Линклар

Қўшма Штатларда саратон касаллиги оқибатида жинсий олати кесиб ташланган эркакка пенис трансплантация қилинди.

Массачуссетс штатида 8-9 май кунлари 15 соат давом этган жарроҳлик амалиёти натижасида эркаклик аломати тикланган 64 ёшли Томас Мэннинг бундай операцияни бошдан кечирган илк америкалик бўлди. АҚШда ўтказилган илк пенис трансплантациясида ўлган донордан олинган олат бошқа одамга тикиб қўйилди.

The New York Times газетаси Меннингнинг “аввалги ҳолатимга қайтмоқчиман”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Бу мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган Массачуссетс Марказий Касалхонаси бош жарроҳи доктор Кёртис Цетруло бу ҳали яхши ўрганилмаган соҳа бўлишига қарамасдан, беморнинг тузалиб кетишига некбинлик билан қараётганини билдирди.

Агар ҳаммаси режаланганидек кечса, беморнинг бир неча ҳафта ичида сия олиши ва бир неча ой ичида жинсий алоқа қилиш қобилияти тикланиши башорат қилинмоқда.

Доктор Цетруло автоҳалокат оқибатида эркаклик аломатидан маҳрум бўлган яна бир беморга трансплантация жарроҳлиги ўтказилиши режалаштирилаётганини билдирди. “Унга мос донор топилиши биланоқ операция ўтказилади”, деди шифокор.

Жонс Ҳопкинс Университети Тиббиёт факультетида ҳам Афғонистондаги урушда жароҳатланган аскарга пенис трансплантациясини амалга ошириш режаланаётгани айтилади The New York Times хабарида.

Доктор Цетрулонинг айтишича, бундай жарроҳлик амалиёти 50 мингдан 75 минг долларгача туриши мумкин. Барча харажатларни тиббий муассасалар ўз зиммасига олган.

Шу пайтгача жинсий аъзо икки марта трансплантация қилинган. 2006 йилда Хитойда ўтказилган жарроҳлик муваффақиятсизлик билан якунланган эди. 2014 йил декабрида Жанубий Африкада ўтказилган операция муваффақиятли бўлган ва бемор кейинчалик ота бўлган эди.

XS
SM
MD
LG