Линклар

"Электрон кадастр тизими Ўзбекистонда шаффофликни ошира олмайди"


Гулнора Каримовага қарашли Париждаги қимматбаҳо квартирани журналистлар электрон кадастрдан аниқлашган

Гулнора Каримовага қарашли Париждаги қимматбаҳо квартирани журналистлар электрон кадастрдан аниқлашган

Ўзбекистон электрон кадастр тизимини яратиш учун Жаҳон банкидан 20 миллион АҚШ долларига тенг кредит олмоқда. ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари бу ҳақдаги қарорни эълон қиларкан, ер ва кўчмас мулк кадастрини қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан компьютерлаштирилган тизимга ўтказиш мулкдорлик масалаларида шаффофликни оширишга ёрдам беради, дея билдирди. Маҳаллий нашрлар эса, бу қадам жорий аср ўрталарига бориб Ўзбекистонни тараққий этган мамлакатлар қаторига қўшилишига ҳисса қўшади, дея хабар қилмоқда. Бу қай тарзда амалга кўчиши ҳозирча аниқлаштирилгани йўқ, лекин шаффофлик масаласи Ўзбекистондек мамлакат учун ҳал бўлишига кузатувчилар шубҳа билан қарамоқда.


Ўзбекистонда ер ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастрлаш тизимини модернизациялаш лойиҳасини амалга тадбиқ этиш учун Халқаро ривожланиш уюшмасининг 20 миллион долларлик кредитини ажратиш қарори Жаҳон банки бошқарув кенгаши томонидан маъқулланди.

Жаҳон банки қарорини эълон қилган Ўзбекистондаги ваколатхона раҳбари Жунгхун Чо кўчмас мулк кадастри ва реестрини яратиш электрон ҳукумат лойиҳасини амалга тадбиқ этиш ташаббуснинг асосий қисми эканини таъкидлади. Унинг фикрича, “мамлакатнинг қоғоз ҳужжатлардан компьютерлашган тизимига ўтиши мулк ва кўчмас мулк устидаги шартномаларга оид шаффофликни оширади”, бу эса жамоатчиликнинг онлайн тарзда бу маълумотларни кўра олишлари имконини беради ҳамда Ўзбекистонда инветициявий муҳитни яхшилашга хизмат кўрсатади.

Электрон кадастр ва реестр тизими ёрдамида Ўзбекистон “жорий аср ўрталарига” бориб даражасига эришмоқчи бўлган мамлакатларда бу каби электрон тизимлар ҳақиқатан шаффофлик воситаси сифатида инвестиция муҳитидаги ҳавони доимий тозалаб туради.

Ҳар қандай сармоядор алоҳида бир мамлакат бозорига сармоя ётқизишдан аввал у ердаги шароитни жумладан ана шундай тизимлар ёрдамида таҳлил қилиш имконига эга.

Калифорни штати реестридаги маълумотга кўра, Лола Каримова-Тилляева оиласи мана шу қасрни 32 миллион долларга сотиб олган

Калифорни штати реестридаги маълумотга кўра, Лола Каримова-Тилляева оиласи мана шу қасрни 32 миллион долларга сотиб олган

Шу билан биргаликда бундай тизимлар коррупциянинг олдини олиш воситаси ҳамдир. Ҳар қандай фуқаро махсус Интернет ресурслари орқали исталган одам, жумладан, ҳукумат амалдорлари, жамоат арбоблари, машҳур кишиларга қарашли кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни топиши мумкин.

Ўзбекистонда бундай маълумотлар, айниқса амалдор ёки жамоатчилик қизиқишини уйғотиши мумкин бўлган бошқа шахсга қарашли кўчмас мулкга оид маълумотлар мутлақо сир сақланади.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич кадастр ва реестр тизимини электронлаштириш ташаббуси амалга кўчадиган тақдирда ҳам, шаффофликка ҳисса қўшишига шубҳа билан қарашини айтади.

- Бизда бу тизим тўла ёпиқдир. Амалдор ёки бошқа одам тўғрисидаги маълумотни сизга ҳеч ким бериб қўймайди. Балки кимдир қаттиқ ҳаракат қилса, айтайлик нотариус, қора риелторлар ёки кадастр идораларига пора бериб бундай маълумотларни қўлга киритиши мумкиндир. Лекин Ўзбекистон амалдорлари совет давридан қолган одатга кўра барча мулкларини қариндошлари номига расмийлаштиради ва тизимни электронлаштириш Ўзбекистондек мамлакатда шаффофлик кафолати бўлолмайди,- дейди Алексей Волосевич.

Журналист Ўзбекистонда амладорлар оиласига қарашли мулклар ҳақидаги маълумот жамоатчиликка бир марта ошкор бўлганини эслашини қўшимча қилади.

- Бизда афсуски, бундай маълумотларни сир сақлаш давлат сиёсатидир. Бировнинг кўчмас мулкига оид маълумотнинг ошкор бўлганига битта мисол бор холос. У ҳам бўлса, икки йилча олдин хорижда Гулнора Каримовага алоқадор кўчмас мулк объектлари борлиги тўғрисидаги маълумотларнинг Интернетга сиздирилиши бўлди. Ундан кейин бундай маълумотлар пайдо бўлгани йўқ. Ҳаммаси мутлақо сир бўлиб қолмоқда, дейди мустақил журналист Алексей Волосевич.

Ўзбекистон президентининг иккала қизига қарашли кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар хориж матбуотида тез-тез пайдо бўлиб туради.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Женева, Париж, Сен Тропе каби шаҳарларда ўнлаб миллион доллар турадиган уйларга эгалик қилиши тўғрисидаги маълумотларни журналистлар айнан электрон кадастр тизимлари ёрдамида аниқлаган.

Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ҳам Женева ва Лос Анжелесда кўп миллион долларлик бир нечта қасрга эгалик қилиши аниқланган.

2015 йилнинг декабрида New York Times газетаси журналистлари Каримова-Тилляева оиласи Лос Анжелеснинг ҳашаматли Bel Air маҳалласида тўртта вилласи борлигини аниқлади. Биргина 2013 йилда сотиб олинган Le Palais қасрини президент қизининг оиласи 32 миллион АҚШ долларидан ортиқроққа сотиб олган.

Опа-синглининг Женевадаги ҳовлилари ҳам ҳашам ва нархда қолишмайди. Швейцария реестрларига кўра, Гулнора 2008 йилда Женева соҳилидаги маҳалладан 20 миллион долларлик вилла сотиб олган. Синглиси Лолага қарашли қаср учун 40 миллион доллардан ошиқроқ пул тўлагани ошкор қилинган. Лола Каримова-Тилляева Би-Би-Сига берган интервьюсида Женевадаги ҳовлини ипотекага сотиб олганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG