Линклар

logo-print

Янгийўлда Муродбойга чув тушганлар ИИБга арз қилди


Сергели туманида милиция босган машина бозори

Сергели туманида милиция босган машина бозори

Тошкент вилояти Янгийўл туманида маҳаллий тадбиркор Муродбойга берган пулини қайтариб ололмаганидан арз қилган ўнлаб одам 3 кундан буён ИИБ биноси олдида йиғилмоқда. Иддао қилинишича, ҳозир товламачиликда айбланаётган чинозлик Аҳмадбой Турсунбоевнинг муқаддам шериги бўлган Муродбой Янгийўлда ўз молиявий пирамидасини қурган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозир унинг қаерда экани номаълумлигини тасдиқлади.

Сўнгги кунларда Озодликка Янгийўлдан боғланаётган арзчилар шикоятида Муродбойнинг маҳаллий аҳоли автомобилларини 150-180 фоизлик фойда билан қайтариш эвазига олгани иддао қилинмоқда.

Муродбойдан куйганини даъво қилган 50дан 100 нафарга қадар шикоятчи жума-шанба-якшанба кунлари туман ИИБ биноси олдида йиғилган, душанба кунга келиб арзчилар сони бир неча ўн нафарга тушган.

Янгийўл туманидаги маҳаллий ҳокимият тузилмаларидан бирида ишлайдиган расмий Муродбойга қарши шундай иддаолар борлигини тасдиқлади. Расмийга кўра, арзчилар туман ИИБга мурожаат қилмоқда, Муродбойнинг ўзи эса ғойиб бўлган.

Озодликка маълум бўлишича, Янгийўл туманида 1984 йилда туғилган Муродбой (бу шахснинг фамилияси ҳозирча маълум эмас - таҳр.) сўнгги бир йил ичида автомобил бизнеси билан шуғулланган. Бундан аввал унинг Аҳмадбой Турсунбоев шерикларидан бири бўлгани иддао қилинмоқда.

Туман ИИБсига яқин яна бир манба ҳам Муродбой бир йил муқаддам худди Аҳмадбойники каби молиявий пирамида қуришни бошлаган эди, деб иддао қилди:

- Аҳмадбой билан Мурод камида бир йил, бўлмаса ундан ҳам олдин ажралишган. Муроднинг кассаси алоҳида эди ва у, асосан, автомобил билан бизнес қилаётган эди. Туманда катта автомобил базасини очган. Одамлардан машиналарини қабул қилиб олиб, шанба-якшанба кунлари Тошкентдаги "Сергели" автомобил бозорига чиқарарди. У Аҳмадбойдан сал кўпроқ фойда таклиф қилишни бошлади. Менимча, шу масалада Аҳмадбой билан ўрталарида гап ҳам қочган, - деб иддао қилди Янгийўл туман ИИБсига яқин манба.

Муродбойга 4 та автомобилини берганини даъво қилган янгийўллик арзчилардан бири эса 20 минг долларга сотилган автомобилларидан 50 минг АҚШ доллари миқдорида фойда ваъда қилинганини айтмоқда. Арзчи Муродбойга тегишли кўрилган "Эркин авто дилер" номли бир ширкатда автомобилларини қолдирганини даъво қилмоқда:

"Тумандан бетонка йўлга чиқаверишда эди, ўзи битта база бу жой. Мен пайшанба куни базага борсам, 200-300тача одам йиғилган экан. Бировлар ҳали сотилмаган машинасининг олдида туриб олган, баъзилари миниб олган. Ўша куни чиқаришмади машиналарни. Жума куни эрталабдан борсам, машиналар камайиб кетган. "Сотилмаган машиналарни эгалари олиб кетиб қолди, ичкарида талон-тарож бўлди", дейишди. Лекин, мен ичкарига киролмадим", деди исмини сир сақлаган арзчи.

Ўша куни автомобил базасидаги тумонатга гувоҳ бўлганини айтган туман ИИБга яқин манба эса машиналар талон-тарожига йўл қўйилмаганини айтмоқда:

- Мен пайшанба куни ифторга яқин ўша ердан ўтдим - 200тача одам йиғилиб турган эди. Шу машиналарини олишмоқчи бўлаётган экан, лекин олдиришмади, менимча. Жума-шанба кунлари туман ИИБга мен ҳам бордим. 100-200та шикоятчи турган эди. ИИБдаги танишларимдан сўрасам: "Ҳеч нарса аниқ эмас, биз ҳам пулимизга куйиб турибмиз!" дейишди, - деди исмини сир сақлаган янгийўллик.

Муқаддам туман ИИБга тегишли структураларда ишлаганини айтган бу манбанинг ўзи ҳам чинозлик Аҳмадбойга 1 та машина ва уйини сотиб, пулини бергани, фақат 2800 доллар фойда олганини қўшимча қилди. ​

Озодлик арзчилар ёрдамида Муродбойга тегишли автомобил базаларидан бирида ишлаган Асқар исмли ишчи билан боғланди. Ишчи Муродбой 16 июндан буён бедараклигини тасдиқлади. Унга кўра, бошлиғининг "Янгийўл Ёнғин хавфсизлиги хизматида ишлайдиган дўстларидан бирининг уйида сақланган катта миқдордаги нақд пули ўтган ҳафта мусодара қилинган". Аммо, Озодлик бу маълумотни ҳозирча бошқа манбалар орқали тасдиқлай олмади.

Шу тариқа, Аҳмадбой Турсунбоев бизнесини Янгийўл туманида бошлагани иддао қилинган 32 яшар Муродбойнинг тақдири номаълум қолмоқда. Туман куч ишлатар тузилмалари ҳам бу шахснинг қаерда экани номаълум қолаётганини тасдиқлади. Аммо унинг қидирувга берилгани ёки бирор жиноятда гумон қилинаётганига оид саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Маълумки, Муродбойнинг устози экани иддао қилинган ва молиявий пирамида қурганликда айбланган Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари - 38 яшар Аҳмад Ҳамидович Турсунбоев устидан эса Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган. Бу айбловлар Ўзбекистон расмий телевидениеси орқали эълон қилинди.

Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ҳозирТошкент вилояти Чиноз тумани ИИБ Аҳмадбойдан норози бўлганлар, Янгийўл тумани ИИБ эса Муродбойдан норозилар арзи билан шуғулланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG