Линклар

Полицияга пора бериб 15 ойга қамалган мигрант $2420 жаримани деб, Ўзбекистонга қайтолмаяпти


Россиянинг Ярослав вилояти депортация марказида сақланаётган жиззахлик Ойбек Азимов, полиция ходимига пора беришда айбланиб, 1 йилу 3 ойлик қамоқ жазосини ўтагандан сўнг, ҳануз ватанига юборилиши мавҳум қолмоқда. Ойбек Азимовнинг иддао қилишича, маҳаллий полициячилар уни қамаш мақсадида пора беришга ундаган.

Озодликнинг Ўзбекистон ватандоши иддаоси бўйича Ярославль полиция бўлимига қилган мурожаати жавобсиз қолдирилди.

Кузатувчиларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари орасида пора беришда айбланиб, маҳкамага тортилаётганлар кўпаймоқда.

25 яшар Ойбек Азимов Ярославль шаҳрида қурувчи бўлиб ишлаган. Унинг айтишича, “кунларнинг бирида ҳайдовчи танишига завқи келиб”, машина мингиси келган ва танишининг розилиги билан рулга ўтирган. Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган Ойбек рулга ўтирганидан кўп ўтмай йўл полиция ходими томонидан тўхтатилган. Ойбек полициядан қутулиш мақсадида пора бериш унинг хаёлида ҳам бўлмаганини айтади.

- Мен ва машина эгаси - шеригимни, полиция биноси томон олиб боришди. Ичкарига киришдан олдин, бизга “протокол тузамизми ё келишамизми?” – деб сўрашди. Шеригим “келишамиз”, деди. Бизга полиция ходими ўз машинасига ўтиришга ишора қилди. Машинага ўтирганда шеригим ёнидан 5 минг рублни олиб полициячига узатди. Кейин бизларни милисахонага олиб киришди. Шеригим қўқонлик, 32 яшар, 2 фарзанднинг отаси. Ичкарида бизни пора беришда айблашди. Шеригим йиғлай бошлади. “Мени қамашади, уйим кўйди, болаларимни ким боқади,” деб хотинига ва бошқаларга телефон қилиб, бақира бошлади. Мен гуноҳни бутунлай ўз бўйнимга олдим. Полициячиларга “пулни шеригим эмас, мен бердим”, деб айтдим. Мен ҳали уйланмаганман, 25 ёшдаман. Шунинг учун ҳамма гуноҳни ўз бўйнимга олдим. Мени Россия жиноят коддексининг 291- модда, 3- қисм бўйича қамашди. Суд чиқарган қарор бўйича яна мен 150 минг рубл (тақрибан $2420 доллар) жарима тўлашим керак экан. Суд белгилаган 1 йилу 3 ойлик қамоқ муҳлатини ўтадим. Мени бу ерга - депортация марказига олиб келишди. Бир ойдан буён ўтирибман шу ерда. Менга яна 150 минг (тақрибан $2420 доллар) жарима пулини тўламасанг, ўтираверасан, деб айтишаяпти. Менда бундай маблағ йўқ. Нима қилишим керак? Менга ёрдам беринг, - деди Ойбек

Ўз навбатда Озодлик Ярослав вилояти, Тутаев шаҳри чет элликларни сақлаш маркази расмий ходими Андрей Семёновга мурожаат қилиб, Ойбек Азимов депортация марказига қанча ушлаб турилиши мумкинлиги ҳақида сўради.

- Ойбек Азимовнинг Россиядан чиқишига тақиқ қўйилган. Тақиқ суд қарори бўйича қўйилган. Унга тақиқ қўйилганидан биз бехабар эдик. Яқинда билдик. Тақиқ бекор қилиниши учун Ойбек судга мурожаат қилиши керак. Суд қўйилган жарима (150 минг рубл)ни бекор этгандан сўнг, биз уни Ўзбекистонга чиқариб юборишимиз мумкин. Тақиқ бекор этилмас экан, чет элликлар Россиядан чиқарилмайди, деди Андрей Семёнов.

Россия қонунчилиги бўйича чет элликларни сақлаш марказида чет эл ватандоши 2 йилгача ушлаб турилиши мумкин.

Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг Озодликка айтишича, муҳожирлар қандай шароитга тушишларидан қатъиназар, пора бериб, муаммони ҳал этмасликлари керак.

- “Полиция ходимлари пул бергин, кейин қутуласан”, деб очиқчасига айтган ё айтмаганига боғлиқ. Агар “пул бергин”, деб айтган бўлса, бу қамаш мақсадида уюштирилган фитна, жиноий жавобгарлик ҳисобланади. Бундай вазиятда полициячи устидан судга мурожаат қилиш мумкин. Лекин маҳкамада ютиб чиқиш имкони ниҳоятда паст. Қандай бўлмасин, Ойбекнинг суд материаллари билан танишишга ҳаққи бор. Агар полиция ходимининг аниқ пул сўрагани видеотасвирда акс эттирилган бўлса, маҳкама иши муҳожир фойдасига ҳал бўлиши мумкин. Агар видеотасвирда “ўзинг биласан”, “қандай хоҳласанг, шундай ҳал қил”, “бу сени проблеманг”, каби сўзлар бўлса, унда маҳкама ижобий ҳал бўлишига умуман умид йўқ,- деди Валентина Чупик.

Пора беришга уринганликда айбланиб, маҳкамага тортилан меҳнат муҳожирлари ҳақида Россия матбуоти мунтазам мақола чоп этиб келади. Озодлик суҳбатлашган қатор марказий осиёликлар сўзларига кўра, баъзи полициячилар нафақат ноқонуний юрган муҳожирлардан, балки барча ҳужжатлари қонуний бўлганлардан ҳам очиқ пул талаб қилади ва аксар ҳолларда порани мажбуран ундириб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG