Линклар

Ўзбек автомобилсозлик маркази - Асака шаҳрида бензин йўқ


Андижоннинг Асака туманидаги АЁҚШда бензинга навбат

Андижоннинг Асака туманидаги АЁҚШда бензинга навбат

Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг барча вилоятларида бензин тақчиллиги кун сайин кескинлашиб бормоқда. Ҳайдовчилар соатлаб, кўп ҳолларда эса тун бўйи АЁҚШ шохобчалари олдида навбат кутаётганликларини айтишмоқда. Баъзи вилоятларда эса АЁҚШларнинг биронтасидан ҳам бензин топишнинг иложи бўлмаяпти.

Андижоннинг Асака туманидаги автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларида машина ҳайдовчилари туну-кун бензинга навбат кутиб вақтини ўтказмоқда.

- Бензин умуман йўқ. Кечадан бери ётибмиз. Одамлар машиналарини навбатга қўйиб, кутиб ётишибди, бензиндан дарак йўқ, - дейди андижонлик ҳайдовчи.

Наманган вилоятида ҳам шу аҳвол.

- Заправкалардагиларни ўзлари айтаяпти, яқин орада бензин бўлмас экан. Машиналарингни газга ўтказаверларинг ёки гаражга тиқиб қўяверларинг, деяпти. Газга ўтказсак унга ҳам пул керак, пиёда юрар эканмиз-да, - дейди наманганлик ҳайдовчи.

Ўзбекистон ғарбидаги Хоразм вилоятида эса бензин асосан қўлда сотилмоқда, уни нархи уч минг сўмдан ошиб кетган.

- Асосан қўлда оламиз. 3200 сўм бўлиб кетди. Ҳозир кўпчилик бензин йўқлиги учун машиналарини газга ўтказяпти, - дейди урганчлик такси ҳайдовчиси.

Тошкент шаҳридаги аксар АЁҚШларда бир ойдан бери бензин йўқ.

Бензин тақчиллашгани сабабини шохобча ходимлари базадан бензин кам берилаётгани билан изоҳлашмоқда.

– Ўтган ҳафта фақат учта машинада бензин беришганди, у ҳам тугаб бўлди. Бу ҳафта умуман базадан бензин беришмади, - деди Тошкентнинг “Роҳат” кўли яқинидаги АЁҚШ ходими.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда АЁҚШларда бензин тақчиллашиши одатий ҳолга айланди.

“Ўзбекнефтмаҳсулот” ширкатининг Озодлик боғланган мулозими Тошкент ва вилоятларда бензин тақчиллигини шундай изоҳлаганди.

- Энди машина кўп, кўряпсизку, ҳар ойда ўттиз мингтадан машина чиқяпти, йилига ярим миллионга яқин машина кўпаймоқда. Ҳаммаси бензин олавергандан кейин тугайди-да. Бу ўлчовли нарсаку. Шунда ҳам Тошкентда аҳвол яхши, биттасида бўлмаса бошқасида бор. Вилоятдагилар бир нарса деса тушинишимиз мумкин, - деган эди 7 август куни Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнефтмаҳсулот” ширкати мулозими.

Ҳозирда Тошкентда Аи-80 маркали бензиннинг давлат белгилаган нархи 2070 сўмдир.

Вилоятларда эса бензин уч минг сўмдан қимматроқ бўлган тижорий нархларда сотилади.

Пойтахт ва вилоятлардаги бензин нархларидаги бундай фарқ эса ўз-ўзидан бензин чайқовчилигини авж олдирмоқда.

Айрим кузатувчилар бензин ва дизел ёнилғилари ҳосилни йиғиб териб олишга сафабар этилиши натижасида август ойида шундай тақчиллик юзага келишини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG