Линклар

Истанбулда 2014 йилда отиб кетилган андижонлик 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидовнинг (Абдуллоҳ Бухорий) қотили сифатида айбланган туркиялик Элдор Аслон ва ўзбекистонлик Собир Шукуровларга умрбод қамоқ жазоси берилди. Ҳимоя томонининг "қотиллик буюртмачилари Тигран Капланов ва Василий Иванченколар" устидан жиноят иши очиш даъвоси қондирилмади.

Якуний қарор

Истанбулнинг Бақиркўй тумани жиноят ишлари суди қарийб 6 ой давом этган маҳкамани ​21 июнь куни якунлади.

2014 йилнинг 10 декабрида Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесида нисбатан радикал қарашлари билан кўзга ташланган 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидов отиб ўлдирилган эди.

Бу жиноятда айбланган икки судланувчи - асли чеченистонлик Туркия фуқароси Элдор Аслон ва Ўзбекистон фуқароси Собир Шукуровларга "оғирлаштирилган умрбод қамоқ" жазоси берилди. Элдор Аслон қотилликни ижро этувчи, Собир Шукуров эса ташкил қилувчи сифатида айбдор, деб топилди.

Туркия қонунчилигига биноан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси 30 йиллик муддатга тенг. 10 йилдан ошиқ қамоқ жазоси берилган ҳукмлар автоматик тарзда 7 кундан сўнг Олий суд томонидан кўриб чиқилади. Томонларга эса бу муддат ичида ҳукм устидан шикоят қилиш имкони берилади.

Норозилар шикояти

Маҳкамада марҳум Абдуллоҳ Бухорий ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Умар Юзгулга кўра, судланувчилар айбловни тан олмаган ва ҳукм устидан арз қилишини билдирган.

Умар Юзгулнинг ҳимояланувчилари эса икковлонга берилган жазодан рози экани, аммо бу жиноятни буюртма қотиллик, деб билиши ва унинг буюртмачиларини топиш ҳақидаги сўрови рад этилганидан норозилигини билдирди:

- Энди биз яна шикоят киритсак ёки полиция бирортасини ушлаб, кўрсатма олсагина бу ишга қайтилиши мумкин. Лекин, полиция иш бўйича терговни давом эттирадими-йўқми - буни ҳам билмайман. Яъни, уларнинг назарида бу иш битди. Менимча эса битмади. Бу иккиси ўзбошимча ҳолда келиб, имом Бухорийни отмади-ку?! Буларга: "Боргин, Бухорийни, Муҳаммад Солиҳни отгин!" деб буюртма берганлар бор ва улар ҳам жазоланиши керак аслида, - дейди Умар Юзгул.

Қондирилмаган даъво

Абдулло Бухорий иши бўйича маҳкаманинг 19 апрелдаги протоколидан нусха

Абдулло Бухорий иши бўйича маҳкаманинг 19 апрелдаги протоколидан нусха

Бақиркўй маҳкамасининг бундан аввалги икки мажлисида кўрсатма берган икки гувоҳ Собир Шукуров ҳамда Элдор Аслонларни Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор бўлган Тигран Капланов ёллаган деб даъво қилган.

Маҳкама протоколида Тигран Капланов алоқадорлиги иддао қилинган суиқасд режасида яна 3 ўзбек исми борлиги қайд этилган.

Булар Туркиядаги таниқли ўзбекистонлик мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Тимур Солиҳ, қирғизистонлик имом, ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Рашод қори Камоловлардир.

Каплановга оид иддао

Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор кўрилган Тигран Капланов номи бунга қадар Швециядаги маҳкамада тилга олинган.

Россия фуқароси кўрилган 37 яшар ўзбек Тигран Каплановнинг (шунингдек, бу шахс Умид Аминов номи билан танилган) Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровни отган Юрий Жуковскийни ҳам ёллагани даъво қилинган.

Шу йилнинг 4 мартида Швециянинг Остершунд шаҳар суди асли ўзбекистонлик экани айтилаётган Каплановни ҳибсга олишга ордер берган.

Адвокат Умар Юзгул Капланов устидан жиноят иши очилишини талаб қилиб, бир неча бор Истанбул маҳкамасига мурожаат қилганини айтмоқда:

- Мен ҳам Тигран Каплановнинг жазоланиши, унга нисбатан жиноят иши очилиши ва жиноятга алоқадорлиги текширилишини сўрадим. Лекин суд қабул қилмади, - дейди Юзгул.

Маҳкама муаммоси

Умар Юзгул шу кунга қадар Туркияда Чеченистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан борган бир неча қочқин ва сиёсий мухолифат вакиллари буюртма қотиллик қурбони бўлганини эслатди.

Юзгулга кўра, Туркия полицияси қотиллик ижрочилари ва айрим ҳолларда ташкилотчиларини ушламоқда, жазоламоқда. Аммо, бу жиноятларнинг мамлакат ташқарисидаги буюртмачилари билан қизиқмаётир.

Дарвоқе, Истанбулда 6 ой давом этган маҳкамада Абдулла Бухорийга нисбатан суиқасд буюртмачиси сифатида яна бир шахс - Россия махсус хизматларига алоқадор кўрилган ва Туркиядаги чеченларга нисбатан кетма-кет суиқасдлар буюртмачиси экани иддао қилинган Василий Иванченко номи тилга олинди.

Жумладан, 19 апрель кунги маҳкама протоколида қайд этилишича, ўлдирилиши режаланган 4 ўзбек сурати ва манзили битилган факс Иванченко номидан жўнатилган. Гувоҳлардан бири бу факсни унга айнан Собир Шукуров берганини иддао қилди, аммо Шукуров буни рад этди.

Маҳкама Иванчеко шахсининг жиноятга алоқадорлигини текшириш сўровини ҳам рад этди.

Имом Абдуллоҳ Бухорий

Абдуллоҳ Бухорий 2011 йилнинг март ойида Сурияда Башар Асад режимига қарши исёнлар бошланиши билан режимни қаттиқ қоралаши, унга қарши жиҳод барча мусулмонларга фарз бўлди, деб фатво бериши ортидан жамоатчилик диққатини тортган эди.

У Сурияда жиҳод қилиш ўзбек мусулмонлари учун фарз, деб маъруза қилган биринчи ўзбек имоми бўлган. ​

Интернетдаги маърузалари асосида имомга радикал исломий ғоялар тарғиботи билан шуғулланган диндор, деб баҳо берилган.

Маълумотларга кўра, марҳум 2005 йилда Туркияга ҳижрат қилган ва имомлик қилишни бошлаган. Сўнгра унинг Зайтунбурнида саккизта мадраса очгани ва Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқаролари ҳамда уларнинг фарзандларига дарс бергани айтилган. Имомнинг ўз жамоасидаги диндорларни Сурияга йўллаганига оид айбловлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG