Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 19:02

Ўзбек-қирғиз чегараси: Бола кўтарган ҳаммол аёл ва Ўш орқали Россияга йўл олган ўзбеклар (ФОТО)


Ўзбекистон 10 июндан бошлаб мамлакатга киришда коронавирус билан боғлиқ барча чекловларни бекор қилди. Бунинг ортидан ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” назорат - ўтказиш постидан ўтувчилар сони кунига 17 минг нафардан ошган.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийларининг айтишича, авваллари ҳафтанинг сешанба ва шанба кунларигина Қорасув бозорига келувчилар сони кўп бўлгани сабабли 15 минг одам чегарадан ўтар эди. Ҳафтанинг қолган кунлари эса бундан бир неча марта камроқ одам ўтган.

Озодлик мухбири 14 июнь куни “Дўстлик” чегарасида бўлди ва эрталабки соат 9 дан кечки 22.00 гача чегарадаги вазиятни кузатди.

Ҳаммол аёллар

Чегарадан ўтаётган ўзбекистонликлар орасида икки тоифа алоҳида кўзга ташланади. Булар - Қорасув бозоридан маҳсулот харид қилиш учун келган савдогарлар ва чегарадан уларнинг юкларини олиб ўтиш билан тирикчилик қилувчи ва асосан аёллардан иборат бўлган ҳаммоллардир.

Чегарадаги тирбандлик ва тиқилинчлар, чегарачилар сўзларига кўра, баъзида жанжалларнинг келиб чиқишига ҳам айни уларнинг навбат талашиши сабаб бўлади.

Биз билан микрофонсиз суҳбатлашган тадбиркор ва юк олиб ўтувчи ҳаммол аёллар сўзларига кўра, чегарадан бож тўловисиз юк ўтказмоқчи бўлган тадбиркор, ҳаммоллар билан юк ҳажми ва кўламига қараб, баъзида индувидуал, баъзида гуруҳ билан баҳолашишади.

Бир нархга келишилгач, тадбиркор ҳаммолни телефонда суратга олади ва суратни чегаранинг Ўзбекистон томонидаги юкни қабул қилувчи шеригига юборади. Бир ҳаммол аёл ўртача ҳисобда 15 килограммдан 25 килограммгача юк олиб ўтиши мумкин. Улар асосан кунда бир марта, баъзи чаққонлари икки марта ҳам чегарадан ўтиши мумкин.

Ҳаммоллар олиб ўтаётган юклар асосан турли кийим-кечаклардан иборат бўлади. Баъзида телевизор, чангютгич каби маиший техника, ҳаво совуқроқ бўлган кунларда Россиядан келтирилган шоколад ёки бошқа ширинликлар ҳам олиб ўтилади.

Баъзи ҳаммол аёлларнинг айтишича, яқинда улар шакар ҳам олиб ўтмоқчи бўлган, лекин қирғиз чегарачилари шакар олиб чиқишга таъқиқ борлигини айтиб, 2 килограмм шакарни ҳам ўтказмай қўйган.

“Дўстлик” чегарасида кечгача, очиқ осмон остида, иссиқда навбатда туриб, бунинг устига чегарада таъмир ишлари кетаётгани сабабли ёмғир ёғса лойга ботиб, кун чиқса, чангга беланиб тирикчилик қилаётган ўзбекистонлик ҳаммол аёллар кунига ўртача ҳисобда 15-20 доллар пул топаётганликларини айтишди. Ҳаммол аёлларнинг баъзиларининг қўлларида чақалоқлари ҳам бор.

Чегарадаги ҳаммолларнинг асосий муаммоси паспорт масаласидир. Ҳаммол аёл чегарадан кунига ёки ҳафтада бир неча марта ўтгани сабабли уларнинг паспорти тез тўлиб қолади. Аёлларнинг айтишича, улар паспортини йилда икки марта алмаштиришади. Баъзилариники 4 ойда ҳам тўлиб қолиши мумкин.

Мардикор аёллар орасида ёши 60дан ўтганини ҳам, қўлидаги гўдаги билан тирикчиликка чиққанини ҳам кўриш мумкин.

Савдогар: Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган маиший техника "Артел"никидан арзон

Ўз исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик тадбиркор аёлнинг айтишича, у 14 июнь куни Қирғизистондан 100 дона духовка харид қилган. Духовканинг нархи Ўзбекистондан камида 30-40 фоизга арзон.

“Бу духовкаларни чегарага олиб келиш, у ерда ҳаммоллар орқали чегарадан олиб ўтиш ва уйга етказиб олиш учун ҳар бир донасига яна 15 доллардан харажат кетади. Ўзбекистонда бу духовкалардан ҳар бирини устига яна 5 доллардан қўйиб сотаман. Шунда ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган "Артел" духовкасидан нархи арзон бўлади ва тезроқ сотилади”,- дейди тадбиркор аёл.

Чегарадан ўтаётган яна бир гуруҳ эса, ўз таморқасида етиштирган қишлоқ хўжалик махсулотларини Ўш бозорларида сотиш учун келаётганлардир.

Ҳозир Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида думбул, бақлажон каби полиз экинлари пишгани боис, деҳқонлар асосан шу нарсаларни олиб келиб сотишаяпти.

“Журналистлар кетиб олсин, юкни ўтказмай туринглар дейишаяпти, чегарачилар, нега мумкин эмасми? Мен ўз уйимда эккан думбулларимни Ўшда доналаб ўтириб сотгани кетаётувдим. Андижонда бу нарсалар жуда кўп, шунинг учун арзон ва одамлар унча харид қилмайди. Сизларда барака бор, пулларинг кучли”, - дейди андижонлик Ҳилола.

Унинг айтишича, у маҳсулотларини ҳар ҳафтада икки кун Ўшга олиб келиб сотади ва чегарадаги навбат бундан бир неча баробар кўп бўлади.

Мигрант: Ўшдан Россияга кетиш Ўзбекистонга қараганда 150 долларга арзон

Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтиш учун чегарадан ўтаётганларнинг тўртинчи гуруҳи - Ўш аэропортидан транзит орқали Россияга ўқишга ёки ишлаш учун кетаётганлардир.
Улар орасида Ўшдан анча олис бўлган Самарқанд ва Бухорода истиқомат қилувчиларни ҳам учратиш мумкин.

Исмини айтишни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган бухороликлардан бирига кўра, Ўш орқали Россияга учиш сезиларли даражада арзондир.

“Бухородан Ўшга келиб, шу ердан билет сотиб олиб, Россияга учишим Ўзбекистондагига қараганда 100-150 доллар арзон бўлади”,-деди у.

Суҳбатдош Россиянинг айнан қайси ҳудудига ва неча пулга билет олгани ва Ўзбекистонда бу билет нархи қанчалиги борасидаги саволларга жавоб беришни истамади.

Чегарадан ўтувчи яна бир гуруҳ - Ўш олийгоҳларида фарзандлари таҳсил олаётган ўзбекистонликлардир. Исмини айтишни истамаган, бироқ Намангандан келганини айтган аёлга кўра, у ҳар 3-4 ойда фарзандининг контракт пулини тўлаш учун Ўшга келади ва ҳар гал чегарада 1-1,5 соат навбатда туришга мажбур бўлади.

“Дўстлик” чегара постидан ўтувчилар орасида қариндош-уруғини кўргани келаётганлар, ўз юмуши билан Ўзбекистон ёки Қирғизистонга ўтаётганлар, сайёҳлар, Ўш орқали Россияга кетаётган яқинини аэропортга кузатиб қўйиш учун келаётганлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG