Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Нобель мукофоти совриндори, Холокост жабрдийдаси Эли Визель вафот этди


Эли Висель
Эли Висель

2 июль куни музей ходимлари Twitterда “Яд ва-Шем Холокостда тирик қолган, Нобель мукофотини олган таниқли ёзувчи Эли Визель оламдан ўтганидан қайғуда”, деб ёзди. Визель Нью-Йоркдаги уйида очиқланмаган сабабларга кўра вафот этган.

Исроил бош ваизир Бенямин Нетаняҳу эълон қилган билдирувда “Эли Визель ёруғлик нури эди, инсонларнинг яхшилигига ишонувчи одамийлик мисоли эди”, дейилади.

Исроил президенти Реувен Ривлин Визелни “яҳудий халқининг қаҳрамони” деб атади.

АҚШ президенти Барак Обама Визелни “дунёнинг виждони”, дея таърифлади.

“У нафақат антисемитизм, балки нафрат, фанатизм ва тоқатсизлининг ҳар қандай кўринишига қарши чиқди. У ҳар биримизни – халқ ва инсон сифатида – айнан шундай қилишга, ўзгаларда ўз аксимизни кўришга ва “бошқа қайтарилмайди” ваъдасини ҳақиқатга айлантиршга чорлади,” деди Обама.

Германия адлия вазири Хейко Маас Twitterда “Визель Холокост гувоҳи, таърифлаб бўлмайдиган ҳодисалар солномачиси эди”, деб ёзди.

Франция президенти Франсуа Олланд эса Визелни “буюк инсонпарвар ҳамда тиниб-тинчимас тинчлик ҳимоячиси” дея таърифлади.

Визель 1928 йил Руминиянинг Сигет шаҳарчасида туғилган.

У фашистлар концлагерларида бошидан кечирганлари ҳақида ёзган ва Холокост ҳақида одамларга маълумот беришни тарғиб қилган.

Визелнинг “Тун” деб аталувчи асари Холокост даҳшатлари ҳақида ҳикоя қилувчи энг муҳим китоблардан бири ҳисобланади.

Визель бу асарни Освенцим ҳамда Бухенвальд консентрацион лагерларида маҳбус ўлароқ ўтказган даврига таяниб ёзган.

Визелнинг онаси, отаси ҳамда синглиси Холокост қурбони бўлган. Яна бир синглиси эса омон қолган.

1986 йил Визель Нобель тинчлик мукофоти билан тақдирланганди.

Норвегиянинг Нобель қўмитаси ўша пайтда уни “дунёда зўравонлик, репрессия ҳамда ирқчилик кенг тарқалган бир даврда энг муҳим руҳий етакчилардан бири” ўлароқ таърифлаган эди.

Нобель мукофотини қабул қилиш учун сўзга чиққан Визель “Қачон бўлса ҳам, қаерда бўлса ҳам инсонлар азоб ва таҳқирлашларга дуч келса, у ёки бу тарафга ён босинг.

Бетарафлик қурбонга эмас, зўравонга қўл келади.

Сукут сақлаш азият чекаётганни эмас, золимни рағбатлантиради”, деган эди.

Визелнинг турмуш ўртоғи Марион билан бир ўғли бор.

XS
SM
MD
LG