Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:02

Қишга яна кўмир ва тезак ғамлаш ҳақида кўрсатма берилди



19 октябр куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида қишга тайёргарлик масаласи кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти раҳбарларига қишки мавсумга тайëргарлик юзасидан маъсулият юкланди.


Мазкур мажлисда иштирок қилган “Ўзбекэнерго” мулозимининг Озодликка айтишича¸ бу йил қишги иситиш масаласи ўта долзарб тарзда қўйилган.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакатда қиш фаслига етарлича тайёргарлик кўрилмаган.

Тошкентлик нафақаҳўр Саидқосим ака ўзи яшайдиган кўп қаватли бинода иссиқ сув йўқлигидан шикоят қилди.

Озодлик суҳбатлашган “Тошиссиққувати” иситиш тармоғи муҳандислари шаҳардаги кўп қаватли уйларга уланган қувурлардаги носозликлар буткул бартараф қилинмаганини айтишди.

Бултурги қаҳратон қиш мавсумида кўп қаватли уйларда совуқдан азоб чеккан оддий тошкентликлар бу йилги қишни ҳам хавотир билан кутмоқда.

Қарс икки қўлдан чиқади

“Тошиссиққувати” иситиш тармоғи муҳанди Абдураҳим Назиров иситиш мавсуми учун жиддий тайёргарлик кўрилганини айтиш баробарида¸ ҳамма нарса ўзларига боғлиқ эмаслигини таъкидлади:

- Биз максимум ҳаракат қилиб¸ йўқни йўндириб иситиш мавсумига тайёргарлик кўраяпмиз. Аммо ҳамма нарса ҳам бизга боғлиқ эмас. Иссиқликнинг узлуксиз бир маромда бўлиши электр ўчмаслиги¸ ëқилғи таъминотидаги барқарорлик билан боғлиқ. Шу билан бирга кўп қаватли уйлардаги квартиралар ичидан ўтган қувурларнинг техник носозлиги ҳам бизнинг ишимизни қийинлаштирадиган омил¸ дейди¸ Абдураҳим Назаров.

Суҳбатдошга кўра¸ айнан қувурлар носозлиги боис¸ бир квартирадаги одам қишда ички кўйлакда бемалол ўтирса¸ қўшни квартирадаги одам пўстин кийишга мажбур бўлади.

"Муаммони ҳал қилиш нафақат бизга¸ балки хонадон эгаларига ҳам боғлиқ"¸ деган Абдураҳим Назировга кўра¸ дераза эшик тирқишлари¸ илма-тешик деворлар ҳам иссиқлик таъминотидаги катта муаммодир.

Мактаблар кўмир¸ қишлоқлар тезак ғамламоқда

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида қишга 15 минг тонна кўмир тайёрланганини айтган шаҳар ҳокимлиги мулозими, бу кўмирнинг аксарияти мактабларни иситишга сарфлашинини таъкидлади.

Ўзбекистон Халқ талим вазирлиги матбуот бўлими тарқатган маълумотга кўра¸ қиш мавсумига ҳозирлик жараëнида республика мактабларидаги 98 та иситиш қозони,125 та печ таъмирланган.

Яна 441 та қозонхона, 30 минг метр қувур таъмирдан чиқарилиб¸ мактаблардаги 47 минг дераза ойналари алмаштирилиши матбуот хабарномасида айтилади.

Вазирлик матбуот маркази тарқатган хабарга кўра¸ мактабларни қишга тайёрлашга 30 миллиард сўм ажратилган.

Айни пайтдақ¸ ишлоқларда ҳокимият вакиллари йиғилиш ўтказиб тезак¸ ўтин ғамлаш борасида тарғибот олиб бормоқда.

Хоразм вилоятидаги Қангли қишлоғида тезакка кўмир кукуни аралаштириб таппи таëрлаш борасида туман ҳокимлиги инструкторлари аҳолига тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган хоразмлик Озод акага кўра¸ мулозимлар "Қишда газ бўлмайди¸ ғамингизни эртадан енг" деб очиқ айтишган.

Айни вилоятнинг Пирнавҳос қишлоғида бўлиб ўтган йиғилишда аҳолидан суюлтирилган газ ва кўмир учун пул йиғилган.

Республика бўйлаб маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка билдирган республика “Маҳалла “ жамғармаси вакилига кўра¸ аҳолининг қиш мавсумида табиий газ ва электр энергияси танқислигидан хавотирга тушмаслиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG