Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:08

Чеченистонда ўзбек меъморлари тарҳи асосида қурилаётган масжид йил охирида ишга тушади


Грознийда 8 йил муқаддам туркча услубда қуриб битказилган жомеъ масжидига Аҳмад ҳожи Қодиров номи берилган.
Грознийда 8 йил муқаддам туркча услубда қуриб битказилган жомеъ масжидига Аҳмад ҳожи Қодиров номи берилган.

Жорий йил охирида Чеченистоннинг Шали тумани марказида бир вақтнинг ўзида 20 минг киши намоз ўқиши мумкин бўлган жомеъ масжиди ишга тушади. Президент Рамзан Қодиров номи билан аталажак бу масжид меъморий лойиҳасини ўзбекистонлик архитекторлар тайёрлаган.

Қурилиши 2012 йил декабрида бошланган жомеъ масжиди “Мечеть Строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилмоқда. Ширкат бош директори Амрудди Эдильгириев “Грозний” телерадиокомпаниясига берган интервьюсида Рамзан Қодиров масжидининг қурилиши тўхтовсиз олиб борилаётгани, қурувчилар ҳатто Рамазон ойида ҳам дам олмаганларини айтган.

Масжиддаги марказий гумбаз баландлиги 43 метрга етиши, тўрт томони эса баландлиги 63 метр келадиган миноралар билан ўралиши айтилмоқда.

Чеченистон нашрларига кўра, Шалидаги масжид дунёда ўхшаши йўқ бўлади. Ибодатхонанинг ичи ва таши оқ юнон мармари билан безалади. Ич-таш чироқларини ўрнатиш иши эса Италия ширкатига топширилган.

Тенгсиз-тимсолсиз деб айтилаётган бу масжиднинг тарҳини ўзбекистонлик меъморлар чизган. Шу важдан масжиднинг гумбаз, пештоқ ва равоқлари Ўзбекистондаги кўҳна меъморий обидалар, масжиду мақбараларни эслатади. Eurasia Daily ахборот агентлигига кўра, жоменинг туркистонча услубда бунёд этилаётгани Чеченистоннинг Ўзбекистондаги тасаввуф марказлари билан чамбарчас алоқасини тамсил этади.

Рамзан Қодиров номидаги жомеъ​ масжиди.

Бухоро яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида Нақшбандия тариқати пешвоси Муҳаммад бин Муҳаммад Бухорий ёки халқ Баҳоуддин Нақшбанд деб биладиган пири комил мозороти бор. Қодирия (жаҳрия) тариқати пешвоси Абдулқодир Гилоний ҳазратларининг қабрлари ҳам Бухорода. Чеченистоннинг марҳум президенти ва амалдаги давлат раҳбари Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад ҳожи ҳам Қодирия тариқатига мансуб бўлган. Рамзаннинг ўзи ҳам шу тариқат муриди бўлиб ҳисобланади. Айтиш жоизки, Ичкериячечен республикасининг тўнғич президенти Жоҳар Дудаев ҳам ўзини Қодирия тариқати мансуби деб билган. Доғистон ва Чеченистон мусулмонларининг сиёсий ва диний раҳбари Имом Шомил эса Нақшбандия шайхи бўлган.

Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад ҳожи Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. У Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўзига устоз билган.

Ўзбекча услубда қурилаётган Рамзан Қодиров номидаги янги масжид ҳозирданоқ намоз ва зикр марказига айланган. Интернетда бу масжидда Қодирия мансубларининг баланд овозда зикр тушаётгани акс этган видеоларни кўриш мумкин.

Арғундаги Аймани Қодирова номидаги масжид.
Арғундаги Аймани Қодирова номидаги масжид.

Чеченистонда маҳобатли масжидлар аввал ҳам қурилган. Хусусан, “Чеченистон юраги” деб ҳам юритиладиган Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги жомеъ масжиди дунёдаги энг катта масжидлардан бири экани иддао қилинади. 2008 йил октябрида очилган бу масжид туркча (Меъмор Синон) услубда қурилган. Чеченистоннинг Арғун шаҳрида хай-тек услубида қурилган ва икки йил муқаддам ишга тушган жомега эса Рамзаннинг онаси Аймани Қодирова номи берилган. Турк меъморлари тархи бўйича қурилган ва айрим манбаларга кўра, бир вақтнинг ўзида 15 минггача намозхонни сиғдириши мумкин бўлган бу ультразамонавий масжид ҳам Қодирия муридлари зикри билан очилган.

Аҳмад ва Рамзан Қодировларнинг чечен танқидчилари, хусусан, Салафия оқими издошлари бу ибодатхоналар хурофот марказига айланганини иддао қилиб келадилар. Тасаввуфий тариқатларга амал қилувчи сўфийлар ибодат деб билган айрим амалларни (хусусан, қодирия зикрини) улар бидъат ва хурофот, деб ҳисоблайдилар.

XS
SM
MD
LG