Линклар

Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида отишма бўлди, қурбонлар бор


Ижтимоий тармоқда тарқалган Актобедаги отишма га оид видеодан сурат

Ижтимоий тармоқда тарқалган Актобедаги отишма га оид видеодан сурат

Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида 2та қурол-яроқ дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум қилган жиноятчилар билан полиция ўртасида отишма содир бўлди. Расмий хабарга кўра, 6 одам ўлган, 11 киши жароҳатланган. Қозоғистон ИИВ жиноятни "ноанъанавий радикал диний ҳаракатлар"га эргашган шахслар содир этганини тахмин қилмоқда. ​

Қозоғистон ғарбидаги Актобе шаҳрининг бир неча қисмида 5 июнь куни кундузги соат 2 дан кейин отишма содир бўлди.

Қозоғистон ИИВ вакили берган маълумотга кўра, аввалига шаҳардаги "Паллада" қурол-яроқ магазинига ҳужум бўлгани ҳақида хабар келган:

"Кейинчалик шаҳардаги яна бир қурол сотувчи магазин ва Миллий гвардия ҳарбий қисмига ҳужум бўлгани маълум бўлди. Ҳужум пайтида "Паллада" магазини сотувчиси ўлдирилди, бир одам жароҳатланди. Ҳарбий қисмга ҳужум пайтида бир офицер ва шартнома асосида ишловчи яна бир ҳарбий қурбон бўлди. 9 ҳарбий эса жароҳатланди", дея маълумот берди ИИВнинг матбуот департаменти вакили Алмас Садубаев.

ИИВ берган маълумотга кўра, амалиётлар давомида ҳужумчилардан 3 нафари ўлдирилган, бири жароҳатланган, бири қўлга олинган. Яна бир неча жиноятчининг эса қочишга улгургани ва қидирилаётган маълум қилинди.

Актобе шаҳрида антитеррор амалиёти режими эълон қилинди. Шаҳар аҳолисига ўз уйларини тарк этмаслик, кўчага чиқмаслик тавсия қилинмоқда.

Ҳодиса гувоҳлари ижтимоий тармоқларда тарқатаётган видеоларда кетма-кет ўқ овозлари ҳамда шаҳарга ёйилган полиция ходимлари, ИИВ махсус кучлари аскарлари акс этган.​

ИИВ вакили Алмас Садубаевнинг Reuters агентлигига айтишича, полиция жиноятни "ноанъанавий радикал диний ҳаракатлар"га эргашган шахслар содир этганини тахмин қилмоқда.

Актобеда бундан 5 йил муқаддам Қозоғистон тарихидаги илк теракт содир бўлган эди. 2011 йилнинг 17 майида актобелик 25 яшар Рахимжан Махатов вилоят МХХ биноси олдида ўзини портлатиб юборган. Ўшанда худкушнинг ўзи ўлган, 3 одам эса жароҳатланган эди.

Шундан сўнг Актобе, Атирау, Астана, Олмаота, Тараз шаҳарларида ҳам "террор ҳужуми" сифатида баҳоланган актлар содир бўлган. 2012 йилда Қозоғистонда эҳтимолий террорчиларни қўлга олиш ва зарарсизлантиришга қаратилган қатор антитеррор амалиётлари ўтказилган. Бу амалиётларда террорчи сифатида гумон қилинган бир неча шахс ўлдирилган.

​Озодлик Актобедаги воқеалар ривожини кузатмоқда, янгиликлар учун сайтимизда қолинг!

XS
SM
MD
LG