Линклар

logo-print

Ўзбек мухожирлари ҳаёти МХХ кузатувида

  • Ҳурмат Бобожон

Хатга тушдинг¸ўтга тушдинг - Ўзбекистон МХХ си ходимлари хориждаги ўзбекистонликларни айғоқчилик қилиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйишга мажбурлаëтгани ҳақида хабарлар бор.

Хатга тушдинг¸ўтга тушдинг - Ўзбекистон МХХ си ходимлари хориждаги ўзбекистонликларни айғоқчилик қилиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйишга мажбурлаëтгани ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистон миллий xавфсизлик xизмати Лондон, Прага каби Европа шаҳарларида ўз чақимчилари сонини оширгани кузатилмоқда. Лондон ва Прагадан Ўзбекистонга қайтиб борган мардикорлар ва талабалар Миллий xавфсизлик идорасига чақирилиб сўроқ қилинмоқда

Бу сўроқ-жавоблар давомида уларнинг xориждаги ҳаëти Ўзбекистон Миллий xавфсизлик xизмати диққат марказида экани аëн бўлди. Ўзбек мардикорлари ҳаëтининг икир-чикирларини эса мардикорларнинг ичига жорий қилинган чақимчилар миллий xавфсизлик xизматига етказмоқда. Бу чақимчилик оқибатида Лондондан қайтиб келган талабалардан тўрт нафари диний экстрeмизмда айбланиб қамоққа олинди.

Прагада мардикорлик қилаëтган наманганлик йигитдан МXX ходимлари гўëки унга очилган ишни ëпиш учун 1400 доллар пора олишган.

Хорижда ўқиш ë ишлаш жиноятми?

Келинлар қўзғолони фильмининг қаҳрамонлаидан бири Сотти келинпошша овсинларининг оëқ олишидан қайнонани хабардор қилиб туради.

Саид Аҳмад тили билан айтсак оилада “штатный шпион” вазифасида ишлайди. Эл орасида мутоибага сабаб бўлган чақимчиликни чет элга келаëтган ўзбеклар ўзлари билан бирга олиб келаëтгани кузатилди.

Чехияга келиб мардикорлик қилиб қайтган наманганлик йигитга телефон қилиб қолишди.

“Борганига 15,20 кун бўлганда телефон қилишган. У икки ойга борган эди. Гўшакни олса “Фалонча сизмисиз?” деб сўрашган. Ҳа,менман, деса “МХХга келиб кетинг. Икки минут вақтингизни оламиз” дейишган”.

2 минутлик сўроқ савол наманганлик йигитни анча терлатди

“15, 20та савол беришибди. Чехияга нимага бординг, нима иш қилдинг, кимларни танийсан, кимлар билан кўришгансан каби саволлар беришибди”.

МХХ терговчилари қўлида Прагадаги чақимчи мардикорлар юборган маълумотлар бор эди.

“Ҳаттоки тўғридан тўғри ишлайсанми ëки клиент орқалими, деб сўрашибди. Сиз қаердан биласиз, деса “Бизга шунақа маълумот келган. Сени клиентинг Колями?” дебди. (Клиент иш берувчи ва мардикор ўртасидаги даллол, кўпинча даллоллар Чехияда украиналиклардан бўлади). Ҳа деса “Сен тўғрингда Коляга ҳам телефон қилган эдик, дейишибди”.

Энди бу тафсилотлар ҳам йигитнинг жиноятларидан дарак бермас эди. Қаерда ва кимни қўлида ишлагани, қанча пул топгани ва ҳоказо.

“Хуллас сенга дело тайëрлаб қўйилган. Мана дело турибди”.

Бу делода гўëки наманганлик мардикор йигитнинг "Руминиядаги ўзбек ваҳобийларини бошлиғи Муҳаммад Солиҳ " билан террорчилик қилгани фош қилинган.

“Жиддий кетадиган бўлса 10,15минг билан ҳам ишинг бўлмайди дебди. Мен нима иш қилдим, деса “Сен анча сиëсатга аралашиб қўйгансан” дебди. Нима қилдим, деса “Сен Муҳаммад Солиҳни қўл остидаги одам бўлишинг мумкин” дейишибди”.

МХХнинг ëшгина терговчиси суҳбатдошимизга кўра, делони ëпиш учун прагалик мардикордан 1400 доллар пора олади.

“1976 ëки 1977 йил ëш бола экан. Берган нарсангга рози бўлиб қўя қолгин деб айтибди”.

Ростдан ҳам бу воқеа бўлганми ўзи, балки улар товламачилардир, дея сўраймиз суҳбатдошимиздан.

“Бу аниқ. Ташкилот аниқку. У ерга анча-мунча одам кира олмайдику”.

Наманганлик ўзбек мардикори МХХ ходими зуғумидан пора бериб қутулиб, зудлик билан Чехияга қайтиб кетади. Энди Ўзбекистонга бормайман, дейди суҳбатдош.

“Мен энди 5,10 йилни ичида Ўзбекистонга бормайман”.

Наманганлик мардикор йигит Прагадаги чақимчилар қурбони бўлди.

Суҳбатдошимизга кўра, Чехиядаги чақимчиларни мардикорларнинг масжидга бориши, озодлик мухбирлари билан алоқаси, Чехиядаги андижонлик қочқинлар билан муносабати ва уларнинг кимни қўлида, қанча маошга ишлаëтгани қизиқтирмоқда.

“Прагани ўзида ўзбекларни ичида чақимчилар жуда ҳам кўп экан. Ë телефон қилиб айтади, ë интернет орқали жўнатади. Ким қаерда ишлаяпти, ким қанча маош олаяпти, кимлар билан гаплашиб юрибди, кимлар ишламаяпти каби маълумотлар уларни қизиқтиради. Уларга менимча ойлик тўлашади. Шунинг учун улар эрталабдан кечгача маълумот излаб юришади”.

Наманганлик мардикор пора бериб бўлса ҳам тазйиқдан қутулди аммо Лондондан қайтиб келган талабалар қамоққа олинди дейди Британияда истиқомат қилувчи Нодирбек.

“Хусусан намоз ўқийдиган диндор болалар қайтиб борганида МХХга чақириб қамашибди. Мен ўзим биладиган 4та бола қамалиб кетди”.

Британиядаги чақимчиларни ўзбекистонлик талабаларнинг диний қарашлари қизиқтирмоқда, дейди Нодирбек.

“Ўзбекистонга борса, МХХга чақириб, бормаса уйига ота-онасини ëнига бориб МХХ ходимлари “Ўғлингиз қаерда юрибди” деб сўраб бошини оғритишаëтган экан”.

Ўшлик таҳлилчи Ғанижон Холматовга кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматига айғоқчи бўлиб ишлаëтган қирғизистонликлар ҳам талай. Улар бу ишни муайян ҳақ эвазига бажаришмоқда, дейди Ғанижон ака.

“Моддий қийинчилик ўз-ўзидан шу нарсага олиб келади. Бу ерда ватанпарварлик деган туйғулар йўқ”.

Ғанижон ака айтган моддий омилдан ташқари одамларни чақимчиликка ундайдиган яна бир ҳолат бор, дейди Британиялик Нодирбек.

“Ўқишга ëки ишлашга чет элга чиқиб кетишидан олдин орасидан танланган болалар билан суҳбат ўтказилади. Уларга “Ўша давлатингга борасан. Ўқийдиганингни ўқийсан, ишлайдиганингни ўқийсан. Лекин бизларга биз сўраган маълумотларни етказиб турасан” дейишади. Ундан менга нима фойда, деса “Ўзбекистонга қайтиб келганингдан кейин ўзингни соҳангда кўтарилмоқчи бўлсанг, биз ëрдам берамиз. Президент тасдиқлаган шахсларгина кўтарилади. Президент эса биз берган шахсларни тасдиқлайди. Шунинг учун сен агар келажагингни таъминламоқчи бўлсанг, бизларга ишлагин” дейишади. Шундан кейин “Сен яхши боласан. Сен ватан учун бу қилишинг керак, у қилишинг керак” деб ватанпарварлик ҳислари тўғрисида гапира бошлашади. Хуллас бу “обработка” анча давом этади. Масалан мен битта-иккита болаларни биламан. Уларни орқасидан 6 ойдан бери юришибди”.

Нодирбек назарида, ўзбеклар орасида чақимчиларнинг кўпайиши ўзаро ишончга путур етказмоқда. Нодирбекка кўра, бир-бирини устидан ëзиб кун кўриш ўзбеклар зеҳниятида Сталин қатағонлари пайтида ерлашган бир иллат.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG