Линклар

Бош вазир Шавкат Мирзиëев хонанда Абдулазиз Каримни унвонидан маҳрум қилди


Ўзбекистонда "хизмат кўрсатмаган" артистга айланган қўшиқчи Абдулазиз Карим

Ўзбекистонда "хизмат кўрсатмаган" артистга айланган қўшиқчи Абдулазиз Карим

Таниқли хонанда ва композитор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Каримнинг унвонлари Ўзбекистон Бош вазири талаби билан бекор қилинди. Бунга хонанданинг Туркия ватандошлигини олгани сабаб қилиб кўрсатилди. Артистнинг турк фуқаролигига ўтгани Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлигида ҳам муҳокама қилинган.

Бош вазир хонандага қарши

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги йиғилишда сўзга чиққан Бош вазир Шавкат Мирзиëев Туркия ватандошлигини олган хонанда Абдулазиз Каримни “ватан хоини” деб атаб¸ уни барча унвонлардан мосуво қилинганлигини айтган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси¸ Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги ходимлари ва санъаткорлар иштирок этган бу мажлисда қатнашган тошкентлик мулозим исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка айрим тафсилотларни айтиб берди:

- Икки ҳафтача олдин Вазирлар Маҳкамасида мажлис бўлди. Мажлисда шахсан Шавкат Миромонович қатнашди. Мажлис бошида ҳар хил мавзуларга тегиб ўтилди. Охирида асосий мавзу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим ҳақида бўлди. Абдулазиз Карим Туркия фуқаролигини олгани бўйича жуда катта норозиликлар билдиришди. Уни ҳаттоки "ватан хоини" даражасига чиқариб қўйишди. “Туркиянинг Бош вазирига эътироз билдирамиз. Нега бизнинг унвони бор санъаткоримизни фуқароликка қабул қилади”, деган ҳар хил гаплар ҳам бўлиб ўтди. Абдулазиз Карим 2000 йилда олган Ниҳол мукофоти ва 2003 йилда олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари шахсан Мирзиëев томонидан олиб ташланди¸- дейди Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги мулозими.

Манбанинг айтишича¸ Бош вазир томонидан қўшиқчиларнинг “погонини юлиш” тадбири биринчи марта бўлаëтгани йўқ:

- 2010 йилда Шавкат Мирзиëев "Ҳўжа" гурухи солисти Иззат Ибрагимовнинг Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган унвонини олиб қўйган эди. Иззат Мустақиллик байрам дастурининг репетициясига бормагани учун жазоланди. Кейин Иззат ўртага казо-казоларни қўйиб, ялиниб-ëлвориб унвонини қайтариб олган эди¸- дея эслайди суҳбатдош.

Президент берган унвонни Бош вазир бекор қилди

Президент берган унвонни Бош вазир бекор қилди

"Ўзбекнаво" сукутда

Озодлик мухбири бу борада изоҳ сўраб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига қўнғироқ қилди.

Ўзини Маъруфжон деб таништирган мулозим бу маълумотни изоҳлай олмаслигини айтиб, гўшакни илиб қўйди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Абдулазиз Каримнинг Туркия ватандошлигини олгани Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлигида ҳам муҳокама қилинган.

Бу мажлисдан кейин “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Туркияга кетаётган хонандаларга талабларни кучайтирган. Эндиликда Туркияга бормоқчи бўлган хонандалар ҳам тегишли идоралардан рухсат олиши лозим. Ушбу тартибнинг жорий қилиниши ўзбекистонлик хонанда Абдулазиз Каримга Туркия фуқаролиги берилганидан пайдо бўлган хавотирлар ўлароқ изоҳланмоқда.

Абдулазиз Карим ижросидаги "Хой номард" қўшиғи (Youtube-дан олинди)

Исталмаган артистлар

Маданият ва спорт вазирлиги эълон қилган Ўзбекистон халқ артистлари рўйхатидан ҳукумат артистларни исталган ва исталмаганларга ажратганини сезиш мумкин.

Ушбу рўйхатдан Шерали Жўраев, Фарруҳ Зокиров, Юлдуз Усмонова, Ортиқ Отажонов ва Бобомурод Ҳамдамов каби халқ артистлари ҳам тушириб қолдирилган.

Вазирлик сайтидаги рўйхатнинг xалқ артистлари бўлимида фақат 10 нафар артистнинг номини кўрамиз. Гулсанам Мамазоитова билан бошланадиган бу рўйхатга Зулайхо Бойхонова, Маҳмуд Намозов, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Озодбек Назарбеков, Ўктам Ахмедов исмлари тиркалган.

Фахрли рўйхат сўнгида Ғуломжон Ëқубов исми турибди. Сўз усталари бўлимида қизиқчи Мирза Ҳолмадов бору лекин Обид Асомов йўқ.

Рўйхатнинг хонандалар бўлимида Феруза Жуманиëзовани ҳам Лола Йўлдошевани ҳам кўрмаймиз, Шерали Жўраевнинг икки ашулачи ўғли исми ҳам кўринмайди.

Рўйхатда Ортиқ Отажоновнинг ўғли Улуғбек Отажонов ҳам йўқ. Лекин Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар Усмонованинг исми бу рўйхатга санъаткор билан вазирлик ўртасидаги муроса тимсоли ўлароқ қўйилгандек туюлади.

Бу рўйхатнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар бўлимида Абдулазиз Каримнинг исми йўқ.

Ўзбек бош вазири ғазабига учраган ҳофизни турк бош вазир сийлади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим жорий йилнинг 29 март куни шахсан Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлидан мактуб олган эди.

Мактубда Абдулазиз Каримга "истисно тариқасида" Туркия ватандошлиги (бу мамлакатда "фуқаро" сўзи ўрнига "ватандош" сўзи қўлланилади) берилгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилиши ортидан 2015 йил май ойида Туркияга чиқиб кетганди.

Озодлик билан илгари қилган суҳбатида Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, "Ўзбекнаво", Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтган эди.

​Абдулазиз Карим 90-йилларда "Қурбон бўламан" қўшиғи билан Ўзбекистонда энг таниқли хонандалардан бирига айланди.

Кейинчалик Абдулазиз Каримнинг Яссавий ғазалларига басталаган куйлари халқ орасида шуҳрат топди.

У барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.

Ўтган йил охирида бастакор-ижрочи таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳниннг "Ғариб дарахт"¸ "Ойдинга" каби олтита шеърини қўшиқ қилиб куйлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG