Линклар

Ереванда “Таъсис қурултойи” тарафдорларининг намойиши тарқатилди


Эребунидаги намойиш иштирокчиларининг полиция билан тўқнашуви, Ереван, 2016 йил 20 июли.

Эребунидаги намойиш иштирокчиларининг полиция билан тўқнашуви, Ереван, 2016 йил 20 июли.

Арманистон пойтахти Ереванда 21 июль тонгида полиция қуролланган шахслар томонидан эгаллаб олинган қоровул хизмати полки биноси олдида ўтаётган норозилик акцияси иштирокчиларини тарқатиб юборди.

Озодлик радиоси арман хизмати хабарига кўра, амалиёт олдидан полиция митингчиларни намойиш тарқатилиши ҳақида огоҳлантирган. “Новости – Армения” агентлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари намойишни тарқатиш чоғида махсус воситаларни ишга солмаганини хабар қилди.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, намойишни тарқатиш чоғида 50 чоғли киши – кечаги норозилик намойишидан кейин бу ерда қолган одамларнинг қарийб ҳаммаси қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ереваннинг Эребуни мавзедаги полиция участкасида бир неча кишини гаровда ушлаб турган қуролли мухолифатга тарафдор ўнлаб киши полиция билан тўқнашганди. Бунга норозиларнинг бинони эгаллаб олган шахсларга егулик олиб кириб бериш талаби рад этилгани сабаб бўлган.

Намойишчилар қуролланган полициячиларни тошбўрон қилганлар, полиция эса оломонга қарши шовқинли бомба ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Хабарларга кўра, куч ишлатар тизим ходимларининг бир қанчаси умумий гуруҳдан ажралиб, намойишчиларни таъқиб қила бошлаган. Озодликнинг арман хизмати мухбири асфальтда қон изларини кўрганини хабар қилади. Юзи қонга бўялган қари одам резина таёқдан зарба еганини айтган. Тўқнашув жойига камида иккита тез ёрдам машинаси етиб борган.

Ярим тунга бориб ҳуқуқ-тартиботчилар вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлганлар.

Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Еревандаги тўқнашувдан сўнг 45 киши турли даражадаги жароҳатлар билан касалхонага олиб келинган. Улардан 25 нафари полициячи экани айтилмоқда.

17 июль куни эрталаб “Таъсис қурултойи” мухолифатчилар гуруҳи мувофиқлаштирувчиси Жирайр Сефилян тарафдори бўлган қуролли кишилар Еревандаги қоровул полки штаби биносини эгаллаб олгандилар. Ҳужум чоғида полк командирининг муовини Артур Ваноян ўлдирилган ва яна тўрт нафар полициячи яраланган.

Ҳозирда ҳужумчилар тўрт кишини гаровда ушлаб туришибди ҳамда ўтган ой давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳозирланганликда айбланиб, ҳибсга олинмиш Сефиляннинг озод этилишини талаб қилишаяпти.

Жирайр Сефилян сиёсий маҳбус эканини айтаётган бу одамлар Арманистон президенти Серж Саргсян истеъфога кетиши лозимлигини ҳам урғуламоқдалар.

Ҳужумчиларнинг арман расмийлари билан ўтказган музокараларидан сўнг душанба ва сешанба кунлари бир неча киши озод қилинган.

XS
SM
MD
LG