Линклар

logo-print

Чинозлик Аҳмадбойнинг схемаси молиявий пирамидами?


"Аҳмадбой" схемаси молиявий пирамидага ўхшашига қарамасдан, унга минглаб доллар сармоя қилаётганлар сони 40 мингга етган бўлиши мумкин.

"Аҳмадбой" схемаси молиявий пирамидага ўхшашига қарамасдан, унга минглаб доллар сармоя қилаётганлар сони 40 мингга етган бўлиши мумкин.

Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан одамлардан омонат олмоқда. Автомобил савдосига ихтисослашганига қарамасдан банк хизматларини кўрсатаётган фирма “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга қарашлидир. “Аҳмадбой” тадбирига сармоя қилган омонатчиларнинг айтишича, бу схема “молиявий пирамидага” ўхшаса-да, пулини икки баробарга кўпайтириш тамасида бўлганлар сони кўпаётгани айтилмоқда. Озодликка маълум бўлишича, бундай омонатчиларнинг сони ҳозирда 40 мингга етган бўлиши мумкин.

Машинафуруш фирмами ё банкми?

Асли чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев бундан 2-3 йил аввал танила бошлади, дейди уни таниганлар. Озодлик гаплашган чинозликлар халқ орасида “Аҳмадбой”, дея танилган 38 ёшли тадбиркор автомобиллар савдоси билан шуғулланишдан аввал қассоблик қилар эди, дея билдиришди.

“Икки йилча аввал машина сотиш билан шуғуллана бошлади. Кейин одамлардан 200 фоизгача йиллик фойда ваъдаси билан пул ола бошлади. Фоизга ҳам қарз беради”, дейди чинозликлардан бири.

Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимиятининг тадбиркорларга лицензия бериш учун мутасаддиси Фарҳод Мустафоевнинг Озодликка айтишича, Аҳмад Турсунбоевга қарашли фирма жорий йил бошроғида рўйхатга олинган.

“Аҳмад Турсунбоев тадбиркор сифатида шу йили рўйхатдан ўтди. Низоми бўйича автомобил савдоси билан шуғулланади. Лекин аслида нима билан шуғулланаётганини биз текшириш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Буни текширадиган ташкилотлар бор, масалан солиқ қўмитаси қизиқиши керак. Мен ҳам одамлардан фоизга пул олаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитганман. Кўчада шунақа гаплар бор. Лекин уни текшириш бизнинг ваколатда эмас”, деди Чиноз тумани ҳокимияти мулозими.

"Менга 150 фоиз ваъда қилишди"

“Аҳмадбой” ўзининг “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмаси орқали таклиф этаётган банк хизматлари шу кунларда ўзбекистонликлар муҳокама қилаётган долзарб мавзулардан бирига айланган. Чунки бу фирма орқали ётқизилган ҳар қандай сармоя бир йил ичида камида икки баробарга ошиши иддао қилинмоқда.

Тадбиркорга нисбат берилган “Ахмадбой Чиназский” Facebook саҳифасида ҳам шу мазмундаги эълонларни кўриш мумкин. Озодлик мазкур Facebook саҳифаси орқали ўзини Аҳмад Турсунбоев, дея таништирган шахс билан ёзма мулоқотда бўлди. Тадбиркор дастлаб мухбирингизни потенциал мижоз, дея тахмин қилиб, ўз ходимларидан бирининг телефонини тақдим этди.

Телефонга жавоб берган ва ўзини Дилмурод, деб тариштиган шахснинг айтишича, бугунги кунда “Чиноз Авто Ҳамкор” фирмасига сармоя қилган мижозлар сони 40 мингга етган.

