Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:00

Андижонлик тадбиркор Ҳулкар Исақовнинг ҳибсга олингани иддао қилинмоқда


Озодлик манбаларига кўра, Ҳулкар Исоқов Андижонда танилган тадбиркорлардан биридир.
Озодлик манбаларига кўра, Ҳулкар Исоқов Андижонда танилган тадбиркорлардан биридир.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ Андижон вилоят ва шаҳрининг собиқ ҳокимлари билан яқиндан ишлаб келган маҳаллий тадбиркор Ҳулкар Исақов фаолияти ҳуқуқ тизимлари томонидан текширилмоқда. Исақов ширкати вакили унинг “дам олиш”га кетганини билдирган бўлса¸ норасмий манбалар Исақовнинг МХХ изоляторида сўроқ этилаëтганини иддао қилмоқда.

Ҳулкар Исақов¸(эркак киши – таҳр.) андижонликлар орасида шаҳардаги энг йирик “Пиëзпоя” чойхонаси¸ қолаверса¸ қатор меҳмонхона¸ сауна ва бошқа кўнгиочар жойларининг эгаси сифатида танилган.

“Унинг Пиëзпоядаги чойхонасининг камида 50 та алоҳида хонаси бор эди. Ўзбекистонда бунақа чойхона бошқа жойда йўқ. Бу чойхонада маросим ўтказиш учун одамлар Тошкентдан махсус келишарди”¸ деб таърифлайди тадбиркорлигини чойхоначиликдан бошлаган Ҳулкар Исақов бизнесини оддий андижонликлардан бири.

Икки йил бурун унинг чойхона ва офисларига қора маскалилар рейд уюштирганидан сўнг¸ Ҳулкар Исақов текшир-текширлардан омон чиққан ва ўтган йили чойхона ва сауналарини таъмирлаб¸ “Садоқат кошонаси” деган ном билан хусусий касалхонага айлантирган.

Мазкур касалхона вакилининг Озодликка билдиришича¸ Ҳулкар Исақов анчадан бери ходимлари кўзига кўринмай қолган ва уларга “бошлиқнинг дам олишга кетгани” айтилган¸ холос.

- Бизга шунақа дейишди. Бошлиқни ҳадеб суриштиролмаймиз. Лекин ҳамма ëқ тинч¸ ўғли Ҳумоюн ҳам ишлаб юрибди. Ҳулкар ака чет элда дам олаëтган бўлса керак¸ деди “Садоқат кошонаси”нинг ўзини таништирмаган вакили.

Айни пайтда¸ Озодликка ўз манбаларидан келаëтган хабарларга кўра¸ Ҳулкар Исақовнинг кўчасида “ҳамма ëқ тинч” деган гапда кўп ҳам асос йўқ.

Озодликнинг Андижондаги айрим манбалари¸ Ҳулкар Исақовнинг чет элда дам олаëтгани ҳақидаги хабарни ëлғон деб баҳолади ва тадбиркорнинг бир ҳафтадан бери тергов изоляторида сўроқ-жавоб қилинаëтганини иддао қилди.

“Андижонда танилган тадбиркор Ҳулкарни барча оила-аъзолари¸ таниш-билишларигача опкетаяпти. Сабаби ўғли билан боғлиқ”¸ дейилади жумладан Озодликка йўлланган қисқа хабарда.

Озодликнинг Андижон ҳуқуқ тизимларига яқин бошқа бир манбаси¸ Ҳулкар Исақовнинг Ўзбекистондан чиқиб кетгани ҳақидаги хабарни инкор қилди:

"Исақов Ҳулкарнинг ўғли Ҳумоюн безориликда айбланиб суд қилинаëтган пайтида Ҳулкар ва унинг яқинлари суд залида ҳукмдан норози бўлиб судни ва прокурорни қаттиқ ҳақорат қилгани сабабли
16-июнь куни Андижон шаҳар ИИБ ертўла изоляторига қамаб қўйилган. Исаков Ҳулкарга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган"¸ деб маълумот юборди Озодликнинг Андижондаги манбаси.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг "Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар" бобига киритилган 242-моддаси "Жиноий уюшма ташкил этиш¸ яъни жиноий уюшма ëхуд унинг бўлинмаларини тузиш ëки унга раҳбарлик қилиш¸ шунингдек¸ уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият" учун жавобгарликни кўзда тутади ва бу жиноятда айбланганлар 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Озодлик ҳозирча Ҳулкар Исақовнинг Жиноят Кодексининг айнан шу моддаси бўйича жиноят содир этганликда гумонланиб¸ тергов қилинаëтганини бошқа манбалардан тасдиқлай олмади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Андижон вилоят ҳокимлигига яқин манба¸ ўғлининг иши баҳонасида қўлга олинган Ҳулкар Исақовнинг аслида Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмаджон Усмонов устидан бораëтган тергов доирасида яна МХХ нишонига айланганини иддао қилди:

- 2014 йилги рейдлар¸ ака-ука Шарифхўжаевлар билан боғлиқ эди. Ўшанда Ҳулкарни анчага тушириб¸ яна қўйиб юборишган эди. Чунки унинг кучли кришалари бор. Қаердаки пул бўлса¸ Ҳулкар ўша жойда. Тошкентда Салимбойдан тортиб¸ Андижонда вилоят ва шаҳар ҳокимлари билан иш қиларди. Ер савдоси¸ намунали уй қуриш борми¸ пахта ва ун савдоси борми¸ мева-сабзавот экспорти борми¸ Ҳулкар ҳаммасига аралашган. Бу олди-бердилар¸ бу “тадбиркорлик” давомида давлатнинг қанчадан-қанча пуллари ғойиб бўлган. Ҳулкарни ИИБ эмас¸ яна МХХ сўроқ қилаяпти. Бу галги тергов Андижон ва Тошкент вилоятларининг Гитлер лақаби билан танилган собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов устидан очилган жиноий иш билан боғлиқ. Ўғлининг ҳам шу иш доирасида сўроқ қилинаëтганида асос бор¸ чунки Ҳулкарнинг анча-мунча ширкати ўғлининг¸ акасининг¸ бошқа оила-аъзоларининг отига очилган. Масалан¸ “Монолит” қурилиш МЧЖси ўғли Ҳумоюннинг номида¸ дея иддао қилади Озодлик манбаси.

Озодлик ҳозирча Андижоннинг катта бойларидан саналган Ҳулкар Исақовнинг ҳибсга олиниб¸ МХХ томонидан сўроқ қилинаëтгани ва унга Жиноят Кодексининг 242-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида ўз манбаларидан олинган маълумотларни расмий идоралар томонидан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонда ҳокимият юқори поғоналаридаги расмийлар ҳимояси остида бизнес тармоғи йўлга қўйиб¸ сўнгра катта тергов ва жиноят иш нишонига айланган тадбиркорлар анчагина.

Озодлик манбалари¸ ана шундай "қурбон қилиниш" навбати Ҳулкар Исақовга келганини тахмин қилмоқда.

(Бу жараëндан яхши хабардор бўлсангиз¸ тафсилотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.)

XS
SM
MD
LG