандлари ҳам медицина хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга дейилган. Афсуски бу гаплар бир пайтлари юксак минбарлардан айтилди ва эсдан чиқди. Чунки ўша ҳужжатнинг охирида шундай жумла бор, “чернобилчиларга кўрсатиладиган медицина хизматлари турлари, ҳукумат қарори асосида белгиланади”. Бироқ хукумат томонидан мана шундай қарорнинг ўзи ҳанузгача қабул қилинмаган,- дейди Фаридун Хакимов.

Расмий маълумотларга кўра Суғд вилоятида 400 га яқин чернобилчилар қолган.Уларнинг ҳаммаси турли касалликлар билан оғрийди. Улардан 200 нафари ногирон. Чернобилчиларнинг 200 дан ортиқ фарзандлари ҳам турли касалликларга чалинган.
XS
SM
MD
LG