Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 03:13

Британияда Гулнора Каримованинг қиймати 25 млн доллардан ортиқ уйлари мусодара қилинди


Гулнора Каримова (архив сурати)
Гулнора Каримова (архив сурати)

Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office) Буюк Британиядаги Гулнора Каримовага қарашли учта кўчмас мулк объектини мусодара этди.

Бу ҳақда SFO’нинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган баёнотида айтилган.

Бу ерда гап Лондоннинг Белгравия ва Мейфэр мавзеларида жойлашган иккита квартира ҳамда Суррей графлигидаги ҳашаматли уй ҳақида боряпти. Суррейдаги уйни Каримова 2010 йилда сотиб олган. 1912 йилда қурилган ҳашаматли уй ҳовлисида қайиқда сузиш учун кўл ва майдони 70 минг квадрат метрча келадиган боғ мавжуд.

Учала уй қиймати 20 миллион фунт стерлингдан кўпроққа (тақрибан 25 миллион 600 минг АҚШ доллари) баҳоланмоқда.

SFO Каримованинг Британиядаги мазкур уч кўчмас мулк объекти дохил активларини мусодара қилишга оид даъво аризаси билан судга 2018 йилнинг октябрь ойида мурожаат қилган. Буюк Британия Олий суди жорий йилнинг 8 августида мазкур даъвони қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқарган.

SFO қайдича, мазкур кўчмас мулк объектларини Гулнора Каримова ва унинг оиласи “Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан тушган даромад” эвазига сотиб олган.

SFO Каримова 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги бозорга киришга ёрдам бергани эвазига телекоммуникацион ширкатлардан пора ўлароқ юзлаб миллион доллар олганини иддао қилади”, дейилган баёнотда.

Бюро раҳбари Лиза Ософскига кўра, SFO бу объектлар устидан назоратни қўлга киритиш учун кўплаб офшор ҳисобрақамлар ва ширкатларни ўз ичига олувчи “мураккаб молиявий из”ни чигалини ечган.

Аввалги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда 2013 йили талон-торож ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик моддалари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йили биринчи иш бўйича унинг 5 йилга озодлиги чекланган, 2017 йилдаги иккинчи иш бўйича эса у 10 йилга қамалган. Кейинроқ бу жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.

2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.

Татьяна Каримовага қамоқдаги қизини кўрсатишмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:32 0:00

Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.

2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.

Ўтган йил сентябрида Россия суди Гулнора Каримовага қарашли Москвадаги олтита квартирани мусодара этган. Ўшанда Россия ва Ўзбекистон бу уйларнинг сотилишидан тушган пулларни тенг тақсимлаб олишга келишишган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG