Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:09

Чимкентда қозоқ ва тожик ёшлари муштлашди


Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига яқин Сакен Сейфуллин номли қишлоқда қозоқ ва тожик ёшлари ўртасида муштлашув чиқди. Муштлашувга тожик миллатига мансуб ўсмирнинг балоғатга етмаган қозоқ қизчасига гўё жинсий тажовуз қилгани ҳақида тарқалган мишмишлар сабаб бўлган.

Айрим ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, муштлашув содир бўлган Сейфуллин қишлоғига кўплаб полициячи етиб борган. Улар қишлоққа бошқа жойлардан одамлар келиб қўшилиши ва муштлашув давом этишига тўсқинлик қилиш учун келганлари айтилмоқда.

Озодликнинг Олмаота шаҳридаги идораси раҳбари Қуанишбек Қори Жанубий Қозоғистон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқ ўринбосари Сирим Абдуллаев сўзларига таянган ҳолда Пахтаорол туманидаги Сайфуллино қишлоғида содир бўлган муштлашув оқибатида уч одам тан жароҳати олгани, бир дўкон ойналари парчаланганини маълум қилди. Қозоғистоннинг энг жанубий тумани бўлган Пахтаорол уч томондан Ўзбекистон билан чегарадош.

Сейфуллин қишлоғидаги муштлашув чоғида жабрланганларнинг шахси очиқланмаяпти.

- Муштлашув вояга етмаган тожик ўсмири балоғатга етмаган қозоқ қизчасини гўё зўрлагани ҳақида мишмишлар тарқаб кетганидан сўнг бошлаган, - деди Қуанишбек Қори.

Жанубий Қозоғистон вилоят полицияси бошлиқ ўринбосари 1 август куни журналистлар билан суҳбатда шифокорлар балоғатга етмаган 5 яшар қизчани тиббий текширувдан ўтказгани, аммо унинг танасида калтак изларини ҳам, зўрланиш аломатларини ҳам топмаганларини билдирган.

Сирим Абдуллаевга кўра, қизчани зўрлагани иддао қилинмиш ўсмир ҳибсга олинмаган ва ҳозир ота-онаси назоратидадир. Оммавий муштлашув ҳодисаси бўйича эса тезкор-тергов бригадаси тузилган.

Таркибига Сейфуллин қишлоғи ҳам кирувчи Ж.Ералиев номидаги қишлоқ округи маъмурияти раҳбари Қалмахон Акишев аввалроқ Озодликка қишлоқ полициячилар томонидан ўраб олингани ҳақида билдирганди. Бироқ вилоят полиция бошқармаси бу маълумотни рад этди ва тартиб сақлаш учун Сейфуллин қишлоғига 170 нафар полициячи юборилганини билдирди.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 50 мингдан кўпроқ тожик истиқомат қилади. Озодликнинг Олмаота бюроси раҳбари Қуанишбек Қорининг айтишича, Қозоғистонда қозоқлар ва тожиклар ўртасида муштлашув камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Ўтган йил февралида Сариоғоч туманидаги асосан қозоқлар ва тожиклар яшайдиган Интимоқ ва Бўстонлиқ қишлоқларида оммавий тартибсизликлар содир бўлган. Тартибсизликлар чоғида бир неча уй ва машиналар ёқиб юборилган. Тартибсизликларга қозоқ миллатига мансуб 30 ёшли Бахит Артиқовнинг ўлими сабаб бўлганди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтгач, Артиқов ўлимида гумонланган тожик миллатига мансуб Навмиддин Норматов Ўзбекистон ҳудудида қўлга олиниб, қозоғистонлик тартиб посбонларига топширилган.

Бахит Артиқов ўлимида айбланган Навмиддин Норматов.
Бахит Артиқов ўлимида айбланган Навмиддин Норматов.

​Ўтган йил июнида қозоқ суди қотилликни бўйнига олган Норматовни 18 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

XS
SM
MD
LG