Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Говорит Москва: Путин - Мирзиёев учрашувида ким нимага эришди?


Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россияга давлат ташрифи билан борди. Россия жамияти бу ташрифни қандай қабул қилди? Президенти билан келган Ўзбекистон делегацияси ўз мақсадларига эришдими? Бу саволларнинг Россия матбуоти версиясидаги жавобларига қизиқдик.

“Кўтаринки руҳда, аммо...”

Россия матбуотида Путин - Мирзиёев учрашуви кенг ёритилган бўлсада, уни кузатиб бораётган ахборот воситаларининг музокаралар натижаларига оид фикр-мулоҳазалари анча босиқ бўлди.

“Лента.ру” нашрининг Мирзиёев ташрифи якунларига бағишланган “Кремлни кўтаринки руҳда тарк этди” сарлавҳаси остида чиққан мақоласида “Ўзбекистон Россия ташкил қилган бирлашмаларда иштирок этмасликни давом этаяпти, аммо бу мамлакат Россиянинг Марказий Осиё сиёсатидаги муҳим аҳамиятни эгаллаб келмоқда” деган мулоҳазаси чоп этилди.

Рус мухбирлари Ўзбекистон янги президентининг биринчи ташрифлари Россияга эмас Ашхобод ва Остонага қилингани, бу мамлакатнинг Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Евросий иқтисодий иттифоқига (ЕАЭС) аъзо бўлишни истамаётгани ёдга олди.

Россия оммавий ахборот воситалари эътибори кўпроқ сиёсий эмас, балки Россия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга қаратилди.

Аэропортда ва Кремлда Ш.Мирзиёевни ҳарбий эскорт кутиб олди
Аэропортда ва Кремлда Ш.Мирзиёевни ҳарбий эскорт кутиб олди

Газета.ру икки мамлакат охирги уч ойда товар айирбошлашни 260 фоизга оширгани ва умумий ҳажмда 5 млрд долларни ташкил этганини баён қилди.

Аммо, икки давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёевнинг 5 апрелдаги учрашувидан маълум бўлдики, иқтисодий алоқаларнинг қайта тикланишини Тошкент фақат ҳамкорлар олдидаги қатъий мажбуриятларсиз МДҲ доирасида кўрмоқда ва Евросиё иттифоқига қўшилишга шошилмаётир”, деб ёзди Газета.ру.

Росстат маълумотига кўра, Ўзбекистон ташқи савдосида Россиянинг улуши 17 фоизни ташкил этади. Россия учун эса, Ўзбекистон Хитойдан кейинги асосий ҳамкор саналади.

- Бу ташриф давомида биз инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 12 млрд долларлик ва савдо контрактлари бўйича 3,8 млрд долларлик келишувлар пакетини имзолаймиз, деди Мирзиёев Путин билан бўлган учрашув давомида.

Айни пайтда, АҚШнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортаётганидан хавотир билдирган Россия ҳарбий саноат комплекси “Ростех” директори Сергей Чемезов жумладан АҚШ билан Ўзбекистонга ҳарбий саноат етказиб бериш бўйича рақобатни кучайтиришини билдирди.

Россия нашрлари Ўзбекистоннинг Евросиё иттифоқига кириш масаласини муҳокама қилишдан бош тортаётганига жамоатчилик эътиборини қаратди.

Агарда Ўзбекистон Евросиё иттифоқи товарлари учун ўз чегараларини очиб берса, маҳаллий саноат қулаб тушади. Ва товар айирбошлашнинг 260 фоизли ўсиши ўрнига иқтисодий бўҳрон юзага келади”, дея ўзбек делегацияси ҳатти-ҳаракатларини тушунтиришга уринди нашр.

Қолган телеканаллар ва таҳлилий манбалар рус-ўзбек муносабатларига оид Россия расмий нашри томонидан эълон қилинган рақам ва мулоҳазаларни бири-биридан кўчириб тарқатди.

(Россия-24 каналининг ўзбек делегацияси ташрифи борасидаги лавҳаси)

Россияни газ контрактлари қизиқтирди

Россия медиатузилмаларини президент Шавкат Мирзиёевнинг деярли барча давлат вазирлари билан қилган ташрифидан Ўзбекистоннинг Россияга янада кўпроқ газ етказиб бериш тўғрисидаги хабари кўпроқ қизиқиш уйғотди. Таъкидлаш жойизки, 2015 йилда ўзбек гази нархи Россия учун ўртача Европа нархига нисбатан туширилган эди.

Қолган Россия нашрлари ва телеканаллари “Россия ва Ўзбекистон мисли кўрилмаган 16 миллиардлик шартнома имзолади!”, “Икки мамлакат 55та контракт имзолади”, “Россия ва Ўзбекистон: бирлашган ўзар..”, “Путин Мирзиёевнинг Ўзбекистонга таклифини қабул қилди” қабилида кўтаринки руҳда ёзилган мақола ва хабарлар билан тўлдирилди.

Айни пайтда, икки давлат ўртасида имзоланган 39 ҳужжат ва битта Меморандум рўйхатида миграция масаласига оид атиги иккита келишув имзолангани кузатувчилар қизиқишини ўзига тортди.

Кремлин.ру сайтидаги рўйхатда келтирилган икки давлат ўртасидаги бу келишувлар “Ўзбекистон Республикаси гражданларининг уюштирилган тартибда ёллаш ва Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида” ва “Миграция соҳасидаги мутасадди органлар ваколатхоналарини ўзаро таъсис этилиши тўғрисида” деб номланади.

Ваҳоланки, Россия оммавий ахборот воситалари учрашув олдидан Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримовдан фарқли равишда, Россияда меҳнат қилаётган 2 миллион ўзбек мигрантлари муаммоларига қизиқиш билдираётганини таъкидлаб келган. Рус матбуоти ва таҳлилчилари Россияда фаолият юритаётган “Ислом давлати” гуруҳининг асосий вакиллари ўзбекистонлик ёки ўзбек эканига ҳам эътибор қаратди.

Улар ўз фикрларига Мирзиёевнинг давлат ташрифидан бир кун олдинги Петербург метросидаги портлашда асосий айблов миллати ўзбек бўлган қирғизистонлик йигитга қўйилганини мисол тариқасида келтирди.

Москвадаги ҳукуматлараро учрашувга изоҳ берган “Газпром” бошқарув раиси Алексей Миллер ҳам икки давлат ўртасидаги асосий келишув газ соҳасида амалга ошганини таъкидлаб, деди:

- Албатта, асосий ютуғимиз – ўзбек газини сотиб олишни кўпайтириш. Биринчи маротаба бу каби ўрта муҳлатли 5 йиллик контракт имзоланди: биз қазиб олиш ишлари, геологоразведка билан шуғулланамиз, деди Алексей Миллер.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро шартномаларнинг асосий қисмини икки тарафлама маданий-илмий ва маърифий масалалар ташкил этгани Россия матбуоти назаридан мутлақо четда қолди.

Ким нимага эришди?

Хўш, икки давлат кўзлаган мақсадларига эришдими? Бундан кейинги муносабатлар қай тарзда давом этади?

Бу саволлар билан Озодлик россиялик ва ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчиларга юзланди.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти Леонид Гусев Ўзбекистон каби йирик стратегик жиҳатдан муҳим давлат билан бўлган кенг қамровли учрашувларнинг Россия матбуоти томонидан деярли ёритилмаганидан ҳайратда эканини билдирди.

- Ваҳоланки, Ўзбекистонда сентябр ойида ҳукумат ўзгариши ортидан Россияда Ўзбекистон билан “янги алоқалар ўрнатилиши”, “янги ҳамкорлик йўналишлари очилиши” тўғрисида кўп гапирилди. Мана энди бўлса, газета-телевидениени кўриб, бирорта жўяли таҳлилий мақола чиқарилмаганидан ҳайронман. Аммо Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ҳам “қўшилмаслик” сиёсатини олиб боришини, ҳам Ғарб, ҳам Россия билан бир текис муносабат ўрнатишини билдирди. Кеча икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжатлар Каримов даврида тайёрланган эди. Бизда эса Ўзбекистонга нисбатан эйфория энди сўнган, кўринади. Қолаверса, ҳеч қайси давлат ўзининг ташқи сиёсатини кескин ўзгартира олмайди, деди Леонид Гусев.

Сиёсий таҳлилчига кўра, Владимир Путин ҳукумати Ўзбекистонни ўз тарафига оғдириб олиш, ўзи тузган иттифоқ ва тузилмаларга жалб қилиш режасини амалга ошира олмагани маҳаллий жамоатчилик ва Кремл назоратидаги ахборот воситаларининг бу мавзуга қизиқишини сўндирган.

Cиёсатшунос Леонид Гусев билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:59 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Анвар Назир Ўзбекистон ҳукумати Россияга ташрифидан асосан иқтисодий муаммоларини бартараф қилишни кўзлаганини айтади.

Унинг фикрича, Россия аксинча – Ўзбекистон билан учрашувдан геосиёсий мақсадларни кўзлаган.

- Мирзиёев келганидан кейин Ўзбекистон КХШТга қайтади, Евросиё Иттифоқига аъзо бўлади, деб кутишди. Лекин янги ҳукумат қайтмаслиги ва қўшилмаслигини аниқ айтди. Ҳатто бу ташриф давомида бу ҳақда оғиз ҳам очилмади. Демак, икки давлатнинг фундаментал мақсадлари фарқли. Россия учун Ўзбекистон ҳудудида рус ҳарбий базалари очилиши – энг маъқул вариант эди. Ўзбекистоннинг биринчи мақсади – катта сармояларни Ўзбекистонга жалб қилиш, энергетик муаммоларни ҳал этиш эди.

Ўзбекистонга йилига 3 миллион баррель нефт зарур. Қозоғистонга қилган ташрифи давомида ҳам нефтни қувур орқали тортиш – асосий келишувлар марказида бўлди. Афсуски, Россия Федерациясига бўлган ташрифдан кутишлар ўхшамади: энергетика мустақиллигини таъминлаш бўйича кўзланган мақсадлар ҳам амалга ошмади ва Россия бу масалада Ўзбекистонга салбий жавоб бергани аниқ бўлди, деди Россия атиги 500 минг тонна нефтни ўзининг “Лукойл” ширкатига етказиб берилиши ҳужжатларда акс этганини билдирган сиёсатшунос-олим Анвар Назир.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назир билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:59 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG