Линклар

logo-print

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен билан юзма-юз мулоқот


АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен.

Конгресс Ўзбекистонга нисбатан чекловларни бекор қилдими? "Пахта кампанияси". Бизнес ва иқтисод. Таълим ва имкониятлар. Ахборот ва журналистлар. "Америка Овози" телерадио тармоғи Ўзбек редакциясининг журналисти Навбаҳор Имамова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен билан суҳбатлашди.

Конгресс Ўзбекистонга нисбатан чекловларни бекор қилдими? "Пахта кампанияси". Бизнес ва иқтисод. Таълим ва имкониятлар. Ахборот ва журналистлар. "Америка Овози" телерадио тармоғи Ўзбек редакциясининг журналисти Навбаҳор Имамова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен билан суҳбатлашди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Тошкентдаги биринчи йилини жўшқин ва сермаҳсул дея таърифлайди. Бир неча юқори даражали ташрифлар, Ўзбекистон раҳбари билан бир неча бор юзма-юз мулоқот, орадаги устувор мақсадлар юзасидан музокаралар. Элчи учун бу жуда муҳим.

Элчи мезбон давлат билан тил топиша олмаса, у элчи эмас. Сизни юборган томоннинг ишончини оқлаш, ҳукуматингиз юклаган вазифани бажариш учун аввало мезбон мамлакатнинг ишончини қозониш лозим.

Ўзбекистондан олдин Қирғизистонда элчилик қилган, ундан олдин эса АҚШ Давлат департаментида Марказий Осиё билан алоқаларни тебратган Памела Спратлен хавфсизлик, бизнес ва демократия бобида ишлашни олий мақсад деб билади. Илмий ва маданий ришталарни ривожлантириш ҳам унинг учун ниҳоятда муҳим. Суҳбатимизни бошлар эканмиз, Спратлен хоним бу борада тўлқинланиб гапириб берди.


- Тошкентда, бизга айтишларича, жуда қаттиқ ишлаяпсиз.

Элчи Спратлен: Ҳа, шундай. Қиладиган иш кўп. Элчи сифатида ноёб имкониятларга эгамиз. Президентимиз Обама ва Давлат котибимиз қувватлови остида фурсатни бой бермай мақсадларимиз сари ҳаракат қилавериш керак.

- Лекин бу осон эмас, муаммолар талай.

Элчи Спратлен: Шундай.

- Мақсадлар йўлида турган бирор қонуний тўсиқлар борми бугун? Ўзбекистон ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорликни чекловчи бандлар, бир неча йиллик чекловлар, ҳозирда Конгресс ҳужжатларида йўқ. Бу нимани англатади? Санкцияларнинг ҳаммаси бекор қилиндими?

Элчи Спратлен: Ўзбекистон – муҳим давлат ва ҳамиша катта эътиборда. Барқарорликни қандай сақлаш бобида ўз сиёсатига эга. Гео-стратегик, тарихий ва маданий жиҳатдан ҳам ўзига хос ўринда туради. Инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммолар боис Конгресс бир неча йил олдин ҳамкорликка чекловлар қўйган эди. Ҳозирда уларнинг айримлари олиб ташлангани рост ва сабабларни аниқ билмаймиз. Лекин, қайд этаман, ҳарбий ёрдам кўрсатиш йўлида ҳамон муайян чекловлар бор. Биз учун Ўзбекистон билан хавфсизлик юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳим ва устувор вазифа.

Бу йилнинг ўзида АҚШга уч марта келдим. Ўтган ой икки давлатнинг мудофаа расмийлари музокара олиб борди. Одатда Тошкентдаги элчи унда қатнашмайди, лекин бу тўрт йилдан бери илк бор ўтаётган юқори даражали юзма-юз музокара экани учун мен ҳам келдим. Айтиш жоиз, Америка ҳарбий ҳамкорликни чеклагани каби Ўзбекистон ҳам ўз чекловларига эга. Томонлар орадаги масалаларни бафуржа муҳокама қилиб олди. Беш йиллик режа устида ишлаяпмиз. Умид қиламизки, у тасдиқланади.

Ўзбекистон ўтган йили бизнинг халқаро ҳарбий таълим дастуримизда иштирок этишга қарор қилди. Ҳали ҳеч ким қатнашмади, лекин бу қарорнинг ўзи жуда ижобий қадам. Алоқалар динамик ва тобора ривожланиб бормоқда. Қўшма Штатлар айрим масалаларга хавотир билан қарайди. Қадриятларимиз ва қонунларимиздан келиб чиқиб, эҳтиёткорлик ва огоҳлик билан ҳаракат қиламиз. Бироқ Ўзбекистон биз учун ўзига хос аҳамиятга эга шерик. Географик жойлашуви боис, масалан, Шимолий Таъминот Тизимидек муҳим лойиҳаларда бизга қўл келди. Кобулни электр қуввати билан таъминлаб келмоқда. Афғонистон томон борадиган ягона темир йўл ҳам Ўзбекистондан.

