Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Москва суди 4 яшар қизни ўлдирган ўзбекистонлик қотил энагани қамамади


Москванинг Хорошев суди 4 яшар Анастасия Мерешковани ўлдирган ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқуловани жиноий жавобгарликдан озод этиб, энагани руҳий шифохонада қолдиришга қарор қилди. Бобоқулова жорий йил 29 февралида Москвадаги “Октябрьское поле” метро бекати яқинида ёш боланинг танасидан кесиб олинган бошини кўтарган ҳолда ҳибсга олинган эди.

“Суд Гулчеҳра Бобоқуловани жиноий жавобгарликдан озод этиш ва унга нисбатан мажбурий тиббий характердаги чоралар кўришга қарор қилди”- дейилади суд ҳукмида.

Бобоқуловага нисбатан “Вояга етмаган болани ўлдирганлик”, “ўт қўйиш орқали ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилганлик” ҳамда “портлаш ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик” асосида жиноий иш қўзғатилган эди.

Cамарқандлик 38 яшар аёл ўзи энагалик қилган 4 яшар Анастасия Мерешкованинг бошини танасидан жудо қилиб, ўзи ишлаган квартирани ёқиб юборган.

Суд қарорида айтилишича энага жинояти боис ўлдирилган қизалоқ ота-онасига етказилган зарар миқдори 5 млн. 700 минг рублни ташкил этган. Мерешковалар оиласига квартирани ижарага топширган уй эгасига ёнғин оқибатида 1 млн 400 минг рубл зарар етказилган.

Суд жабрланувчиларга етказилган зарар Гулчеҳра Бобоқуловадан ундириш талабини қониқтирмади.

Суд қароридан олдинроқ, маҳкама мажлисида прокурор 38 яшар самарқандлик Гулчеҳра Бобоқуловани қамоқ жазосига ҳукм этмасликни сўраб, энагани руҳий шифохонага даволанишга юборишни сўраган эди.

Гулчеҳра Бобоқулова судда сўзлаган сўнгги чиқишида, йиғламсираб, бошини танасидан жудо қилган қизалоқ ота-онаси яхши инсонлар эканлигини бир неча маротаба такрорлаб, улардан кечирим сўради.

Суд мажлисида қатнашган марҳум қизалоқнинг ота-онаси маҳкамада нутқ сўзлашдан бош тортган.

Олдинги суд мажлисида Гулчеҳра Бобоқулова ўзини Самарқандга даволанишга юборишни сўраган эди.

2016 йилнинг март ойида Ўзбекистон томони Россия Тергов қўмитасига Гулчеҳра Бобоқулова 2003 йилдан бери Самарқанд вилоят руҳий диспансерида рўйхатда турганига оид маълумот юборган. Ушбу ҳужжат бўйича Бобоқуловага шизофрения ташхиси қўйилган.

XS
SM
MD
LG