Линклар

Тошкент вилоятининг асосан ғалла ва сабзавотчиликка ихтисослашган Янгийўл туман ҳокимлиги ғалла мажбуриятини бажарган фермерларни ҳам шартномада кўзда тутилган мажбуриятининг 10 фоизи баробарида қўшимча буғдой топширишга мажбурламоқда. Айтилишича¸ “ватан мустақиллигининг 25 йиллигига туҳфа” деб аталаëтган бу талаб бажарилмаса¸ ҳокимият вакиллари фермернинг ерини тортиб олиш билан таҳдид қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган янгийўллик фермерларга кўра¸ шу кунларда туман ҳокимлиги¸ солиқ идораси ва бошқа қатор тизим вакилларидан иборат махсус гуруҳ фермерлар ерини бирма-бир кўздан кечирмоқда.

“Бу гуруҳ шартномада белгиланган буғдой режасини ошиғи билан топшириб бўлган фермерга энди янги солиқ солаяпти. “Мустақилликнинг 25 йиллигига ватанга режада белгиланган ҳосилнинг яна 10 фоизини давлат белгилаган нархда туҳфа қиласизлар”¸ деяпти. Қилмасанг¸ разрешениеда кўрсатилмаган экин эккан¸ деб ерингни тортиб оламан деб қўрқитаяпти. Еримдаги ҳамма буғдойни териб топширдим¸ планни ошиғи билан бажардим. Ерда буғдой қолмадику¸ десам¸ бозордан олиб топширасан¸ деяпти”¸ дейди Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган янгийўллик фермерлардан бири.

Айтилишича¸ шу кунларда бозорда бир кило буғдойнархи 1200 сўм атрофида¸ ҳокимият эса фермер топширадиган буғдойнинг килосига 503 сўмдан нарх белгилаган.

“Қўшни туманда ҳосили яхши бўлган фермерлар 1000 сўмдан нақд бериши мумкин. Шартномага кўра¸ 150 тонна буғдой топширган фермер яна 15 тонна буғдой бериши керак. Уни 1000 сўмдан сотиб олса ҳам¸ 15 миллион нақд сўм керак. Ўзи шундоқ ҳам қарзга ботиб¸ ишчиларига пул беролмаëтган фермер нақд 15 миллионни қаердан олади¸ буларнинг иши йўқ”¸ дейди янгийўллик фермерлардан бири.

Озодлик суҳбатлашган Янгийўл туман ҳокимлиги масъули¸ айни кунларда туман бўйлаб махсус гуруҳ мониторинг ўтказаëтгани ва фермерларнинг ўзига берилган ерга нима экканини бирма-бир текшираëтганини тасдиқлади.

Айни пайтда¸ бу гуруҳ шартномада белгиланган буғдойни топшириб бўлган фермерга яна 10 фоизлик қўшимча солиқ солаëтганини инкор қилди.

“Планини бажарган бўлса¸ ҳеч ким индаëтгани йўқ. Бажармаганларга қаердан бўлса ҳам буғдойни топасан¸ бозордан олиб бўлса ҳам планни бажарасан¸ деган гаплар бўлаяпти лекин. Район давлат берган планни бажариши керак ахир”¸ деди Янгийўл туман ҳокимлигининг Озодлик гаплашган вакили.

Озодлик суҳбатлашган янгийўллик фермерлар¸ махсус мониторинг гуруҳи¸ буғдойдан бошқа экин экишга берилган ерларга нима экилганини ҳам биттама-битта қайддан ўтказаëтгани ва бу борада ҳам кучли босим бўлаëтганини билдирди.

“Президент фермерга эркинлик берилган¸ дейди. Булар бўлса¸ бир қарич ерга ҳам эркинлик бермаяпти. Менга ҳокимлик 50 фоиз ерингга помидор¸ бақлажон экасан деб ëзиб қўйибди. Менинг еримда помидор бўлмайди¸ ҳосил бермайди. Кейин план деб тутади. Шунга бошқа нарса экканман¸ энди менга помидор-бақлажон топширасан деб босим қилаяпти. Бир қарич ерга ҳам хоҳлаган нарсангни эколмасанг¸ бу қанақа эркинлик¸ дейди Озодлик гаплашган яна бир фермер.

Бу шикоятларга жавоб қайтарган Янгийўл туман ҳокимлиги расмийси¸ бундай босимнинг асл сабаби 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукуматининг мева-сабзавот экспортига махсус аҳамият қаратганига бориб тақалишига ишорат қилди.

“Бу йил президентнинг мева-сабзавотчиликни ривожлантириш¸ экспортга мева-сабзавот топшириш ҳақида фармони чиқди. Ҳокимият ҳар битта фермер билан қанча ерига нима экиш бўйича разрешение тузган. Ерининг 50 фоизига буғдой эккан бўлса¸ қолганига ҳокимият билан келишувда нима белгиланган бўлса¸ шуни экиши керак. Фермернинг кўпи сабзавот ўрнига¸ макка экиб ташлаган. Ана шулар тўполон қилаяпти шекилли”¸ деди Озодликка мурожаат қилган фермерларга жавобан ҳокимият вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG