Линклар

Бухоро вилоятининг баъзи туманларида бензин тақчиллашиб, 1 литри 4500 сўмга етди


Бухоро вилояти Ғиждувон туманида бензин учун навбат

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида бензин учун навбат

Бухоро вилоятининг баъзи туманларида бензин тақчиллиги юзага келди. Озодлик манбаларидан олинган суратларда ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги автомобиллар навбати бир неча километрга чўзилгани акс этган. Хусусан, Ғиждувон туманидан олинган хабарга қараганда, тақчиллик сабабли қўлда сотиладиган бир литр бензиннинг нархи 4500 сўмга чиқиб кетган.

Ғиждувон туманида киракашлик билан шуғулланадиган 35 яшар Иброҳимнинг хабар беришича, бир ҳафтадан буён ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин танқислиги бошланди:

“Мен Бухородан Навоийга қатнайман. Бензин бирданига йўқ бўлиб қолди. Заправкаларда бир неча километрга чўзилган автомобиллар навбати пайдо бўлди. Одамлар эрта тонгдан бориб навбатга турмоқда. Эрталаб бир соат давомида 20 литрдан бензин беради. Тугай деб қолганда 5 литрдан беради. Бу ҳам ҳар куни эмас”, деди ҳайдовчи.

Унинг айтишича, тижорат нархи 3000 сўм турадиган АИ-80 маркали бир литр бензиннинг нархи қўлда 4000-4500 сўмга чиқиб кетган:

“Шуниси қизиқки, заправкаларда бензин йўғу, қўлда бор. Улар қаердан олади? Бу олибсотарларнинг бензин ишлаб чиқарадиган заводи йўқку. Демак улар ҳам заправкалар билан келишиб улгуржи сотиб олади ва аҳолига қимматга сотади. Бутун дунёда нефтнинг нархи арзонлаган пайтда, бизда бензиннинг йўқлиги жудаям ачинарли”, деди ҳайдовчи.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида истиқомат қилувчи 41 яшар тадбиркор Акмал Бозоров ҳам бензин тақчиллигини сурункали касалликка ўхшатади:

“Бензин фақат қўлда, тамом. Мен очиқ ҳолатда, навбатсиз, давлат нархида, охирги марта заправкада қачон бензин сотилганини эслолмайман”, деди тадбиркор.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ўзини таништирмаган мулозими автомбилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчил бўлиб қолишига корхонанинг алоқаси йўқлигини Озодликка айтди:

“Бизда бир маромда бензин ишлаб чиқариляпти. Ишлаб чиқариш ҳажми камайгани ҳам йўқ. Биз нефт базаларига лимит билан бензин берамиз, туманларга тарқатиш эса уларнинг иши, бизнинг бунга алоқамиз йўқ”, деди завод мулозими.

Озодлик боғланган Бухоро нефт базаси мулозими эса телефон орқали бу ҳақда ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтди.

Озодлик манбалари Бухоро шаҳрида ва қўшни Самарқанд вилояти туманларида бензин тақчиллиги кузатилмаётганини айтди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда бензин тақчиллашиб қолиши одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда бензин етишмаслиги пахта мавсуми бошланиши билан янада кучаяди.

Айрим кузатувчилар бензин ва дизел ёнилғилари ҳосилни йиғиб териб олишга сафарбар этилиши натижасида шундай тақчиллик юзага келишини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG