Линклар

logo-print

Европа Иттифоқи раҳбарлари АҚШда Дональд Трампнинг президент сайловида ғолиб чиқишига эҳтиёткорона муносабат билдираётган бўлса, Россияда республикачи номзоднинг ғалабаси ҳуш қаршиланди. АҚШнинг жанубий қўшниси Мексикада эса икки мамлакат орасида девор қуришни ваъда қилган Трампнинг Оқ уйга раҳбар бўлиши ташвиш ва хавотир билан қарши олинди.

АҚШда Трампнинг президент сайловида ғолиб чиққанига муносабат билдирган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича раҳбари Федерика Могерини ЕИ ва АҚШ биргаликда ишлашда давом этади, деб баёнот берди.

"ЕИ-АҚШ алоқалари сиёсатда қандай ўзгариш бўлишига қарамай, анча чуқур илдизларга эгадир”, - деб ёзди Могерини Твиттерда.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Трампни АҚШ президентлиги учун сайловда ғолиб бўлгани билан қутлар экан, АҚШнинг етакчилик роли “НАТО учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим экани”ни таъкидлади.

Ўз табригида Столтенберг Трампни 2017 йилда Брюсселда ўтадиган НАТО саммитига таклиф қилди.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй АҚШ сайлови ғолибига йўллаган табригида Британия ва АҚШ озодлик, демократия ва ишчанликка асосланган узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларига эгалигини эслатди.

“Британия ва АҚШ ўртасида эркинлик ва демократияга асосланган муҳим муносабатлар ётади. Биз савдо, хавфсизлик ва мудофаа борасида кучли ҳамда яқин ҳамкорлар бўлиб қоламиз", - деб таъкидлади у.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Дональд Трампнинг АҚШ президенти сайловидаги ғалабасидан кейин Америка ташқи сиёсати ҳақида олдиндан бир нарса деб бўлмайди, деган фикрни билдирди.

"Мен АҚШдаги сайловолди пойгасининг боришидан ташвишда эдим. Натижа Германияда аксарият кутганидан фарқ қилади, уни инобатга олмасдан илож йўқ. Албатта, биз уни ҳурмат қилишимиз керак ва шундай қилмоқдамиз ҳам", - деди Германия ташқи ишлар вазири.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро Трампни ғалабаси билан табриклади ва Франция Қўшма Штатларнинг яқин иттифоқичиси бўлиб қолишини қайд этди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Трампнинг ғалабасини демократия тантанаси деб атади.

"Қандай хушхабар. Демократия ҳамон яшаяпти", - деди Орбан.

Россия президенти Владимир Путин ҳам Дональд Трампни АҚШ президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклади.

Кремль матбуот хизматининг хабар қилишича, Путин Россия-АҚШ муносабатларини ҳозирги инқироз ҳолатидан олиб чиқиш ва долзарб халқаро масалаларни ечишда ўзаро ҳамкорликка умид қилишини айтган.

АҚШнинг жанубий қўшниси Мексикада эса, икки мамлакат орасида девор қуришни ваъда қилган республикачи номзоднинг ғалабаси қайғу билан қарши олинди. Мексикада чиқадиган El Universal газетаси хабарига кўра, Трампнинг ғалабаси ортидан маҳаллий валюта песонинг қурби тушиб кетган.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Трампнинг сайловдаги ғалабаси муносабати билан қилган чиқишида АҚШнинг бўлажак раҳбари Эрон билан эришилган ядровий битимларга содиқ қолиши кераклигини таъкидлади.

Туркия бош вазири Биноли Йилдирим ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Дональд Трампни АҚШ президентлиги учун сайловда ғолиб чиққани билан табриклади.

“Биз АҚШ билан ўзаро ишонч устига қурилган стратегик ҳамкорлик кучайишда давом этишига ишонамиз”, - деган Мавлуд Човушўғли.

Туркия бош вазири Йилдирим агар Вашингтон июль ойидаги давлат тўнтаришида гумонланаётган АҚШда яшовчи дин тарғиботчиси Фатхуллоҳ Гуленни экстрадиция қилса, икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очилишини айтган.

Республикачи номзод Доналд Трамп АҚШ президенти сайловида мутлақ ғалабани қўлга киритди.

Америкаликлар 8 ноябрь куни АҚШнинг 45-президентини сайлаш учун овоз берди. АҚШ президентлиги учун Демократик партиядан Ҳиллари Клинтон, Республикачилар партиясидан Доналд Трамп даъвогарлик қилди. Сайловда Дональд Трамп ғалаба қозонди ва Американинг 45-президенти этиб сайланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG