Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:24

Андижон қирғини: Озодлик мухбирининг хотиралари


Эслатма: бу мақола Андижон воқеаларига 9 йил тўлган санада тайёрланган.

Анджон воқеалари ҳақида Озодлик мухбири Элмурод Юсуф хотиралари:

Андижонда 13 тадбиркорнинг қўлга олиниб, судланаётгани ортидан Андижонда юзага келаётган кескин вазият ҳақидаги биринчи лавҳамни 2005 йилнинг 10 майида эфирга берган эдим.

Ўша пайтда ОзодликнингАндижондаги мухбири Ғофур ака Прагага уч ойлик тажриба алмашинишга чақирилгани учун бу шаҳарда радио мухбири йўқ эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан одамлар қаттиқ назорат остида ўтказилаётгани ва шу сабабли мени чегарадан ўтказишмагани учун ҳам Андижонга бора олмадим. Шунинг учун радиолавҳам асосан Ўшга бозор қилиш учун келган андижонликлар ва Андижонга бориб келишга муваффақ бўлган ўшликларнинг ҳикоялари асосида қурилган эди.

Андижондаги вазият мураккаблашаётгани сабабли бу шаҳарга 13май куни Озодликнинг тожик ва ўзбек хизматлари мухбирлари Мирасрор Ахроров ҳамда Садриддин Ашурлар етиб келган эди.

Бу икки мухбиримиз Андижонда отилган ўқлар остида шаҳардаги сўнгги воқелар билан радиотингловчиларни таништириб борган.

Айни пайтда 14 майга ўтар кечаси Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида ҳам маҳаллий аҳоли қўзғалиб, шаҳардан ҳокимларни қувиб чиқарган ҳамда шаҳар бошқаруви вақтинча жамоатчилик назорати остига ўтган эди. Қорасув мен яшаётган ҳудудга чегарадош бўлгани учун бу шаҳардаги вазият ҳақида маълумот бериб бордим. Қизиғи шундаки, Қорасув деярли бир ҳафта Тошкент назоратидан сиртда қолди. Жамоатчилик назоратидаги бу шаҳарда бирорта милиция ходими ёки ҳокимият вакили қолмаганига қарамай, бирорта тартибсизлик содир этилгани йўқ.

Маҳаллий аҳоли Ўзбекистон томони бир тарафлама бузиб ташлаган Шархонсой дарёси устидан ўтадиган кўприкни қайта тиклаб, Қирғизистоннинг Қорасуви билан борди –келдини йўлга қўйди. Бу кўприк икки давлат чегарасини бирлаштириб турувчи энг яқин йўл бўлиб, унинг Ўзбекистон томонидаги қисми 2005 йилда Қирғизистонда содир бўлган март инқилобидан сўнг бузиб ташланган эди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Қорасувда Тошкент назорати тиклангач, халқ томонидан қайта қурилган кўприк яна бузиб ташланди.

Андижон воқеалари пайтида радиомиз мухбирлари- Садриддин Ашур Андижондан, мен эса Қорасув шаҳридан туриб кунига 16 мартадан, яъни 8 соатлик дастуримизнинг ҳар ярим соатида бевосита жонли эфирга чиқар эдик. Бу эса камида суткасига 16 соатлик ишни талаб қилар эди.

Бундан ташқари, радио томонидан менга Жалолободдаги қочқинлар лагерини излаб топиш вазифаси ҳам юкланган эди. 14 май куни кечга яқин Озодликнинг ўша пайтдаги раҳбари Адолат Нажимова “Элмурод, андижонлик қочқинлар Қирғизистонга қочиб ўтаяпти, деган хабарлар бор. Эрталабки эфирга мана шу лагердан туриб жонли эфирга чиқиш керак”, деб топшириқ берган эди.

Ўшанда бир дўстимнинг машинасини ижарага олиб, кеч соат 11 ларда Жалолободга қараб йўлга чиққан ва 15 май куни эрталаб соат бешларда бу лагерни қидириб топишга муваффақ бўлган эдик. Жалолобод вилоятининг олис қишлоқларидан биридаги даштга ўша куни Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани орқали 560 дан ортиқ одам қочиб ўтган экан. Бу лагер ва қочқинлар тўғрисида Озодлик радиоси биринчи бўлиб маълумот тарқатган эди.

Кейин бу лагерда жуда кўп маротаба бўлдим ва кўп одамлар билан гаплашиб, Андижон воқеалари таҳлил қилинган лавҳаларни эфирга узатдим. Ўша лагерда олинган айрим суратлар архивимда сақланиб қолган экан. Уларни бугун топиб олдим ва бу суратлар мана шу кичик хотиранинг ёзилишига сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG