Линклар

Андижонни тўғридан-тўғри Мирзиёевга ҳисобот берадиган текширувчилар босди


Андижон халқаро аэропорти

Андижон халқаро аэропорти

Андижон вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбаларига кўра, Тошкентдан келган "қарийб бир минг кишилик махсус гуруҳ" Андижон вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалиги соҳаларини текширишга ташланди. Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари, солиқ, молия ва бошқа вазирликлар ходимларидан ташкил этилган гуруҳга фақат мамлакат Бош вазирига бўйсуниши ва унга раҳбарларни ишдан бўшатиш ва, ҳаттоки, ҳибсга олиш ваколати берилгани айтилади.

Андижон вилоятига Тошкентдан юборилган қарийб минг кишидан иборат махсус гуруҳ Асака шаҳри, Избоскан ва Булоқбоши туманларида текширув бошлаган.

Озодликка бу ҳақда хабар берган вилоят ҳокимлигидаги манбанинг айтишича, текширувчилар асосан Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат:

“Асака шаҳрига 400 киши ташланган, барча ташкилотлар текшириляпти. Ўзимиздан ҳеч кимни аралаштиришмаяпти. Тўғридан-тўғри Мирзиёвга телефон орқали ҳисобот бермоқда. Ҳокимларни ҳам текширяпти. Ваколатлари жуда катта экан. Хоҳлаган одамини ишдан оляпти, хоҳлаганини ишга қўяяпти”, деди вилоят ҳокимлигидаги манба.

У, айниқса, паспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари қаттиқ текширилаётганини айтди:

“Вилоят ГАИсини қаттиқ олишяпти. Аввал 9 кишини, кейин яна 13 нафар раҳбар ва инспекторларни МХХнинг подвалига тиқиб қўйишди. Паспорт берадиган бўлимдан ҳам ҳибсга олинганлар бор”, деди манба.

Избоскан туманидаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси ҳам туманга 250 кишилик текширувчилар гуруҳи келганини айтди:

“Текширувчилар гуруҳи Избоскандаги Абдулла духтур деган одамнинг хусусий клинакасига жойлаштирилди. Ўзларига махсус автобуслар бириктилган. Улар билан бирга юрадиган милиция ходимлари ҳам Избоскандан эмас, бошқа туманлардан чақиртирилган. Асосан, бюджет ташкилотлари, милиция ва прокуратурани, хусусий корхоналарни, газ ва свет қарздорлигини текширишяпти”, деди у.

Избосканлик суҳбатдошнинг айтишича, туман марказидаги аксарият дўконлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган:

“Ваҳима жуда катта. Шунинг учун аксарият тадбиркорлар уч кундан буён дўконларини ёпиб қўйган. Айтишларича, ташкилотларнинг сўнгги беш йиллик фаолиятини текширяпти экан. Аксарият мулозимлар хавотирга тушиб қолган”, деди у.

Озодлик олган маълумотга кўра, текширувчиларнинг катта гуруҳи 7 октябрь куни Булоқбоши туманига ҳам ташланган.

Исми сир қолишини сўраган булоқбошилик фермерлардан бирининг ҳокимиятдаги манбасига таяниб айтишича, текширувчиларни озиқ-овқат билан таъминлаш маҳалла раисларига юкланган:

"Чинобод санаториясини ётоқ учун ажратишибди.Озиқ овқат билан таъминлашни эса қишлоқ фуқаролар йиғини раиси маҳалла раисларига бўлиб берибди. Бизга ва тадбиркорларга ҳам солиқ солинган. Ҳар бир хонадон текширилаяпти. Паспортдан бошлаб газ, свет, солиққача", деди фермер.

Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Тошкентдан қарийб минг кишилик текширувчилар келганини тасдиқлади.

Лекин мулозим, бу махсус гуруҳнинг фаолияти нимадан иборат эканлиги ҳақида билмаслигини айтди.

Ўзбекистонда Бош вазир ташкил этган текширувчилар "десант"ининг у ёки бу вилоятларга ташланиб турилиши тез-тез кузатилади.

Куч ишлатар тизимлари ва вазирликлар ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳ вилоятда комплекс текширув олиб бориш учун юборилади.

Бу гуруҳга Вазирлар Маҳкамасидан ёки бирор вазирликдан катта лавозимдаги шахс раҳбарлик қилади.

Гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалигининг барча соҳаларини текшириб чиқади ва унинг натижаларини шахсан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга тақдим этади.

Текшириш натижаларига кўра, айрим вилоят ҳокимларининг ишдан олингани ёки қаттиқ ҳайфсан билан жазоланиш ҳолатлари кузатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG