Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:40

"Ўзбек болаларини мажбуран ишлатаëтган давлатнинг ўзидир!"


Лондон университети қошидаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари маркази эълон қилган янги ҳисобот хулосаси ана шундай. Тадқиқотчилар фикрича¸ дунëнинг аксар камбағал ўлкаларида ота-оналар қиладиган бу зўравонликни Ўзбекистонда марказий ҳукумат амалга оширмоқда.


Британиялик тадқиқотчиларнинг 2009-2010 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистондаги мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш вазиятига оид ҳисоботи “Нима ўзгарди?” деб номланади.

Ҳисобот муаллифларидан бири Даниэл Стивенс билан суҳбатни ҳам айни шу савол билан бошладик.

- Бу саволнинг қисқа жавоби¸ деярли ҳеч нарса ëки кўп нарса ўзгармади. Ўзбекистондаги болалар меҳнатини тўхтатиш борасида халқаро майдонда бораëтган босим¸ айни пайтда ҳукуматнинг бу борада берган бир қатор ваъдаларига қарамай¸ 2009-2010 йилларда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш бутун мамлакат миқëсида давом этди.

Айни ҳисоботда биз Тожикистондаги болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини ҳам тадқиқ қилдик. Аммо Ўзбекистон билан солиштирганда¸ Тожикистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш кўлами анча кичик ва анча ноизчилдир. Тожикистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш маҳаллий даражада бўлса¸ Ўзбекистонда бу марказий ҳукумат қарори билан бутун мамлакат кўламида махсус уюштирилаëтган кампаниядир.

Озодлик: Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланиш муаммосининг ўзак-негизи қайда – бу муаммо ҳукумат уни ҳал этишни мутлақ истамагани учун ечимсиз қолмоқдами¸ ëки бунга Ўзбекистон иқтисоди кириб қолган боши берк йўл сабабми?

- Менимча¸ бу вазиятда сиз тилга олган иккала омил қоришиб кетган. Аммо фундаментал муаммо бу ҳукуматда болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланишни тўхтатаман¸ деган қатъий сиëсий ироданинг йўқлигидир. Биз бундан икки йил аввал ҳозирлаган ҳисоботимизда ҳам¸ янгисида ҳам Ўзбекистон¸ қолаверса Тожикистон ҳукуматини болалар меҳнатидан фойдаланишга мажбур қилаëтган асос омилларни тадқиқ қилишга уриндик.

Ҳукуматни болалар меҳнатидан воз кечмасликка ундаëтган фундаментал сабаб¸ Ўзбекистонда қарор топган қишлоқ хўжалиги табиатига бориб тақалади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳамон марказлашган тизимга бўйсунади¸ мамлакатда хусусий фермерлик бор¸ дейилса-да¸ аслида фермерлар ҳам давлат буйруғига кўра фаолият юрғизади. Молиявий жиҳатдан давлат сиқувида қолаëтган ўзбек фермерида на нима экиш ва на уни қандай йиғиштироб олиш борасида танлов имкони йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати¸ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида кўп гапирса-да¸ амалда бу тизим табиати ўзгаришсиз қолмоқда. Қишлоқ хўжалиги тизими табиатининг ўзгаришсиз қолаëтгани эса¸ яна айни сабаб – ҳукумат тепасида ўтирганларда бу тизимни ўзгартириш истак-иродаси йўқлигидадир!

Озодлик: БМТ йиғинидан туриб Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш жараëнида давлат иштироки борлигини мутлақ инкор этган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов¸ бундай алоҳида ҳолатлар учун ота-оналар ва фермерларни айблаган эди. Тадқиқот жараëнида ҳукуматнинг бу даъвоси қувватландими ëки бу сиз айтган каби сиëсий ирода йўқлигини бекитиш учун ўйлаб топилган баҳонами?

- 2009 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган сўровимизнинг яхши томони шундаки¸ биз болалар меҳнати билан боғлиқ саволларни фақат болаларгагина эмас¸ уларнинг ота-оналари¸ ўқитувчилари¸ айни пайтда хусусий фермерларга ҳам бердик. Жавобларни жамлаганимизда¸ Ўзбекистонда болаларни мажбурий равишда пахта далаларига ҳайдаш ташаббусининг айнан кимдан чиқаëтгани аниқ бўлди.

Сўровимизда қатнашган ота-оналар бир овоздан болаларнинг мактабда ўқиш ўрнига далада пахта тердирилаëтганидан норози эканларини билдирдилар. Ота-оналарни бу ишнинг болалар саломатлигига таҳдид солаëтгани¸ айни пайтда¸ уларни маорифсиз қолдираëтгани қийнамоқда. Қизиқ жойи шундаки¸ фермерлар ҳам бундан норози. Улар болаларни пахта теришга олиб чиқишни сўрамасликлари¸ аммо маҳаллий ҳокимиятлар ўзларини шунга мажбур қилаëтганини айтдилар ва бу борада улардан ҳеч ким фикр сўрамаслигидан нолидилар. Шундан келиб чиқиб¸ Ўзбекистонда болаларни мажбуран пахта кампаниясига ҳайдаëтган айнан Тошкентдаги марказий ҳукумат экани ва бу ишни жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар орқали амалга ошираëтгани аниқ-тиниқ намоëн бўлди. Бу ҳақда на ота-она¸ на ўқитувчи ва на фермердан ҳеч ким ҳеч қачон фикр сўрамайди¸ улар ҳам буйруқни бажаришга мажбур¸ холос.

Озодлик: Ўтказилган икки йиллик тадқиқот хулосасида¸ на халқаро босим ва на Тошкентнинг ваъдалари Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш вазиятига деярли таъсир кўрсатди¸ деган фикрга келибсизлар. Бундан буëғига нима қилиш керак - бесамар қолаëтганига қарамай¸ халқаро босимни давом эттириш керакми¸ ëки буни ўзбекистонликларнинг ўзи ва вақт ҳукмига ташлаб қўйиш керакми?

- Биз тадқиқотимиз хулосасида¸ кўп нарса ўзгармади¸ аммо нимадир ўзгарди¸ деган тўхтамга келдик. Масалан¸ 2008 йили Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишга қаратилган миллий ҳаракат дастури қабул қилинди ва 2009 йилда ҳукумат пахта теримига вояга етмаган кичик болаларни имкон қадар олиб чиқмасликка ҳаракат қилди. Аввалига 14 ва ундан катта ëшдагилар далага ҳайдалган бўлса¸ кичикларга тегмаслик¸ жилла қурса улар меҳнатидан фойдаланишни чеклашга ҳаракат қилинди. Аммо ҳаво ҳарорати совуб¸ тошкентдагилар пахта ҳосилини тезда йиғиб олиш учун бошқа ресурслари қолмаганини англагач¸ кичкина болалар ҳам далага олиб чиқилди.

Буларнинг бари¸ халқаро босим остида ҳукуматнинг болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш манзарасини салгина яхшилашга уринганини кўрсатади. Аммо ҳукумат ўзи яратган қишлоқ хўжалиги тизими¸ ҳатто бугун Тошкент истаган тақдирда ҳам битта буйруқ билан болалар меҳнатини тугатишга йўл бермайди. Бунинг учун қишлоқ хўжалигида туб¸ ҳақиқий ислоҳотлар ўтказилиши лозим. Асл муаммо эса¸ Тошкентда бундай ислоҳот ўтказишга мутлақ иштиëқ йўқлигидадир.

Шу боис¸ халқаро ҳамжамият босимни давом эттириши ва Тошкентни болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишни тўхтатиш учун қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга рағбатлантириши лозим. Зотан¸ бундай ислоҳотларсиз¸ Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам бериш мумкин эмас.

Озодлик: Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши бораëтган халқаро кампания танқидчилари¸ пахта нархи ошиб бораëтган ҳозирги пайтда ўзбек пахтасини бойкот қилиш ортида Ғарб бизнес манфаатлари ëтгани¸ мақсад ўзбек пахтасини арзон-гаровга сотиб олиш эканини даъво қилмоқдалар. Улар иддаосича¸ Лотин Америкаси¸ Осиë ва Африканинг аксар қисмида болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда¸ аммо айнан иқтисодий манфаат борлиги учун танқидчилар Ўзбекистондаги муаммони нишонга олмоқдалар. Бундай эътирозларга қандай жавоб берасиз?

- Гарчи биз ўз ҳисоботимизда ўзбек пахтасини бойкот қилиш кампанияси ортидаги мотивларни махсус тадқиқ қилмаган бўлсакда¸ бу саволингизга содда жавоб беришга уринаман.

Ўзбекистондаги болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш муаммоси дунëнинг бошқа давлатларидаги айни муаммодан фарқ қилади. Фарқ эса¸ болаларнинг айнан марказий ҳукумат томонидан мажбуран ишлатилаëтганидир. Ҳа¸ дунëдаги аксар камбағал давлатларда ота-оналар оила учун қўшимча даромад келтирсин¸ деб вояга етмаган болаларини ишлашга мажбурлайди. Аммо Ўзбекистонда бу ишни ота-оналар эмас¸ давлат қилмоқда. Айтганимдек¸ ота-оналар бундан ниҳоятда норози.

Ўзбекистонда ҳукумат ўзи хорижга сотаëтган пахта таннархини сунъий равишда арзон қилиш ва кўпроқ фойда олиш учун мақсадли тарзда болалар меҳнатидан фойдаланмоқда. Мамлакатда мажбуран сув текинга етиштирилиб¸ хорижда қимматга сотилаëтган бу пахтадан келаëтган асосий тушум эса¸ Бўҳронларни ўрганиш бўйича халқаро гуруҳ хулосасига кўра¸ тепада ўтирган бир гуруҳ элита чўнтагини тўлдирмоқда. Бундан эса¸ Ўзбекистонда сақланиб қолаëтган болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишдан айнан тепада ўтирган бир гуруҳ сиëсий элита манфаатдор¸ деган хулоса келиб чиқади.
XS
SM
MD
LG