Линклар

АҚШ ва Британия Сурия ва Россияга қарши санкциялар кўламини оширмоқчи


Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳамда АҚШ давлат котиби Жон Керри.

Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳамда АҚШ давлат котиби Жон Керри.

АҚШ ҳамда Британия расмийлари Сурия ҳукумати ва унинг ҳамкори бўлмиш Россияни Ҳалаб шаҳрини бомбардимон қилишни тўхтатишга чорлаш учун уларга қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаётганларини билдиришди.

Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳамда АҚШ давлат котиби Жон Керри 16 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтган йиғин якунида эълон қилишди.

Лондондаги музокаралардан бир кун аввал Керри Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда бошқа ҳудудий ўйинчилар билан учрашган эди. Аммо Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар муваффақиятсиз якунланди.

Журналистлар олдида чиқиш қилган Жонсон “Биз жуда кўп чора, жумладан, [Сурия] тузуми ва уни дастаковчиларга қарши қўшимча чора кўришни таклиф қиляпмиз”, деди.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат мутассадиси Федерика Могерини иттифоқ Россиянинг Суриядаги ҳаракатлари туфайли унга қарши санкция жорий қилишни режалаштирмаётганини билдирди.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 17 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган йиғинига борган Могерини “Ҳеч қайси аъзо давлат буни таклиф қилгани йўқ”, деди.

Аммо Могерени оташкесимга эришиш тобора мушкуллашиб бораётган бир пайтда ЕИ Сурия ҳукуматига қарши санкцияларни кенгайтириши мумкинлигини айтди.

16 октябрь куни АҚШ ҳамда Британия Россия ва Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг яқин ҳамкори Эронни янги оташкесим ўрнатишга чақирди.

Ўтган ойда АҚШ ва Россия етакчилигида эришилган оташкесим кўп ўтмай бузилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG