Линклар

Ўш бўйича Халқаро комиссия ҳисоботидан парчалар эълон қилинди


Ўтунбаева етакчилигидаги муваққат ҳукумат зўравонликларнинг олдини олиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозим эди, дея хулоса қилди халқаро комиссия.

Ўтунбаева етакчилигидаги муваққат ҳукумат зўравонликларнинг олдини олиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозим эди, дея хулоса қилди халқаро комиссия.

Қирғизистондаги 24.kg ахборот агентлиги 25 апрел куни 2010 йилнинг июнида Қирғизистоннинг жанубида амалга оширилган зўравонликлар сабабларини ўрганиш учун тузилган Мустақил Халқаро тадқиқот комиссиясининг ҳали расман эълон қилинмаган ҳисоботидан парчалар эълон қилди.


Эълон қилган узиндилар халқаро мутахассислар амалга оширган тадқиқот умумий ҳажмининг қанча қисми эканлиги маълум эмас.

Бироқ улардан комиссиянинг Қирғизистон ҳукумати ҳамда баъзи амалдорларининг фожиа кунларидаги фаолиятига берган баҳолари билан танишиш мумкинки, баъзиларини келтирмоқчимиз.


Халқаро комиссия Муваққат ҳукумат тўғрисида

Комиссия фикрича, “Қирғиз Республикасининг муваққат ҳукумати мамлакат жанубида миллатлараро муносабатлар ёмонлашиб кетганини ё тан олмади, ёки етарли баҳо бера олмади...Ўтунбаева етакчилигидаги муваққат ҳукумат зўравонликларнинг олдини олиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозим эди.”

Генерал Исақов тўғрисида

Генрал Исақовнинг ноқобиллиги аҳоли ҳаётини хавф остига қўйди, дейилади ҳисоботда.
“Муваққат ҳукуматнинг Қирғизистон жанубидаги махсус вакили генерал Исақов Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида амалиётлар штаби ҳамда хавфсизлик кучлари устидан қўмондонликни ўз зиммасига олди. Унинг 11 июн ва ундан кейинги кунларда хавфсизлик кучлари иштирокининг ҳаётга хавф солмайдиган қуроллардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган қоидаларини белгилашга ва аниқ буйруқлар беришга ноқобиллиги йўл қўйилган жиддий камчиликдир.”

Бақит Алимбеков тўғрисида

“Ўш шаҳри коменданти Бақит Алимбеков ҳуқуқ-тартибот органларини назорат қилиш ваколатидан ғайриқонуний равишда воз кечиб, ўз ваколатларини генерал Исақовга бериб қўйди ва тартибни қайта тиклаш вақтида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни таъминлаш юзасидан мажбуриятларини бажармади.”

Қубатбек Байболов тўғрисида

“Жалолобод вилояти коменданти Қубатбек Байболов Жалолободда зўравонликни тўхтатиш учун ўз ваколатлари доирасида барча чораларни кўра олмади. Бош прокурор сифатида воқеа кунлари ва ундан кейин амалга оширилган жиноятлар бўйича тергов ва қидирув ишлари Қирғизистоннинг миллий ва халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига биноан ўтказилишини таъминлай олмади.”

Мелис Мирзақматов тўғрисида

Ҳисоботда Мелис Мирзақматовнинг "миллатчилиги" ҳам муаммоларга сабаб бўлгани ҳам айтилади.
“Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматовнинг миллатчилик руҳидаги чиқишлари миллатлараро тарангликнинг юмшашига хизмат қилмади.”

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Муваққат ҳукумати ва баъзи амалдорларининг июн фожеаси кунларидаги фаолияти тўғрисида юқорида келтирилган баҳолар Халқаро комиссия ҳисоботининг 24.kg агентлиги эълон қилган парчаларидан олинди.

Комиссия ўз ҳисоботини ҳали расман эълон қилгани йўқ.

Таркибига 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ Парламентлараро ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.

Мустақил халқаро комиссиянинг Қирғизистон президентига тақдим этилган ҳисоботи мартда эълон қилиниши кутилган эди. Кейинги кунларда, ҳисоботнинг расман эълон қилинмаётгани уни рус тилига таржима қилиш зарурати билан изоҳланаётган эди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Қаназаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига 25 апрел куни билдиришича, Комиссия ҳисоботи у билан ҳукумат танишиб чиқиб, ўз жавобини ёзиб бўлганидан кейин эълон қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG