Линклар

16 май куни пойтахт қора бозорида бир АҚШ доллари нархи кескин тушди ва ўтган ҳафта 6600 сўмга сотилган доллар душанба куни 5500 сўмдан баҳоланди. Озодлик гаплашган мутахассислар¸ бу “шўнғиш” ортидаги асосий сабаб Ўзбекистонда кучайиб бораëтган нақд пул тақчиллиги ва аҳоли қўлида ортиқча сўм йўқлиги эканини айтдилар.

16 май куни нафақат пойтахт Тошкент¸ балки вилоят валюта қора бозорларида ҳам бир АҚШ доллари нархи 1000 сўм атрофида пасайди.

Озодлик манбаларига кўра¸ ўтган бир ой давомида 6700-6600 сўмдан сотиб келинган долларнинг бир кунда 5500 сўмга шўнғиши¸ бозорда ўзига хос ваҳима туғдирмай қолмаган.

Ўзбекистон экспорт қиладиган пахта ва газ каби асосий хом-ашë нархи жаҳон бозорида кескин тушиши¸ айни пайтда Россиядан меҳнат муҳожирлари юбораëтган доллар миқдорининг 70 фоизга қисқариши ортидан қора бозордаги АҚШ доллари курсининг муттасил ошиб бораëтгани кузатилаëтган эди.

Бу тенденциядаги кескин бурилишни шарҳлаган ўзбекистонлик мутахассислар¸ доллар арзонлаши ортидаги бир неча асосий сабабни тилга олдилар.

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан суҳбатлашган Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан бири доллар арзонлашини тўрт сабабга кўра изоҳлади.

“Ўзбекистонда нақд сўм массасининг 20-25 фозига қисқариши доллар пасайишига олиб келган асосий сабабдир.Бу эса¸ одамлар қўлида ортиқча сўм йўқ¸ демак уни долларга алмаштиришга эҳтиëж ҳам камайганини англатади.

Иккинчи сабаб¸ аҳолининг импорт товарларига нисбатан тўлов қобилияти¸ харид қурбининг кескин камайгани. Импорт маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркорларнинг кўпи ҳозир савдо йўқлиги¸ бозорнинг касодга учраганидан гапиради. Импорт товарлар савдоси тўхтаса¸ уларни олиб келиш ҳам тўхтаган¸ яъни долларга нисбатан талаб камайган.

Учинчи сабаб¸ қора бозорга маъмурий аралашув¸ зотан бу бозорнинг ҳам административ воситалар билан бошқарилиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозир административ топшириқ берилаяптики¸ маълум бир сабабларга кўра¸ маълум бир муддат ичида¸ маълум бир санагача¸ доллар курси маълум бир нархда¸ дейлик¸ 5500 сўм атрофида ушлаб турилиши керак. (Июнь ойида Тошкентга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади ва унда Хитой ва Россия президентлари иштирок этади. Маълум сана¸ деганда ана шу саммитни ўтказиб олиш назарда тутилаëтган бўлиши мумкин – таҳр).

Тўртинчи сабабни ҳам тилга олиш керак – бу рубль курсидаги сал жонланиш. Рубль мустаҳкамланди ва бир доллар 70 дан 64-65 рублга тушди. Бунинг оқибатида апрель ойининг 15 дан майнинг 15 га қадар¸ Россиядан пул ўтказмалари миқдори 15-18 фоизга ошди. Бу эса¸ қора бозорга тушаëтган доллар миқдори сал бўлса ҳам кўпайди¸ дегани”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон молия бозорларидаги вазиятдан яхши хабардор мутахассис.

Суҳбатдош¸ доллар нархининг ҳозирги нисбатан арзон даражада ушлаб турилиши қанча давом этиши қатор объектив сабаблар қатори¸ маъмурий аралашувнинг қанчага чўзилишига ҳам боғлиқлигини айтади.

“Жуда кўп объектив ва субъектив сабаблар қоришиб кетган бу бозорда доллар нархининг қачон¸ қанчага ўзгаришини тахмин қилиш қийин. Лекин эртами-кечми долларнинг яна қимматлашини фараз қилиш мумкин”¸ дейди ўзбекистонлик молиявий таҳлилчи.

Айни мавзуда Озодлик суҳбатлашган бошқа бир мутахассис¸ қора бозорда доллар нархи тушишининг узоқ давом этмаслигини таъкидлайди.

Бу кузатувчи фикрича¸ бозордаги пастлаш¸ валюта жиноятлари ва молиявий фирибгарлик юзасидан GM Uzbekistan ширкатида бораëтган кенг кўламли тергов-текширув билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG