Линклар

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Олмаотада террор хавфининг “қизил”, яъни энг юқори даражаси жорий этилганини эълон қилди. Вазирлик хабарномасида олмаоталиклардан уйдан кўчага чиқмаслик, одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик ҳамда шубҳали шахслар ҳақида полицияга хабар бериш сўралган.

Хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 11:00 атрофида номаълум шахс Алмали туман ички ишлар бошқармаси олдидаги соқчини ўққа тутган. Сўнгра соқчининг қўлидаги автоматни олиб, яширинган.

Ҳужумчи унинг ортидан тушган “Бўрон” экипажига автоматдан ўқ узган, натижада икки полиция ходими яраланган. Кейинроқ гумонланувчининг ўзи ҳам яраланган ҳамда шаҳар марказида қўлга олинган. Уни қўлга олиш жараёнида икки полиция ходими жароҳат олган.

Полиция тарқатган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс Қизилўрда вилоятининг 27 ёшли турғуни бўлиб чиққан. Бу шахс яқин кунларда содир бўлган қотилликда гумонланиб, полиция қидирувида бўлган.

Гумонланувчи қўлга олинишидан аввал автомобиль ўғирлашга уринган. Натижада автомобиль эгаси ҳалок бўлган.

Яраланган полиция ходимларидан уч нафари шифохонага етиб бормай ҳалок бўлган.

Ҳозирда Алмали туман ички ишлар бошқармаси атрофини полиция қуршаб олган.

Аввалроқ Қозоғистон маҳаллий нашрлари эрталаб Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота департаменти биноси яқинида ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилган эдилар. Бундан ташқари, давлат тушуми қўмитаси биноси олдида ҳам ўқ овозлари эшитилган. Гувоҳлар шаҳарнинг бошқа марказий қисмларида ҳам ўқ овози эшитилганини айтишмоқда.

Шаҳарда ҳужумчининг шеригини қўлга олиш учун “Сирена” махсус амалиёти бошланган.

Ички ишлар вазирлиги хабарномасида ёзилишча, террор хавфининг “қизил” даражаси жорий қилинган пайтда хавфсизлик кучлари ходимларига фуқароларни ва транспорт воситаларини текширишга, бундан ташқари, уларнинг ҳаракатларини тўхтатишга, уй-жойлар ҳамда бошқа биноларга тўсиқсиз киришга изн берилади.

Ўтган ойда Ақтўбе шаҳрида ўнлаб номаълум шахс томонидан қурол-яроқ дўкони ва ҳарбий бўлинмага қуролли ҳужум содир этилиши ортидан террор хавфининг “сариқ” даражаси жорий қилинган эди.

Сиёсат фанлари номзоди Досим Сатпаев Озодлик радиоси, қозоқ хизматига берган интервьюси давомида Қозоғистон ҳукумати террор ҳужумларининг олдини олиш учун етарлича чора кўрмаётганини айтди. Унинг айтишича, фуқаролар ўртасида етарлича тушунтириш ишлари олиб борилгани йўқ. Сатпаев “расмийлар фуқаролар билан яқиндан ҳамкорлик қилмай туриб аксилтеррор тизимини яратиб бўлмаслигини тан олиши керак”, деди.

XS
SM
MD
LG