Линклар

logo-print

Ўзбекистонда "электр энергияси соҳасида махсус ваколатга эга бўлган “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти" бошқаруви раиси Искандар Басидов ишдан олинди.

Басидов Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиëев "Ўзбекэнерго"нинг Ангрендаги ширкатларига қилган сафари эртасига - 21 сентябрь куни ўз лавозимидан озод этилди.

Жамият расмийсининг Озодликка билдиришича¸ собиқ раис "саломатлиги боис ишдан кетган ва ҳозирда даволанмоқда".

Озодликнинг “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида ишловчи манбасининг хабар қилишича¸ 21 сентябрь куни Ўзбекистон энергетика соҳасига қарашли муассасалар раҳбарларининг махсус йиғини бўлиб ўтган ва унда “Ўзбекэнерго” раҳбари ишдан олинган.

“Йиғилишда Шавкат Мирзиëев қатнашмади. Лекин ҳамма Басидовнинг Бош вазир буйруғи билан ишдан олинганини тушунди. “Ўзбекэнерго”да кўпайиб кетган қарзлар раиснинг бошини еди”¸ деди Озодлик манбаси.

22 сентябрь куни “Ўзбекэнерго” жамиятининг ўзини таништирмаган расмийси бу хабарни тасдиқлади.

“Ҳа¸ кеча раҳбар алмашди. Басидов саломатликлари боис¸ даволанишга кетдилар. Ўринларига Саломов деган одам бугундан иш бошлади”¸ деди жамият расмийси.

Жамият расмий сайтида раиснинг ишдан олинганига оид хабар йўқ¸ айни пайтда¸ раис кимлиги оид маълумот ҳам йўқ. Ҳозирча "Ўзбекэнерго" раҳбарияти тепасида фақат раиснинг биринчи ўринбосари Дадажон Исақулов номи келтирилган¸ холос.

Озодликка маълум бўлишича¸ "Ўзбекэнерго" бошқарувининг янги раиси Фазлиддин Саломов ўтмишда Мудофаа вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасида ишлаган.

Ўзбекистонда электр энергияси бўйича асосий давлат корхонаси бўлган “Ўзбекэнерго” йиллардан бери ҳисобида маблағи йўқлиги боис ўз ишчи-хизматчиларига олти ойлаб ойлик бера олмайдиган ҳолга тушган эди.

Бу жараëнни мунтазам кузатиб келаëтган Озодлик билан суҳбатда жамият расмийлари “аҳоли ва ташкилотларнинг энергия пулини ўз вақтида тўламаётгани” ортидан ширкат қарийб банкрот ҳолига тушганини тан олган эдилар.

“Шу пайтгача корхоналарда ойликлар кечикиши юзага келган пайтда банкдан имтиёзли кредит олиб, иш ҳақлари тўлаб келинган. Лекин банкдан олинган кредитларни қайтара олмаяпмиз. Шунинг учун банклар бизга кредит бермай қўйишди”, деган эди Озодлик мухбирига “Ўзбекэнерго”нинг ўзини таништирмаган мулозими жорий йил февралида.

Озодликнинг ширкатда ишловчи манбасига кўра¸ “Ўзбекэнерго”нинг янги раҳбарига бу муаммоларни зудликда ҳал қилиш¸ хусусан¸ келаëтган куз-қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишларга барҳам бериш масаласи қўйилган.

Электроэнергетика ва кўмир саноати бўйича бошқарув органи бўлган “Ўзбекэнерго” таркибига 51 та корхона, жумладан, 37 та акциядорлик жамияти, 11 та унитар корхона, иккита масъулияти чекланган жамият ва компаниянинг “Энергосотиш” филиали киради.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Бош вазир Шавкат Мирзиëев 20 сентябрь куни Ангренга қилган сафари давомида¸ асосан¸ "Ўзбекэнерго" тасарруфидаги корхоналарни бориб кўрди.

Хусусан¸ Мирзиëев Ангрен ИЭСнинг янги энергоблоки ва «Ангрен» кўмир конидаги юзани очиш, кўмир қазиб олиш ва етказиш ишлари ҳамда «Ўзбеккўмир» АЖни қайта жиҳозлаш жараёни билан бевосита танишди.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG