Линклар

Эронлик футболчи номақбул ҳатти-ҳаракатлари, жумладан, Квадрат иштонли Губка Боб стилидаги иштон кийгани учун маҳаллий матчлардан олти ойга четлатилди. Футболчи 2014 йилги жаҳон чемпионатида Эрон командасида ўйнаган. Ҳозирда Эроннинг профессионал лигасида Persepolis клубида ўйнайди.

7 июнь куни Эрон матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, Эрон футбол федерацияси одоб-аҳлоқ қўмитасининг бу қарорига дарвозабон Соша Маканийнинг “ноанъанавий” кийими сабаб бўлган.

Chargh Daily газетаси чоп этган суратда Маканийнинг оч сариқ шим билан қувноқ ҳаворанг футболка кийиб олганини кўриш мумкин.

Квадрат иштонли Губка Боб болалар мультфильми қаҳрамони бўлиб, АҚШда жойлашган Nickelodeon ҳамда MTV медиа тармоқларига миллионлаб доллар фойда олиб келади.

Varzesh3 спорт сайтининг хабар беришича, одоб-ахлоқ қўмитаси аъзоси футбол федерацияси қайта-қайта Маканийни нима учун бундай кийинганини изоҳлаб беришга чорганини, лекин футболчидан жавоб бўлмаганини айтган.

Исми ошкор қилинмаган расмий “Биз ушбу миллий футбол командаси ўйинчисининг кийими ва унинг жамиятга кўрсатиши мумкин бўлган таъсирини эътиборга олиб, ушбу қарорга келдик”, деган.

Хабарларда ёзилишича, Маканий бу қарор устидан арзланиши мумкин. Қолаверса, қарор унинг халқаро матчларда ишторок этишига тўсқинлик қилмайди.

Маканий бу муаммоларга сурат Интернетда пайдо бўлиб, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилина бошланганидан кейин учради. Айрим хабар сайтлари унинг кийимини “номақбул” деб баҳолаб, футболчини мухлисларга ёмон ўрнак бўлишда айблади.

Футбол федерацияси одоб-ахлоқ қўмитасининг котиби Tasnim хабар агентлигига май ойида берган интервьюсида таниқли шахслар “ўзини яхши тутиши керак” эканлигини айтган эди.

Ўшанда котиб “Бу одамлар хоҳласа ҳам, хоҳлмаса ҳам, ёшлар учун ўрнакдир”, деган эди.

Айрим эронликлар футболчига қарши кўрилаётган жазо устидан кулди.

“Биз болалар боғчасидамизми? Нима кийиши билан нима ишлари бор?”, деб ёзди Twitter фойдаланувчиларидан бири.

Яна бир Twitterчи “Маканийни сариқ иштон сабаб четлатишдими, демак мана бу мулла мартабасидан туширилиши керак” деб ёзиб, шарҳига сариқ кўйлак кийиб олган дин пешвосининг суратини тиркади:

Маканий бу ҳолатга оммавий равишда изоҳ бергани йўқ. Футболчи бундан аввал ҳам Эроннинг радикал ҳукумати билан муаммо дуч келган.

Футболчи йил бошида қарс ўрамаган аёллар билан тушган суратларини Интернетда бўлишгани учун қўлга олиниб, қамалган эди. Кейинроқ Маланий Эрон футбол чемпионатида иштирок эта олиши учун уни қўйиб юборишди.

1979 йилги Исломий инқилобдан кейин таъсис қилинган қоидаларга кўра, эронлик аёллар сочини яшириб юриши, эркаклар эса жамоат жойларида камтар кийиниши керак.

2015 йилнинг июлида Теҳрон халқаро санкциялар бекор қилиниши эвазига ўз ядровий дастурини қисқартириш мажбуриятини олганидан кейин мамлакат расмийлари ғарб мамлакатлари таъсири билан янада қаттиқроқ кураша бошлади.

Нодир Отаев таржимаси

XS
SM
MD
LG