- 100 минг-200 минг (доллар) берганлар ҳам бор, ака. Мисол учун 10 минг қўйсангиз, бирга-бир (икки баробар, демоқчи-таҳр.) қилиб берамиз. Бир йил ичида 20 минг қилиб берамиз. 20 мингни 12 ойга бўлиб, ҳар ойда берамиз. Қўлингизга жетон берамиз кассадан. Паспортингиздан маълумотларни ёзиб олиб, қўлингизга жетон берамиз. Ҳар ойга бир число белгиланади, зазор (кечикиш-таҳр.) 15 кун бўлади. Ҳар ой келиб, пулингизни олиб кетасиз. Бир йил деганда пулингиз икки баробар қилиб қайтиб берилади,- дея ишонтирди “Чиноз Авто Ҳамкор” вакили.

Бунда Дилмуроднинг айтишича, у фақатгина пул олиб келган мижозлар билан ишлайди. Лекин “Чиноз Авто Ҳамкор” нафақат пул, машина ва ёки бошқа мулкни ҳам пулга чақиб қабул қилиши мумкин.

- Машина бўйича мен шуғулланмайман. Машина бўйича бошқа болалар бор. Машина ҳам бирга-бир. Нархини чиқарамиз, бозор нархига қараб, нархини чиқарамиз. Ўшанга қараб пулга чақилади. Фақат машина зазори 20 кун,- дейди “Чиноз Авто Ҳамкор” вакили.

Пирамида доимий тарзда пул маблағларини жалб этишга асосланади. Бунда пирамиданинг илк иштирокчиларига фойда кейинги сармоячилар ҳисобидан қопланади.

Пирамида доимий тарзда пул маблағларини жалб этишга асосланади. Бунда пирамиданинг илк иштирокчиларига фойда кейинги сармоячилар ҳисобидан қопланади.

Молиявий пирамидани эслатувчи бу схемага сармоя қилган мижозлардан бири билан Озодлик гаплашишга муваффақ бўлди. Шахсини сир сақлаётганимиз суҳбатдошимиз, “Аҳмадбой” схемаси шубҳали эканини тан олди. Лекин ҳозирча даромад келтириб тургани учун ҳар ойда пулини олаётганини иддао қилди.

“Мен пул тикканимга икки ойдан ошди. Ҳар ойда бориб пулимни оляпман. Лекин, ростини айтсам, ҳеч кимга бориб пул қўйишни маслаҳат бермаган бўлардим. Чунки куйиб қолса, жавобгар бўлиб қолишни истамайман. Ҳозирча бу схема ишлаяпти. Ўзи менга Аҳмадбой билан икки йилдан бери ишлайдиган одамлар маслаҳат беришган эди. Лекин бу молиявий пирамиданинг бир кўриниши эканини тушуниб турибман. Мен таваккал қилдим. Пирамида фош бўлмагунча пул ишлаб олиш мақсадида. Битта машинам бор эди, шуни олиб бориб топширдим. Лекин менга 100 фоиз эмас, 150 фоиз таклиф қилишган. Икки марта ойликни олдим”, дейди “Аҳмадбой” тадбирига сармоя ётқизганини иддао қилган суҳбатдош.

"Бу пирамиданинг классик кўриниши"

“Чиноз Авто Ҳамкор” фаолиятини бир неча ойдан бери кузатаётганини иддао қилган тошкентлик тадбиркорнинг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, бу ерда гап молиявий пирамида ҳақида кетяпти.

“Мен 8 ойдан бери кузатяпман “Аҳмадбой” пирамидасини. Одамлар минглаб долларларни олиб келиб беришяпти. Унинг идораси Чинознинг Олмазор қўрғонида жойлашган. Ўзим ҳам бориб кўрдим. Ҳеч кимга ҳеч қандай қоғоз бермайди. Паспортингизни кўради, қандайдир жетон беради. Шу билани иш битти. Россияда "МММ" ҳам шунақа бўлган. Тожикистон ва Доғистонда ҳам яқиндан шунга ўхшаш пирамадилар ташкил қилинган эди. Бошида одамларни қизиқтириш учун мижозларга ваъда қилинган катта фойда беради. Лекин кейин катта миқдорда пул тўпланганидан кейин, ғойиб бўлади”, дейди тошкентлик тадбиркор.