Биз Ўзбекистонга нисбатан прагматик ёндашамиз ва ўзаро манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик олиб бораяпмиз.

- Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатга қарши курашаётган “Пахта кампанияси” номли халқаро коалиция Жаҳон банкидан республикага кредит бермасликни талаб қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати одамларни зўрлаб ишлатишни бас қилмагунча бир доллар ҳам берманг, демоқда бу ҳаракат. Сиз Ўзбекистонда бу муаммога қарши ижобий қадамлар ташланмоқда, деб келасиз. Халқаро Меҳнат Ташкилоти Тошкентда ваколатхона очганини ижобий баҳолайсиз. Лекин “Пахта кампанияси” таҳлилича, вазият оғир, айниқса ўтган йили янада оғирлашган. Биздаги маълумотларга кўра ҳам шундай. Бунга нима дейсиз?

Элчи Спратлен: Пахта Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим рол ўйнайди. Ўнлаб йиллардан бери шундай. Оқ олтин бойлик деб қаралади ва давлатга катта даромад келтиради. Унинг қандай етиштирилиши, ҳосил қандай йиғиб олинишига қаршилик билдириб келишади ва бу хавотирга молик масала. Ўзбекистон бу соҳада модернизация ва механизация зарур дея тан олади ва назаримизда, шунга ҳаракат қилмоқда. Иқтисодиётини диверсификация қилишга ҳам уринмоқда. АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон банки ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорлигини олқишлайди. АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам вазиятни кузатиб, ўз хулосаларини тақдим этиб келади.

Пахта теримига болалар мажбурлаб олиб чиқилмаётганини ютуқ сифатида кўрамиз. Лекин катталар ҳамон пахтага олиб чиқилади. Ўтган йили ҳукумат соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларини олиб чиқмоқчи эмаслигини билдирган эди, лекин бу амалга ошмади. Фикримча, бу муаммодан қутулиш учун ҳали кўп тер тўкиш керак ва ҳукумат дадилроқ қадамлар ташлайди деган умиддамиз, шуни кутаяпмиз. Ҳукумат ўзгаришлар қиламиз дейди, қани, кўрайлик, қилишадими йўқми. Ислоҳотлар ва механизация пахта теримида мажбурий меҳнатни тобора камайтиради ва вақти келиб буткул барҳам топади деган умиддамиз.

- Ўзбекистон ҳукуматига “Пахта кампанияси” билан музокара қилишни маслаҳат берганмисиз? Чунки бу ҳозир глобал ҳаракат, ўз овози ва таъсирига эга куч.

Элчи Спратлен: Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги хавотирларини акс эттирган катта кучга айлангани рост. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ким билан музокара қилишни ўзи ҳал қилади. Мен ўзим “Пахта кампанияси” билан мулоқотдаман. Бугун, бу ерга келишдан олдин, бу ҳаракат вакиллари билан учрашдим. Бу коалиция билан гаплашиш Ўзбекистон ҳукумати учун конструктив ёндашув бўлар эди. Лекин бу қарорга уларнинг ўзи келиши керак.

- Ўзбекистон бўйлаб сафарларда юрибсиз, одамлар билан мулоқотдасиз. Сизнингча, иқтисодий аҳвол қандай ҳозир? Хусусан, бизнес муҳитни қандай баҳолайсиз? Ўзбекистон расмийлари ўтган куз Вашингтонда ўтган бизнес форумда мамлакат Ғарб компанияларига очиқ, ислоҳотлар авжида ва зарур шароит муҳайё, дейишди. Лекин коррупция ҳамон чуқур илдиз отган, тирикчиликка айланган, десак ҳам бўлади. Бунинг устига катта бизнес можарога гувоҳмиз. Унинг марказида халқаро мобил компаниялари ва президент оиласи турибди. АҚШ текширмоқда. Яқинда катта қарорлар қилинди. (Ўзбекистонда пора эвазига бизнес қилганини тан олган компаниялардан бири АҚШга товон тўлашга кўнди) Бу иш Ўзбекистондаги коррупция даражасига бутун дунё эътиборини қаратмоқда. Биламан, сиз бу борада оғиз очмайсиз, чунки текширув ҳамон давом этмоқда, дейсиз. Аммо бугунги бизнес муҳити, сизнингча қай аҳволда?

Элчи Спратлен: Ҳар доим айтиб келамиз: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат билан чегарага эга, унинг юрагида жойлашган мамлакат. 30 миллиондан ошиқ аҳолига эга. Потенциал жуда юқори. Катта меҳнат кучи ва табиий бойликларга эга. Айни дамда, бошқа давлатлар сингари бу мамлакатда ҳам иқтисодий қийинчиликларга гувоҳмиз. Россия, Хитой каби ҳамкорларнинг аҳволи ўзингизга маълум. Уларнинг ва Қозоғистоннинг ҳам миллий пулининг қадри тушиб кетган. Ўзбекистонга таъсири бор, албатта.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий барқарорлик йўлида ўз ҳаракатини қилаяпти деган бўлардим. Мен яқинда Термиз ва Навоийда бўлдим. Янги бизнеслар очилаётганини кўрдим.

Америка бизнеслари камлиги афсусланарли ҳол. Ўзбекистондаги ҳаммага маълум муаммолар ҳал этилмас экан, Америка компанияларининг келиши қийин. Улар қизиқади албатта, ва бу борада ишлайдиган ташкилотлар бор.

Тошкентда (24-март куни) юқори даражада кечадиган АҚШ-Ўзбекистон бизнес мулоқотида бу ҳақда гап кетади. Америка компаниялари қонунларга бош эгиши керак, нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунё бўйлаб. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотда АҚШ бизнеслари учун қандай шароит зарурлиги ва бунга қандай қилиб эришиш мумкинлиги ҳақида айтиб келамиз. Мен Тошкентда эканман, буни тўхтатмайман.

- Бизга жуда кўплаб ёшлар ва профессионаллар мурожаат қилиб, Америкада билим олиш, малака ошириш имкониятлари ҳақида сўрайди. Биз кўп ҳолларда уларга элчихона сайтига киришни маслаҳат берамиз.

Элчи Спратлен: Тўғри қиласиз.

- Лекин, ҳақиқат шуки, имкониятлар чекланган. Сиз алмашинув дастурларини кўп тилга оласиз. Бирор янги программалар бошланиши ёки эскилари қайтишига умид борми?

Элчи Спратлен: Бу дастурлар мен учун жуда муҳим. Талаба бўлиш инсон ҳаётининг энг ширин бир қисми, назаримда. Яқинда Термиз Давлат университетига бордим. Етти минг талабаси бор экан, қизиқарли дастурлар ва лойиҳалар билан танишдим. Ёшларга айтдимки, агар имконият бўлса, боринг, ўқинг. Дунё кўрасиз, бебаҳо илм билан қайтасиз. Бизнинг алмашинув дастурларимиздан ҳам мақсад шу.

- Лекин бунга эришиш осон эмас.

Элчи Спратлен: Ҳа, қийин. Қиммат, рақобат, молиявий чекловлар. Мен Ўзбекистондан кўпроқ талаба Америкада ўқишини истардим. Ҳозир 500 дан сал кам талаба ўқийди. Янги дастурлар учун маблағ йўқ ва яқин келажакда бирор ўзгариш бўлади деб айта олмайман. Бироқ, боя айтганингиздек, мен қаттиқ ҳаракатдаман.

- Курашаяпсиз, демак?

Элчи Спратлен: Арзигулик талабалар учун курашаман. Бу Ўзбекистон ва АҚШ учун катта аҳамиятга эга ва бу менинг вазифамга киради.

- Америка ахборот воситалари Ўзбекистонга кириб, маълумот йиғиб узатишлари учун ҳам шароит яратиш йўлида ҳаракат қилаяпсизми? Биласиз, Ғарб матбуоти мамлакатдаги вазиятни нохолис ёритади, деб келишади. У ерда эмасмиз. Бунинг аҳамияти катта деб ўйлайсизми?

Элчи Спратлен: Биринчидан, сиз ва “Америка Овози” ниҳоятда муҳим рол ўйнаб келаяпсиз. Бунинг учун раҳмат айтамиз. Ўзбек тилида турли йўналишларда ҳар куни янгидан-янги материал бериб, долзарб масалаларни ёритиб келасиз. Жуда кўплаб одамлар дунйодаги вазиятни, хусусан Америкадаги аҳволни сизнинг фаолиятинтиз туфайли билаяпти ва тушунаяпти. Ишингизни давом эттиринг. Чунки, айтганимдек, жуда муҳим вазифани бажараяпсиз.

Ўзбекистонда кўпроқ халқаро ахборот воситаларини кўрсак, жон дердик. АҚШ назарида матбуот халққа зиё тарқатадиган, муҳим масалаларни кўтариб, ечимга ундайдиган, дунёни одамлар олдига олиб келадиган куч. Қисқа муддатда, чет эл мухбирларини кўпайтириш қийин деб ўйлайман, лекин узоқ муддатда, шунга умид қиламиз. Хорижий ахборот воситаларининг мамлакатдан туриб фаолият юритиши Ўзбекистон учун фойда бўлади, чунки мамлакат ўзини яхшироқ намоён эта олади, мухбирлар одамлар билан юзма-юз гаплашади, бунинг аҳамияти катта, токи дунё аҳли Ўзбекистонни яхшироқ тушунсин, яқиндан кўрсин.

- Катта раҳмат сизга!

Элчи Спратлен: Жоним билан, сизга ҳам раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларингизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мени юртингизда илиқ кутиб олиб, ажойиб мамлакатингизни мен билан баҳам кўраётганингиз учун сизга чексиз раҳмат айтаман. Ўзбекистонда потенциал юқори. Муаммолар бор. Биз ёрдамга тайёрмиз. 30 миллиондан ошиқ аҳоли ва ўз халқим, Америка манфаатлари йўлида хизматдамиз. Катта раҳмат!

- Яна бир бор раҳмат!

Amerika Ovozi материали

XS
SM
MD
LG