Линклар

8 ноябрь куни АҚШ сайловчилари сайлов участкаларига отландилар. Кескин қарама-қаршиликларга сабаб бўлган сайлов натижасини аниқлашда рақобат юқори даражада бўлган бир неча штат муҳим роль ўйнаши мумкин. Шунинг учун икки йирик партия номзодлари Ҳиллари Клинтон ҳамда Дональд Трамп сайловнинг охирги кунларини ушбу штатлардаги сайловчилар кўнглини олиш билан ўтказишди.

8 ноябрь куни Тошкент вақти билан 15.00да АҚШда сайлов участкалари очилди.

Бу пайтга келиб АҚШнинг Атлантика океани соҳилидаги Ню Ҳэмпшир штатидаги саноқли одамлар яшовчи шаҳарларда аллақачон овозлар бериб бўлинган эди.

Ню Ҳэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч шаҳрида ўтказилган овоз бериш натижасига кўра Ҳиллари Клинтон кўп овоз қозонган.

1960 йилдан буёнги анъанага кўра, Диксвилл-Нотч шаҳрида сайловчилар ярим тундан сўнг овоз бериш ҳуқуқига эга.

Тунда овоз бериш мумкин бўлган Ню Ҳэмпшир штатининг яна бир майда шаҳарчасида Трамп кўп овоз қозонган.

Бугун Ню Йорк штатининг Чапақ шаҳарчасидаги сайлов участкасида Ҳиллари Клинтон турмуш ўртоғи Билл Клинтон билан овоз беришда қатнашди.

- Бу ерда қанча масъулият борлигини сезяпман. Қанчадан қанча одам сайлов натижасига кўз тикмоқда. Ғолиблик менга кулиб боқса мамлакат учун қўлимдан келганини қиламан, - деди Клинтон.

Сайловчиларнинг 40 фоизи олдиндан овоз бериб бўлган

Америка тарихида рекорд даражада, яъни 46 миллион сайловчи аввалдан овоз беришда қатнашди.

Яъни АҚШдаги сайловчиларнинг 40 фоизи олдиндан овоз бериб бўлган.

Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтон сайлов арафаси ўтказилган деярли барча сўровларда республикачи рақиби Доналд Трампни ортда қолдирди.

Демократлар партияси номзоди Клинтон ҳам, Республикачилар партияси номзоди Трамп ҳам 7 ноябрь куни сайлов натижасини белгилаши кутилаётган бир неча штатга саёҳат қилди. Сайловолди сўровлари мазкур штатларда рақобат кескинлашганини кўрсатмоқда.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган аксар сўровлар Клинтон Трампдан олдинда эканлигини кўрсатаяпти. Республикачилар номзоди сайловдан олдинги охирги кунни Флорида ҳамда Шимолий Каролина штатларида ўтказди.

Куиннипиак университети ўтказган ва 7 ноябрь куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, бир қарорга келмаган штатларда Клинтон бироз олдиндадир.

Аммо бу штатларда икки номзод ўртасидаги фарқ шунчалик озки, сайловда икки номзод бир хил овоз олиши мумкин.

Трамп Оқ уйга раҳбар бўлиш учун лозим бўлган 270 сайловчи овозини тўплаш учун ҳар икки штатда ғалаба қозониши кераклиги айтилмоқда.

Ўтказилган сўровлар Клинтонда 270 овоз тўплаш учун имкон кўпроқ эканлигини кўрсатмоқда.

Номзодларнинг штатлар бўйлаб сўнгги тарғибот ишлари

Флорида штатида чиқиш қилган Трамп ўз кампаниясининг ўзгача жиҳатига айланган провокацион гапларни айтди. Флорида штати сайловчилари берган овоз, Жорж Буш мамлакат бўйлаб Альберт Горга ютқазганга бўлишига қарамасдан, унинг президент этиб сайланишига олиб келган.

Ўзини АҚШ сиёсатини ўзгартирадиган сиртдан келган ўйинчи ҳисобловчи Трамп Флорида штатининг Сарасота шаҳри турғунларига, президент этиб сайланса, “порахўр Вашингтон тартиботига” барҳам беришини таъкидлаган.

“Мен бутун порахўр Вашингтон тартиботи биз айтмоқчи бўлган гапларни эшитишини хоҳлайман: Биз эртага ғолиб бўлганимиздан кейин, ботқоқликни қуритамиз”, деди Трамп.

Трамп, агар ғолиб бўлса, Клинтон Давлат котиби ўлароқ ишлаган пайтида шахсий электрон сервердан фойдалангани учун қамалишини таъкидлади.

Флоридада Трамп Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коумини 6 ноябрь куни Клинтон жиноятга қўл урмаганини таъкидлагани учун танқид қилди.

“Сайлов қутиси олдида адолат ўрнатиш Америка халқи қўлидадир”, деди Трамп.

Трамп сайловчиларга Коуми “катта босим остида” эканлигини таъкидлади.

7 ноябрь куни Трамп ўзига сиёсий элита ҳамда АҚШ матбуоти тўсқинлик қилаётганини ҳам таъкидлади. “Тизим сохталаштирилган. Аммо, ҳеч бўлмаганда, бундан биз хабардормиз”, деди у.

Танқидчилар Трамп иддаолари, жумладан, агар Клинтон ғолиб бўлса, мағлуб бўлганини тан олиш-олмаслигини айтишдан бош тортаётгани АҚШ сиёсий тизимини шубҳа остига қўйишини айтиб келишади.

7 ноябрь куни айрим штатларга Трамп ҳам, Клинтон ҳам борди.

Шимолий Каролинадан ташқари ҳар икки номзод Мичиган ҳамда Пенсильвания штатларига боришди. Трамп яна Нью-Хэмпшир штатига кириб ўтди. The Associated Press агентлигига кўра, асосан демократ бўлган Нью-Хэмпшир штати ҳозир тенг иккига бўлинган.

Сўров натижалари қандай?

The Associated Press таҳлилига кўра, сайлов кампаниясининг охирги кунларида Клинтон Трампдан етарлича олдинда бўлди. Шунга қарамасдан, мамлакат бўйлаб ўтказилган сўровларда Клинтоннинг рейтинги аввалгига қараганда пастлаган.

Reuters/IPSOS 7 ноябрь куни ўтказган таҳлилда Клинтон Трампни енгиб, 270 сайловчилар коллегияси овозини тўплаши эҳтимоли 90 фоиз эканлиги айтилади.

FiveThirtyEight сиёсий башорат сайти 7 ноябрь куни Клинтон ғолиб бўлиши эҳтимоли 66 фоиз эканлигини, Трамп ғалаба қозониши эҳтимоли эса 33,9 фоиз эканлигини билдирди.

Сайт асосчиси Нейт Сильвер 2012 йилги барча 50 штатда президентлик сайлови натижаларини тўғри башорат қилган эди.

Номзодларнинг сайлов арафасидаги хитоблари

7 ноябрь куни Клинтон сайловни мамлакатнинг “муҳим қадриятлари” бўйича референдум ўлароқ тасвирлади.

Миллий телевидениеда эфирга узатилиши кутилаётган роликда Клинтон “Америка пессимист ва бўлинувчими, ёки умидли ва бўлинмасми?” дея хитоб қилади.

Нью-Йоркдан Пенсильванияга йўл олар экан, Клинтон сайлов мамлакатдаги чуқур сиёсий ёриқларни фош қилганини ҳамда АҚШни бирлаштириш учун чора кўриш лозим бўлишини эътироф этди.

Мухбирлар олдида чиқиш қилган 69 ёшли номзод: “Мен ҳамма учун – менга овоз берганлар учун ҳам, бермаганлар учун ҳам – президент бўлишни истайман”, деди.

70 ёшдаги Трамп бадавлат тадбиркор ва собиқ реалити-ТВ юлдузи бўлиб, бундан аввал давлат идораларида ишламаган.

Трамп Республикачилар партиясига ҳамда АҚШ сиёсий саҳнасига шахсий ҳужумларни ҳамда эътирозли сиёсий таклифларни, жумладан, мусулмонларни киритмаслик ҳамда мексикалик муҳожирларни киритмаслик учун жанубда девор қуриш каби таклифларни олиб келди.

Октябрь ойида эълон қилинган 2005 йилги видео Трамп кампаниясини ларзага солди. Видеода номзод беадаб гапларни айтиб, аёлларга жинсий тажовузкорлик қилгани ҳақида мақтанган.

Трамп видеодаги гапларни “кийиниш хонасидаги сафсата” дея баҳолади. Аммо Клинтон бу гаплар Трампнинг президент бўлишга нолойиқ эканлигини кўрсатувчи навбатдаги далил ўлароқ тавсифлаб келади.

Собиқ биринчи леди, сенатор ҳамда Давлат котиби бўлмиш Клинтон ғолиб бўлса, АҚШ ўз сиёсатини кескин ўзгартирмаслиги кутилмоқда.

Клинтон ўз кампанияси давомида узоқ йиллардан бери давлат идораларида хизмат қилиб келаётганига урғу бериб, Демократлар партиясининг Оқ уйни тарк этаётган намоёндаси Барак Обаманинг сиёсий меросини давом эттиришни ваъда қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG