Линклар

Россия америкалик икки дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юборди


NTV телеканали америкалик дипломат ва элчихона қўриқчиси ўртасидаги муноқашани намойиш қилди

NTV телеканали америкалик дипломат ва элчихона қўриқчиси ўртасидаги муноқашани намойиш қилди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ой иккита америкалик дипломатни Москвадан чиқариб юборганини билдирди. Вазирликка кўра, бу Вашингтоннинг "нодўстона" амалига айни тарзда берилган жавобдир.

Қўшма Штатлар ва Россиядан диполматларнинг қасдма-қасд чиқариб юборилиши Совуқ Уруш даврида кенг тарқалган, аммо анча йиллардан бери қўлланилмаётган тажриба эди.

Кузатувчиларга кўра, дипломатларнинг чиқариб юборилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг таранглашганига яна бир мисолдир.

Россия Ташқи ишлар вазирининг муовини Сергей Рыбаков вазирликнинг 9 июль куни чиқарган баёнотида айтишича, чиқариб юборилган америкалик дипломатлардан бири Москвадаги АҚШ элчихонаси ўнгида рус қўриқчиси билан бўлган ҳодисага аралашган.

Сергей Рыбаков мазкур америкалик дипломатни "безори", Россиядан чиқариб юборилган элчиликнинг бошқа бир ходимини эса "ЦРУ ходими" деб атади.

Икки кун аввал Қўшма Штатлар 6 июнь куни Москвада юз берган тортишма ортидан икки рус мулозимини чиқариб юборганини эълон қилганди.

АҚШ Давлат департаменти сўзчиси Жон Кирби россияликлар мазкур ҳодисага алоқадор бўлганлари учун 17 июнда чиқариб юборилганини айтган, бироқ қўшимча маълумот бермаганди.

Икки россияликнинг ким бўлгани аниқ эмас.

6 июнда АҚШлик бир дипломат элчихона дарвозасидан ташқарида рус қўриқчиси томонидан куч билан ерга ётқизилган ва жароҳат олганди.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, америкалик дипломат элчихона ташқарисини қўриқлаган ФСБ ходимига элчихона ҳужжатини кўрсатган.

Қўриқчи эса дипломатни ерга йиқитиб, унинг елкасини синдирган.

Кейинроқ Россия америкалик дипломатни ЦРУ агенти бўлганликда айблади.

Шу ҳафта бошида Россиянинг давлат назоратидаги NTV телеканали ҳодиса бўйича назорат камерасига ёзиб олинган видео тасвирларни намойиш қилди.

Видеода ноҳарбий либосда бўлган шахс элчихона деворидан сакраб ўтиб, таксидан тушган бошқа бир шахсни ерга ётқизаётганини кўриш мумкин.

Унда шунингдек уларнинг ерда олишаётгани ва кейинчалик америкаликнинг элчихонага ичкарисига қочиб кираётганини кўриш мумкин.

Элчихона Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясига кўра, "дахлсиз" ҳисобланади.

NTV америкалик исмини маълум қилган, унинг суратини намойиш қилган ва унинг Россияда персона-нон-гратага айланганини айтган.

Охирги ойларда Қўшма Штатлар дипломатлари ва Россия хавфсизлик мулозимлари ўртасида Москва ва бошқа шаҳарларда муноқашалар кучайди.

Москвада йўл нозирлари ўтган олти ҳафта ичида АҚШ элчихонаси ходимларини 50 мартага яқин тўхтатган.

АҚШлик расмийга кўра, дипломатларнинг бу тарзда кўп тўхтатилиши ўта ғайриодатийдир, зеро йўл ҳаракатини қаттиқ бузмаган дипломатлар одатда тўхтатилмайди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 6 июнда юз берган ҳодисани Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан 7 июлда бўлиб ўтган телефон мулоқотида муҳокама қилди, деди Жон Кирби.

Америкалик дипломатлар ҳодиса юзасидан расман маълумот берганлари йўқ, аммо таъқибларга боғлиқ ҳолатларни ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилиш ниятида эканликларини бир неча бор таъкидлаганлар.

XS
SM
MD
LG