"Ахмадбой Чиназский" Facebook саҳифасида Аҳмад Турсунбоевга берилган фахрий ёрлиқлар расмлари бор

"Ахмадбой Чиназский" Facebook саҳифасида Аҳмад Турсунбоевга берилган фахрий ёрлиқлар расмлари бор

Озодлик “Ахмадбой Чиназский” номли Facebook фойдаланувчиси билан кун давомида ёзишди. Микрофон орқали интервью беришни рад қилган суҳбатдош Аҳмадбой Турсунбоевга нисбатан илгари сурилаётган молиявий пирамида ясаганлик айбловларини мутлақо рад қилди.

Facebook тармоғининг ўзбек тилидаги сегментига доир турли гуруҳлардаги муҳокамалар иштирокчиларининг аксари ҳам Чинозда Аҳмадбой таклиф этаётган мўмай даромад молиявий пирамиданинг классик кўриниши, деган фикрларни билдиришмоқда.

Лекин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмад Турсунбоевга қарашли "Чиноз Авто Ҳамкор" фирмаси фаолиятига шунча йилдан бери қизиқиш билдирмаётгани боис, гап қонунбузарлик ҳақида кетаётганини айтиб бўлмаслигини қайд этиш жоиз. “Ахмадбой Чиназский” номи остидаги Facebook фойдаланувчиси шу пайтгача ҳеч кимни алдамаганини иддао қилди.

Ҳайвонот боғига гўшт сотган меценат

Озодликка маълум бўлишича, тадбиркор Аҳмад Турсунбоев асли Чиноз туманининг Олмазор қўрғонида 1978 йилда туғилган. Бундан аввал қассоблик қилган, Тошкент Ҳайвонот боғига гўшт етказиб бериш билан ҳам шуғулланган. Facebook-даги “Ахмадбой Чиназский” саҳифасида Аҳмад Турсунбоев номига кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистон ногиронлар жамияти ҳамда Чиноз тумани маданият ва спорт ишлари бўлими рарафидан тақдим этилган фахрий ёрлиқлар расми эълон қилинган.

"Аҳмадбой" тўғрисида Интернтдаги Циклопедия ресурсида берилган маълумотда 38 ёшли тадбиркор "ўзбекистонлик меценат", дея таърифланган. Бу маълумотда ҳам Аҳмад Турсунбоев тадбиркорлик фаолиятида 2010 йилдан бирданига жиддий ўсиш кузатила бошлаган.

1990 йиллар бошларида катта шов-шувга сабаб бўлган МММ молиявий пирамидасини Сергей Мавроди ташкил қилган эди

1990 йиллар бошларида катта шов-шувга сабаб бўлган МММ молиявий пирамидасини Сергей Мавроди ташкил қилган эди

Молиявий пирамида одамлар ишончини қозониш орқали амалга ошириладиган фирибгарлик ҳисобланади. Пирамида доимий тарзда пул маблағларини жалб этишга асосланади. Бунда пирамиданинг илк иштирокчиларига фойда кейинги сармоячилар ҳисобидан қопланади.

Собиқ иттифоқда катта шов-шувга сабаб бўлган молиявий пирамидани 1990 йиллар бошларида Россияда тадбиркор Сергей Мавроди ташкил қилган. Икки-уч йил давомида мижозларига дивидендларни тўлаб келган "МММ" ширкати асосчиси бирданига ғойиб бўлиши ортидан 15 миллионгача омонатчи зарар кўрган.

АҚШ, Европанинг аксар давлатлари ва бошқа кўплаб мамлакатларда молиявий пирамидаларни ташкил этиш қонун билан тақиқланган. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой каби мамлакатларда молиявий пирамида ташкилотчиси ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигида тўғридан-тўғри молиявий пирамидаларни тақиқловчи меъёрлар йўқ. Лекин бундай ҳолат жиноят кодексининг фирибгарлик тўғрисидаги моддалари бўйича малакаланиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG