Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:59

Сирдарё ГРЭСи ишчилари ҳам ойлик ололмаяпти


Сирдарё ИЭС ишчилари 4 ойдан буён ойликсиз ишлаётганидан шикоят қилмоқда.
Сирдарё ИЭС ишчилари 4 ойдан буён ойликсиз ишлаётганидан шикоят қилмоқда.

Марказий Осиёдаги энг йирик иссиқлик электр станцияси – Сирдарё ИЭС ишчилари 4 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаяпти.


“Пул йўқ, ойликсиз ишлаяпмиз”

Сирдарё иссиқлик электр станцияси (Сирдарё ИЭС, аввалги Сирдарё ГРЭС) ишчиларидан бири Озодликка мурожаат қилиб, ойлик берилмаётгани ҳақида ёзди.

“Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги халқнинг қора қозонини қайнатиб турган ГРЭСда аҳвол ёмон. 4 ойдан бери ишчиларнинг маошини бермай турибди. Одамларда бошқа иш бўлмаганлиги учун ёки ўз ишини йўқотмаслик учун текинга ишлаб юришибди”, деб ёзди ўзини таништирмаган сирдарёлик ишчи.

Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Сирдарё ИЭСи ходимларидан яна бири сентябр ойи маошини ҳануз олмаганини айтади.

“Ҳали сентябрнинг ойлигини олмадик. Раҳбарларимизга мурожаат қилсак, эътибор қилишмаяпти. Ойликсиз ишлаш қийин бўлаяпти”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз Сирдарё ИЭСи ходими.

Сирдарё ИЭСнинг ўзини таништирмаган мутасаддиси ишчиларга ойлик беришда муаммо бўлаётганини тасдиқлади.

“Лекин 4 ой эмас. Бу ёлғон. Бизда фақат сентябр ва октябр ойи маошларини беришда муаммо бўлаяпти. Бизга “Ўзбекэнерго”дан пул келиб тушади. Шу пул келишида узилиш бўлди. Лекин ойликни бериш йўлларини излаяпмиз”, деди Сирдарё ИЭСи масъули.

“Станция пуллари модернизацияга кетиб қолаяпти”

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бўлган, исмини ошкор қилмаётганимиз Сирдарё ИЭСи мулозими, ҳозирда электр ишлаб чиқарувчи иншоотни модернизация қилиш жараёни кетаётгани ва бу жараёнга Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитлари ҳамда ИЭС бюджетининг катта қисми сарфланмоқда.

“Модернизация қилиш ишларини 2013 йилнинг тўртинчи чорагида якунлаш кўзда тутилган. Барча маблағларимизни шу ишга сарфлаяпмиз. Шунинг учун ҳам ишчиларнинг ойликларини ўз вақтида бериш имкони бўлмаяпти”, деди корхона мулозими.

Озодлик ўтган ҳафта "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли бошқа бир станция Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчиси 3 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Қибрайдаги станцияда ҳам ойликларнинг кечикишига сабаб ташкилот пулларининг корхонанинг модернизация ишларига сарфланаётгани сабаб қилиб кўрсатилган эди.

Озодлик мухбири 27 ноябр куни “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компаниясининг молиявий масалалар бўйича маъсул ходими билан суҳбатда бўлди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз “Ўзбекэнерго” ходимига кўра, ҳозирда Тошкент ИЭСи ишчиларига ойлик бериш учун имтиёзли кредит олинган.

“Ўзбекэнерго” масъули айни пайтда Сирдарё ИЭСи учун ҳам кредит олиш мўлжалланаётгани ва кейинги ҳафта иккала ташкилот ишчиларига ҳам ойлик маошлари тўла берилишини ваъда қилди.

Сирдарё ИЭС –Марказий Осиёдаги энг катта станция

“Ўзбекэнерго” расмий сайтида ёзилишича, Сирдарё ИЭС - Марказий Осиёдаги энг йирик электр станцияси ҳисобланади.

Қуввати 3000 МВт бўлган мазкур станциянинг қурилиши 1966 йилда бошланиб, 1981 йилда якунланган.

"Сирдарё ИЭС 2001 йилда очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган ва низом капитали 13 700 650 000 сўмни ташкил қилади", дейилган "Ўзбекэнерго" сайтида.

Айни пайтда, Ўзбекистон энергетика тизимида умумий қуввати қарийб 12,4 минг МВтни ташкил этувчи 45 та электростанция фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG