Линклар

Душанбеда бола ўғрилари қўлга олинди


Опа-сингил Сабина ва Малика Ороловаларнинг тўрт йилдан бери дараги чиқмаяпти.

Опа-сингил Сабина ва Малика Ороловаларнинг тўрт йилдан бери дараги чиқмаяпти.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнг бир неча йилдан бери Душанбеда бола ўғирлаш билан шуғулланганликда гумонланаётган уюшган гуруҳни қўлга олди. Бола ўғрилари навбатдаги ўғирликни амалга оширмоқчи бўлган пайтда ушлангани айтилмоқда.

Душанбеда бола ўғрилари ушланганини Озодликнинг тожик хизматига 25 июль куни Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги манба тасдиқлади. Унинг айтишича, гуруҳнинг уч нафар аъзоси ўтган ҳафта Ф.Б. исмли 7 яшар қизчани ўғирламоқчи бўлиб турганида қўлга олинган. Бу қизчани ўғирлашга душанбелик 48 ёшли Матлуба Аҳмедова бошчилик қилгани айтилмоқда. Тожикистон пойтахтининг “Садбарг” мавзеидаги меҳмонхоналарнинг биридан жой ижарага олган бу аёл асосан уқалаш (массаж) хизматини кўрсатиш билан шуғулланиб келган.

Душанбелик терговчилар бу гуруҳ Душанбенинг Зарафшон мавзеидаги бир хонадонни ижарага олганини ҳам аниқлаган. Айтилишича, 7 яшар қизча ўғирланганидан кейин шу квартирага олиб келиниши керак бўлган. Тинтув чоғида бу хонадондан жарроҳлик амалиёти мосламалари, шприцлар, оғриқ қолдирувчи дорилар ва ҳатто болалар кийимлари топилган.

Гуруҳ вакиллари вояга етмаган қизчани бу квартирага олиб бориши керак бўлган машинадан эса ичига хушдан кетказадиган дори тўлдирилмиш шприц топилган.

Қизчанинг онаси Фарангис Бадалова Озодликка Матлуба Аҳмедовани танишини, аввал улар дугона бўлганларини айтган.

Тергов идоралари бу гуруҳ қўлга олиниши ортидан 2013 йил мартида йўқолган Сабина ва Малика Оролова ҳамда 5 ёшли Осиё Диловарованинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳодисалар очилишига яқинлашганини билдирмоқдалар.

Опа-сингил Ороловаларнинг яқинлари Малика ва Сабинани сўраб болалар боғчасига айнан шу аёл келганини, ўша пайтда у рўмолда бўлганини айтганлар.

Йўқолганидан кейин кўп ўтмай жасади Ҳисордан топилган Осиёнинг онаси ҳам Матлуба Аҳмедовани таниган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, гуруҳ раҳбари бўлган Аҳмедова ва унинг икки шеригига нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 130-моддаси (Одам ўғирлаш) бўйича жиноий иш очилган ва бу иш юзасидан тергов давом этаяпти.

Матлуба Аҳмедова шерикларидан бирининг фамилияси Ғиёсов бўлиб, унинг Душанбедаги “Қарияи боло” шифохонасида врач бўлиб ишлаши, иккинчи шериги эса таксичилик билан шуғулланиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG