Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Россияда келгинди ҳайдовчиларга йўловчи ташиш тақиғи бир йилга кечиктирилиши мумкин


Фарғоналик Акбарали Москванинг "Профсоюзная" йўналиши бўйича автобус бошқаради
Фарғоналик Акбарали Москванинг "Профсоюзная" йўналиши бўйича автобус бошқаради

Россия Давлат Думаси чет элдан келиб ишлаётган ҳайдовчиларга Россиядан ташқарида берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан кейинги йил ёзигача ишлашга рухсат берилишини қўллаб-қувватлаб чиқди. Парламентга киритилган қонун лойиҳаси шу йилнинг 1 июнигача қабул қилиниши айтилди.

Дума хорижлик ҳайдовчиларга яна бир муддат бермоқчи

Россия Давлат Думасининг Транспорт ва қурилиш бўйича қўмитаси парламентнинг Қўйи палатасига хорижлик ҳайдовчиларга ўз мамлакатларида берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан яна бир йил ишлашга рухсат берувчи қонунни уч ўқишда қабул қилишни тавсия қилди.

Бу ўзгартиш Думанинг бир қанча фракциялари депутатлари томонидан илгари сурилди. Ҳужжатга қилинган иловада депутатлар 2017 йилнинг 1 июнидан Россияда берилмаган миллий ва халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари билан транспорт соҳасида ишлаётган муҳожирларга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш тақиғи кучга киришини эслатиб қўйди.

Лойиҳа ташаббускорлари Россия ҳайдовчилик ҳужжатига алмаштириш учун мигрантлар учта имтиҳондан ўтишлари лозимлигини ҳам таъкидланмоқда: битта назарий ва иккита амалий (автодромда ва шаҳар йўл ҳаракати шароитида).

Қонун ташаббускорлари шу тариқа муҳожирлар ўз давлатларида берилган гувоҳномаларни 2018 йилнинг 1 июнигача алмаштириб олишларига имкон яратилади, демоқда.

Озодлик шаҳар йўловчи траспорт соҳасидаги ваколатли манбасига таяниб аниқладики,мазкур қонуннинг кечиктирилиши Россиянинг йирик транспорт компаниялари эгалари босими остида амалга ошди. Улар ишчи персоналнинг етишмаслиги шаҳар ва ўлкалардаги йўловчи транспорт билан боғлиқ вазиятни буткул издан чиқариб юборишидан огоҳлантирган.

Хорижлик ҳайдовчиларга ишлашни ман этиш иккинчи маротаба қолдирилаяпти

Эслатиш жойизки, хорижлик гувоҳномалар билан ишлашга тақиқ муҳлати иккинчи маротаба чўздирилаяпти.

2013 йилда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” қонунига ва Маъмурий ҳуқуқбузарликлар Кодексига киритилган ўзгартишларга биноан, 2017 йилнинг 1 июлидан Россияда берилмаган ҳайдовчилик гувоҳнома билан ишлаш ман этилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди. Бироқ, апрел ойида траснпорт компаниялари ҳайдовчилар ўз ҳужжатларини алмаштиришга улгурмагани борасида бонг ура бошлади.

Думанинг Транспорт ва қурилиш қўмитаси аъзоси Евгений Москвичев қонунга ўзгартиш шу кунларда қабул қилинишини матбуот олдида қилган чиқишида билдирди.

- Бу қонун лойиҳаси аллақачон Дума депутатлари томонидан киритилди. Биз уни яқин орада кўриб чиқамиз – апрелда бўлмаса, май бошларида, узоғи билан. Чунки уни биз 2017 йилнинг 1 июнигача қабул қилишимиз керак, деди парламент вакили.

Мутахассислар йўловчи ташиш транспортида ишлаётган ҳайдовчиларнинг асосий қисмини хорижликлар ташкил этишига эътибор қаратиб келади.

Россия Автомактаблар иттифоқи: "Айб - ҳайдовчиларнинг ўзида!"

Бу хабар ортидан Россия Автомактаблар иттифоқи 2013 йилдан буён берилган муддат ичида гувоҳномаларни алмаштирмаган ҳайдовчиларни лоқайдликда айблади.

Россия Автомактаблар иттифоқи раиси Александр Ачкасов Озодлик билан суҳбатда йил бошидан буён атиги бир неча ўн хорижлик Москва автомактабларига мурожаат қилганидан таассуф қилдирди.

- Нима сабабдан ҳайдовчилар автомактабларга бормаганини уларнинг ўзидан сўраб кўриш лозим. Бизни ҳам шу савол қийнаяпти – нимага келишмади? Ваҳоланки биз уларнинг оммавий равишда келишини кутган эдик, тайёргарлик кўрдик. Ҳатто ўзимиз транспорт компанияларига бориб тарғиб қилгандик. Транспорт компанияларига бу ортиқча ташвиш, ҳайдовчиларнинг ўзлари эса бу масалага бироз лоқайдлик қилди, деди гувоҳномалар алмаштириш сабаблари ҳақида сўзлаган Александр Ачкасов.

Автомактаблар иттифоқи раиси уюшма гувоҳнома ўзгартириш истагида бўлган барча хорижлик ҳайдовчиларни қабул қилишга тайёр эканини билдирди.

"Права алмаштиришимизга тўсқинлик бўлаяпти!"

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш масаласига оид саволлар билан Озодлик Москванинг “ТрансАвтоЛиз” транспорт компаниясининг кўп йиллик ҳайдовчиси фарғоналик Акбарали акага мурожаат қилди. 57 ёшли Акбарали ака 1984 йилдан буён “D” категория бўйича автобус ҳайдовчиси малакасига эга.

Суҳбатдош ҳайдовчиларга “права” алмаштиришга турли тўсиқлар қўйилаётганини билдириб, қайта ўқишга 4 ой олдин ҳужжат топширганини айтади.

- Биз келдинги одаммиз – ташкилотимизга ўнта “қўй” кетса, юзта келиши мумкин. Буларда шунақа муносабат мигрантларга! Мен Фарғонада 9-автопаркда автобусда ишлаганман. Шу сабабли ишлаб турибман, қолган шерикларни ишдан бўшатиб юборди. 1 июнгача “права”ни қилишинг керак деди, лекин уни қилиш учун югурмаган, бормаган жойимиз қолмади! “Сенга нима асосида гувоҳнома бераман?”, деяпти ГАИ. Кимга арз қилишни билмайсиз! 600 одам ишлайди корхонамизда, шулардан 60 фоиздан кўпроғи четдан келганлар. Битта права берадиган жойга ҳужжатларни топширганимизга 4 ой бўлди – ё чақирмайди, ё тушунтириш бермайди, деди Акбарали ака.

У иш берувчи ҳам ўзининг гувоҳнома алмаштиришга қизиқиш билдирмаётгани, бир нечта автомактабда ҳайдовчилик категориясига пулга ўқиган шофёрлар ҳужжатлари қалбаки чиққанидан хавотир ошаётганини айтади.

Акбарали ака билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:06 0:00
Бевосита линк

Фарғоналик ҳайдовчининг фикрича, хорижликларга ҳайдовчи бўлиб ишлашни ман этувчи қонун яқин орада кучга кирса, транспорт компаниялари ярмидан кўп ишчиларидан маҳрум бўлади, шаҳарларда эса транспорт коллапси вужудга келади.

У 17 соатлик иш кунига маҳаллий руслар ишламайди, транспорт компанияларига хорижлик ишчиларни ишлатиш жуда қулай, дейди.

- Эрталаб 4-да тураман, 6-да гараждан чиқиб кетаман. 17 соат ишлайман: биринчи обед – 1,5 соат, иккинчиси – 40 минут дам оламан. Соат 2 тунда паркка машинани қўйиб, уйга яна соат 4да етиб келаман. Маҳаллийлар бундай ишламайди – бир ҳафта ишлайди, 10 кун ароқ ичади. Агарда бир йилга қонун билан муддатни чўзган бўлса бизга имконият яратилади. Шуни орасида ҳаракат қилиб, йўлини қилиб оламизда, деди янгиликка хурсанд бўлганини билдирган Акбарали ака.

Россия Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси келтираётган маълумотларга кўра, 2017 йилнинг биринчи уч ойида Россияда ҳайдовчилар айби бидан 27,5 мингта автоҳалокат рўй берган, унда 2,8 минг одам нобуд бўлган, 37 мингдан зиёди – тан жароҳати олган.

XS
SM
MD
LG