Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:32

Теҳрон Сурияда кўп сонли эронлик ҳарбий ҳалок бўлганини тан олди


Теҳрон Суриянинг Ҳалаб шаҳри яқинида содир бўлган жангларда бир неча эронлик аскар ҳалок бўлганини билдирди. Эрон Сурия президенти Башар ал-Ассадни дастаклаш учун ўз ҳарбийларини юбориб келади.

Fars агентлиги 7 май куни тарқатган хабарда ёзилишича, Эрон Инқилобий гвардияси расмийси Хонтуман қишлоғида исломий исёнчилар билан 6 май куни рўй берган тўқнашувларда камида 13 нафар эронлик ҳарбий маслаҳатчи ҳалок бўлганини, 21 нафари тан жароҳат олганини айтган. Хонтуман қишлоғи Ҳалаб шаҳридан 15 км масофада жойлашган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, тўқнашувлар ўнлаб одам умрига зомин бўлган.

Хабарларга кўра, Хонтумандаги ҳужумни исломий исёнчиларнинг “Жайш ал-Фатаҳ” ўлароқ маълум бўлган иттифоқи бошлаган. Уларга “Жабҳатан Нусра” жангчилари ёрдам берган.

“Жайш ал-Фатаҳ” ва унинг қанотлари Хонтуманда ўлдирилгани иддао қилинаётган эронлик ҳамда шиа жангчиларнинг суратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

Ҳафта бошида АҚШ ҳамда Россия Ҳалаб шаҳрида оташкесим ўрнатишга келишди. Аммо кейинги кунларда шаҳар яқинидаги қишлоқлардаги жанглар кучайиб бормоқда.

Бошқа хабарларга кўра, юқори лавозимли Эрон расмийси Ассад билан учрашиб, Эрон Сурия ҳукуматига ёрдам беришда давом этишини билдирган.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Акбар Велаяти 7 май куни Дамашқ шарқида Ассад билан учрашган.

Суриянинг SANA хабар агентлигининг билдиришича, Велаяти Теҳрон ҳар доим Сурияни қўллашини, чунки “терроризм нафақат Сусрия, балки бутун ҳудуд аҳолисини мўлжалга олишини” айтган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Ҳалаб шаҳридаги оташкесим 7 майдан бошлаб яна уч кунга узайтирилганини эълон қилди.

Вазирлик оташкесим Москва қистови билан узайтирилганини, унга Латакия вилоятида ҳам амал қилиниши кераклигини билдирди.

XS
SM
MD
LG