Линклар

logo-print

Афғонистонда Ашура байрами давомида шиаларга қарши уюштирилган икки ҳужум ўнлаб одам умрига зомин бўлди.

12 октябрь куни Балх вилоятида масжид олдида бомба портлаши ортидан 14 одам ҳалок бўлди, камида 30 одам жароҳат олди.

Бундан бир кун аввал Қобулда амалга оширилган ҳужумда 19 одам ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” жангари гуруҳи ўз бўйнига олди.

Ҳужумлар шиаларнинг муқаддас байрамларидан бири бўлмиш Ашура байрами давомида амалга оширилди.

Афғонистон расмийлари Балхдаги ҳужум масжиддан қайтган шиаларни мўлжалга олганини айтишмоқда.

Бомба Балх вилоятининг Хўжа Ғолак ҳудудида ўрнатилган ва олисдан портлатилган.

Маҳаллий расмийлар жароҳат олганларнинг аксари болалар эканлигини билдиришди. Айримларнинг аҳволи жуда оғир.

12 октябр кунги ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Ашуро куни шиаларнинг асосий байрамларидан бўлиб, у жорий йилда 11 ва 12 октябрь кунлари нишонланади. Шу куни имом Ҳусайн ва унинг 72 саҳобаси, оила аъзолари Карбалода ўлдирилган эди. Ашуро кунида шиалар 680 йили Карбалода ўлдирилган имом Ҳусайнни хотирлашади.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 11 октябрь куни ҳужум қурбонлари оила аъзоларига таъзия билдирди. У ҳужумни “инсониятга қарши қилинган аниқ жиноят”, деб атади.

Афғонистонда июль ойида ҳам шиаларга қарши террор ҳаракати амалга оширилган эди. 84 одам ҳалок бўлган мазкур ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

2011 йилда Кобулдаги шиа масжидига қилинган худкуш ҳужумда 54 одам ҳалок бўлганди. Ўша куни Мозори Шарифдаги шиа масжидига ҳам ҳужум қилинган ва 4 одам ўлдирилган.

Кобул полицияси ҳужумлар такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирган ҳолда шиа жамоасини йирик йиғилишларни ўткизмасликка чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG