Линклар

logo-print

Ўзбек етакчилигидаги ўйинчоқ ўғрилари қўлга олинди


Ўйинчоқларни ўмариш билан шуғулланган жиноий гуруҳга Ўзбекистон фуқароси ўғрибошилик қилган.

Ўйинчоқларни ўмариш билан шуғулланган жиноий гуруҳга Ўзбекистон фуқароси ўғрибошилик қилган.

Москвада ўйинчоқларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ Ўзбекистон фуқароси ўғрибошилик қилган. Бундан ташқари бу жиноий тўдага бир қатор бошқа мамлакат фуқаролари ҳам кирган.


Москванинг Жанубий округида ўғирлик қилаётган жойида 6 кишидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда хабар қилган Москва Жиноят қидирув бўлими ходими Вадим Колесникка кўра, уюшган гуруҳ таркибига турли миллат вакиллари кирганлиги аниқланган:

- 8 август куни Москванинг 8чи Жиноят қидирув бўлими ходимлари, ОМОН жангчилари ёрдамида, омборхоналарни тунаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни қўлга олди. Шу куни кечаси травматик пистолет билан қуролланган 4 нафар номаълум шахс 6чи Радиалний кўчасидаги омборга бостириб кириб, қўриқчиларни боғлаган, шу ерда тунаб қолган ҳайдовчиларни эса бир хонага қамаган. Қаршилик кўрсатган ҳайдовчилардан бирини болта билан бошини уриб ёришган. Ҳозирда у реанимацияга ётқизилди,- деди Жиноят қидирув бўлими вакили Вадим Колесник.

Унинг сўзларига кўра, жиноятчилар омбордан фақат қимматбаҳо ўйинчоқларни танлаб “КАМАЗ” ва “МАН” русумли оғир юк машиналарига юклаган. Воқеа гувоҳи бўлган қўшни бино қоровулларидан бири тезда милицияга хабар қилган ва етиб келган оператив гуруҳ 3 нафар жиноятчини қўлга олган. Яна бир жиноятчи ўғирланган ўйинчоқлар ортилган машинада қочиб кетаётганда қўлга тушган.

Милиция расмийсининг сўзларига кўра, жиноий гуруҳга 43 ёшли Ўзбекистон фуқароси етакчилик қилган.

- Жиноий гуруҳ таркибига Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва ҳатто 1 нафар Вьетнам фуқаролари кирган. Уларни 43 ёшли Ўзбекистон фуқароси бошқарганлиги тахмин қилинмоқда. Қизиғи, улар бу босқинчиликни олдиндан қайси қўғирчоқларни юклашни билган ҳолда уюштирган.

Ўғрилар баҳоси 1 млн рублга тенг 200 дан ортиқ юмшоқ қўғирчоқ ва бир қанча радио орқали бошқариладиган ўйинчоқларни ўмарган, дея қўшимча қилди Москва Жиноят қидирув бўлими ходими.

Милиция вакилининг айтишича, ҳозирда қўлга олинганларнинг барчаси тергов изоляторида сақланмоқда. Қидирув бўлими мутахассислари ҳозирда қўғирчоқларни ўғирлашга буюртма берган шахсларни аниқлашга уринмоқдалар. Жиноий гуруҳга алоқадор яна 2 киши аниқланган ва мазкур воқеа юзасидан “босқинчилик” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG