Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

Уфа ўзбекистонлик тадбиркорни Тошкентга бериб юбормоқчи


Халқаро қидирувда бўлгани учун ҳибсга олинган Ўзбекистон ватандоши яқин орада Уфадан Тошкентга экстрадиция қилинади. Бу ҳақда маълум қилган Бошқирдистон прокуратурасига кўра, 57 ёшли Пардабой Маллахонов қурилиш-тижорат ташкилотининг катта миқдорда пулларини ўзлаштирганликда айбланиб, Ўзбекистон ҳуқуқ- тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган.

Бу иш тафсилотларини Озодликка айтиб берган Бошқирдистон Бош прокуратураси расмий вакиласи Регина Балаликина ўзбекистонлик Пардабой Маллахонов муқаддам айни жиноят учун судланганини билдирди.

- Маллахонов ўтган йилнинг августида қўлга олинган эди. У 2015 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган. Ўзбекистон милицияси республика Жиноят Кодексининг 167- моддаси “а,в” бандлари бўйича унинг устидан жиноий иш қўзғатган, яъни “ўта катта миқдорда пул ўғирлаш” бўйича. У Россияга аниқ қачон кириб келганини билмайману, Уфада аллақачон вақтинчалик яшашга рухсатнома - “вид на жительство” олибди, Россия гражданлигини олиш арафасида турган, деди Регина Балаликина.

Бошқирдистон прокуратураси келтирган ҳужжатларга биноан, Тошкент терговчилари Маллахоновни қурилиш ҳаражатларига бўлган ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбламоқда.

Прокуратурага кўра, 57 ёшли тошкентлик Пардабой Маллахонов 2007-2009 йилларда Ўзбекистондаги тижорат ташкилотларидан бирида юқори лавозимни эгаллаб келган ва ўз ёрдамчиси билан бирга 6,5 миллион сўм миқдорида пул ўзлаштириб кетган. 6,5 миллион сўм пулни ўзлаштиргани учун Тошкент шаҳар суди Пардабой Маллахоновни 10 ойлик ахлоқни тузатиш ишларига жалб қилган. Бироқ, жазодан қочган ўзбек тадбиркори Россияга кетади ва у ерда гражданлик олиш пайига тушади.

Бошқирдистон прокуратураси, шунингдек, Тошкент суди жазони ижро этишдан бош тортган Маллахоновга сиртдан ҳақиқий қамоқ жазоси тайинлаганини, Маллахонов бундан олдин ҳам катта миқдорда пул ўзлаштиргани учун судланганини, олдинги сафар у 371 миллион ўзбек сўми миқдорида пулни ташкилот кассасидан ишлатиб юборгани учун судланганини билдирди.​

Бошқирдистон Бош прокуратураси олиб борган теширув натижасида Пардабой Маллахоновни Ўзбекистонга бериб юбориш қарор қилинди, дея давом этади прокурор Регина Балаликина:

- Экстрадиция текшируви ниҳоясига етди. Энди бевосита экстрадиция жараёни бошланади. Экстрадиция учун Маллахонов бошқа ташкилотга топширилади. Одатда бундай шахслар Жазони ижро этиш ташкилотидан Ўзбекистондан келган махсус гуруҳ қўлига топширилади, деди Регина Балаликина.

Ҳозирда Пардабой Маллахонов Уфа шаҳар тергов изоляторларидан бирида экстрадиция қилинишини кутмоқда.

Озодлик Пардабой Маллахоновнинг яқинлари билан боғлана олмади.

XS
SM
MD
LG