Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:26

Цемент заводи тегирмони икки ишчини эзиб ташлади


Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги цемент ишлаб чиқариш заводида 19 октябрь куни юз берган фалокат оқибатида икки киши ҳалок бўлди, бир киши оғир жароҳат олди. Воқеа гувоҳларига кўра, ишчилар завод тегирмонини таъмир қилаётган пайтда, тегирмон бехосдан ишлаб кетган ва йигитларни ғажиб ташлаган.

Зафарабод тумани ҳудудидаги Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига қарашли цемент ишлаб чиқариш заводида 19 октябрь куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида завод ишчиларидан бири Озодликка хабар қилди:

“Цемент заводида ишлайдиган уч нафар йигитни тегирмон ўз ичига тортди. Улардан икки нафари ҳаётдан кўз юмди. Бир нафари оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Ўлганлардан бир нафари ҳали чимилдиқ кўрмаган ёш бола эди”, деб ёзди завод ишчиси.

Исми сир қолишини сўраган завод мулозимларидан бири, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳа, кутилмаган фалокат бўлди. Йигитлар техника хавфсизлигига риоя қилмаслик натижасида ҳалок бўлди. Улар тегирмон барабанини ремонт қилаётган пайтда тушиб кетган. Гулмурод Дониёров ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган. Обид Жайнаров касалхонада операциядан чиқмади. Омонкелди Ҳасанов эса ҳозир реанимацияда, дўхтирлар унинг ҳаёти учун курашяпти. Корхонада фалокат сабабларини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилди. Ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиляпти”, деди корхона мулозими.

Мулозимга кўра, комиссия фалокатнинг сабабларини аниқлайди ва бунга жавобгар шахслар жазоланади.

Жиззах вилояти тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, марҳумларнинг жароҳатлари жуда оғир бўлганлиги учун ҳам уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган:

“Завод тегирмони болларни эзиб ташлаган. Уни сўз билан тасвирлаш жуда қийин. Соғ жойи қолмаганда. Бири касалхонага олиб келишганда ўлиб бўлган эди, бири эса операция пайтида жон берди. Учинчиси, Омонкелди Ҳасановнинг иккита сон суяги, қўли синган. Аҳволи оғиру, лекин Худо хоҳласа тирик қолади”, деди тиббиёт бирлашмаси мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда техника хавфсизлиги қоидаларини билмаган ишчиларнинг ишга ёлланиши сабаб бахтсиз ҳодисалар кўп рўй беради.

Жорий йилнинг 9 августида Жиззах вилоятида канализация қазиш ишларини олиб бораётган икки нафар ишчи тупроқ остида қолиб ўлган эди.

10 август куни эса Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 10 киши газдан димиқиб ўлди ва яна уч киши Жиззах шаҳри шифохонаси жонлантириш бўлимига олиб кетилди. Муҳандис, сантехник ва қурувчилар ер остидаги сув моторлари носозлигини тўғирлаш учун 6 метр чуқурликка бирин-кетин тушиб, сув сатҳида йиғилиб қолган газдан димиқиб ҳалок бўлганлар.

Ўтган йили Ўзбекистондаги Бекобод цемент заводида икки ишчини тупроқ босиб қолган эди.

Ундан олдин Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Кўчбулоқ қишлоғи яқинида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ташландиқ конидаги портлаш оқибатида ўнлаб одам тоғ тагида қолиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG