Линклар

logo-print

АҚШ: Президентлик учун номзодлар Исроилга содиқ бўлишга сўз берди


АҚШ президентлиги учун номзод Дональд Трамп Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси ҳузурида нутқ сўзламоқда, 2016 йил 21 марти.

АҚШ президентлиги учун номзод Дональд Трамп Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси ҳузурида нутқ сўзламоқда, 2016 йил 21 марти.

АҚШ президентлиги учун номзодлар, жумладан, республикачилардан асосий даъвогар Дональд Трамп Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси ҳузурида нутқ сўзлади.

АҚШ президентлиги учун номзодлар, жумладан, республикачилардан асосий даъвогар Дональд Трамп 21 март куни Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси ҳузурида нутқ сўзлади. Унда, асосан, АҚШ ва Исроил алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди.

Нутқининг бошидаёқ Дональд Трамп ўзини Исроилнинг содиқ дўсти сифатида кўрсатишга уринди.

“Сиёсатда янгиман, лекин яҳудий давлатини доим қўллаганман”, - деди у.

Агар сайлансам, АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчираман ва Эрон билан тузилган ядро битимини бекор қиламан, деди Трамп.

“Биринчи мақсадим Эрон билан тузилган фалокатли битимни йўқ қилиш. Азалдан бизнесменман. Шартнома тузишни биламан. Бу битим Америка, Исроил ва бутун Яқин Шарқ учун фожеа”, - деди миллиардер номзод.

Бу пайт йиғин ташқарисида Трампга қарши намойишлар бўлиб ўтди.

“Трампдан эшитганимиз фақат нафрат, мутаассиблик, ирқчилик ва фашизм бўлди. Ортиқ эшитишга тоқатим йўқ”, - деди фаол Элеанор Голдфилд.

Аммо бу ерга Трамп тарафдорлари ҳам йиғилди.

“Трампни ёқтираман. У олижаноб шахс. Сайланса, мамлакат ва дунё учун яхши бўлади”, - деди яҳудий пешвоси Арон Меҳлман.

Демократлардан асосий номзод Ҳиллари Клинтон ҳам конференцияда гапириб, Исроилни қаттиқ қўллаб-қувватлашга ваъда берди. У Трампнинг айрим қарашларини танқид қилишга ҳам улгурди.

“Бизга кучли қўллар керак. Лекин душанба куни бетараф, сешанба куни исроилпараст президент эмас. Билмадим, у чоршанба куни нима деркан. Исроил хавфсизлиги ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас”, - деди Клинтон.

Тед Круз ҳам йиғинда қатнашди.

“Республикачи асосий рақибим Исроил ва Фаластин ўртасида бетараф бўлишга ваъда берди. Шуни аниқ айтиб қўяй. Президент сифатида мен бетараф бўлмайман”, - деди у.

Жон Кейсик ҳам шундай фикрда.

“Бизнинг стратегик ҳамкоримиз Исроилга нисбатан дўстлигим ва қўллаб-қувватловим 35 йилдан зиёд профессионал ҳаётим давомида кучли бўлиб келган”, - деди у.

Демократ Берни Сандерс сайлов кампанияси билан бандлигини айтиб, яҳудий лоббичилар йиғинида қатнашмаган ягона номзод бўлди.

Amerika Ovozi материали

XS
SM
MD
LG