Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 16:23

Толибоннинг "яшил инқилоб"и. Қўштепа каналидан сув сизиши хавотирларни кучайтирмоқда


Қўштепа канали.
Қўштепа канали.

Афғонистон шимолида Толибон қураётган каналдан сувнинг сирли тарзда чиқиши канал қурилишидан хавотирларни кучайтирмоқда, деб ёзади “Eurasianet” интернет нашри. Кобулдаги Толибон ҳукумати миллионлаб афғонларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилайди деган важ билан лойиҳани давом эттиришга жиддий аҳд қилган. Бироқ қўшни Марказий Осиё давлатларида кўпчилик Қўштепа каналини экологияга таҳдид деб билади.

Канал қурилиши 2022 йил баҳорида бошланган эди. Лойиҳанинг иккинчи босқичи февраль ойи охирида бошланди, деди Толибон расмийлари. Қурилиш тугаллангач, Қўштепа Афғонистоннинг шимолий вилоятларини суғориш учун Амударёдан сув олади. TOLOnews Қутбудин Ёқубий исмли иқтисодчига таяниб хабар беришича, лойиҳа “яшил инқилоб”га олиб келади, бу эса кўплаб иш ўринлари яратилишини рағбатлантиради.

Бутун халқаро ҳамжамият Афғонистонда иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланишини олқишлайди. Бироқ Қўштепа Афғонистон қўшнилари орасида ишончдан кўра кўпроқ ташвиш уйғотади. Кўпчилик қурилиш сифати ҳақида елка қисиб сукут сақламоқда. 2023 йил ноябрида каналнинг қуриб битказилган қисмидан катта миқдорда сув сизиб чиқаётгани акс этган сунъий йўлдош тасвирлари уларнинг қўрқувини янада кучайтирди. Сизиш сабаби баҳсли масала бўлиб қолмоқда.

Бу бахтсиз ҳодисами? Муҳандисликдаги уқувсизликми? Саботажми? Ёки бошқа нарсами? Мавжуд далиллар аниқ хулоса учун етарли эмас. Аниғи шуки, каналнинг тахминан 30 метр узунликдаги қисмида тешик пайдо бўлиб, сувнинг сезиларли даражада йўқолишига олиб келган.

“Чегара билмас дарёлар” минтақавий экологик гуруҳи хабар қилишидан олдин, бир ойдан кўпроқ вақт давомида каналдан сув оққан. Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига асосланиб, гуруҳ сувнинг тўкилишини канал лойиҳасидаги конструктив нуқсонлар билан изоҳлади. Маълум қилинишича, каналнинг 100 километрлик биринчи босқичи ноябрь ойи бошида сув оқими бошланишидан бир неча ҳафта олдин Амударё суви билан тўла бошлаган.

“[Канал] деворлари сув оқими босимига бардош бера олмади ва каналдан оқиб чиқаётган катта ҳажмдаги сув бутун атрофга тарқалди”, дейилади мониторинг гуруҳи баёнотида.

Айни пайтда, Толибон расмийлари бу каналнинг 75 километрлик қисмидаги ер ости сувлари даражасини бошқариш учун қилинган назорат остида бўлган ҳодиса эканини айтди. Кўпгина мустақил экспертлар Толибоннинг тушунтиришларига шубҳа билан қарамоқда.

Ўзбек расмийлари эса ўзаро қарама-қарши, нотайин баҳоларни эълон қилиб, масалани чалкаштиришда давом этди, дейди “Eurasianet”. Тошкентдаги «Ўзбеккосмос» давлат агентлиги 2022 йилда канал қурилиши бошланганидан бери сунъий йўлдош орқали олиб борилган “мунтазам кузатувлар” натижасида қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда ер ости сувлари кўтарилаётгани аниқлангани” ҳақида баёнот берди.

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

Шу билан бирга, «Ўзбеккосмос» 4 ноябрь куни канал деворида 30 метрлик тешик пайдо бўлганини тасдиқлади. 5 ноябрь куни сув тошқини майдони 19,5 квадрат километрни ташкил этди. Агентлик маълумотларига кўра, 13 декабрь ҳолатида 30,3 квадрат километр майдон сув остида қолган. “Сувнинг [оқимини] тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрилмади”, дейилади баёнотда.

Бироқ сув каналдан сизиб чиққанини тан олган Ўзбекистон космик агентлиги сизиб чиқаётган сув Амударёдан чиқмаган бўлишини ҳам тахмин қилди, ваҳоланки, аввалги баёнотда октябрь ойида каналда сув оқими пайдо бўлгани айтилган эди. Охир оқибат, «Ўзбеккосмос»нинг чигал воқеалар хроникаси Толибон версияси билан уйғунлашиб қолди.

“Юқори аниқликдаги сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилидан маълум бўлдики, канал қирғоқларида оқиб чиқаётган сув йўлини тўсиш учун мақсадли қазиш ишлари олиб борилганининг визуал белгилари (махсус жиҳозлардан фойдаланиш, қазилган тупроқ ҳажмининг кўриниши ва бошқалар) аниқланди", дейилади баёнотда ва якунда “Чегара билмас дарёлар” ташкилотининг воқеа ҳақидаги версияси “ҳақиқатга тўғри келмайди” деб қўйиб қўйилган.

Қўштепа канали қурилишини 2028 йилга якунлаш режалаштирилган. Агар у тўлиқ қувват билан ишласа, канал 285 километрга чўзилади, эни 100 метрга яқин, чуқурлиги 8,5 метргача етади. Мутахассислар прогнозларига кўра, у Амударёдан келадиган сувнинг 20 фоизга яқинини бошқа жойга йўналтиради.

Узоқ вақтдан буён Марказий Осиё ҳукуматлари бу лойиҳа минтақанинг ривожланмаган сув ресурсларини бошқариш тизимига меъёрдан ортиқ юк бўлишидан хавотирда. Масалан, каналнинг очилиши Ўзбекистоннинг сувни кўп талаб қиладиган пахта саноатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Канал Қозоғистоннинг Орол денгизини тиклаш ҳаракатларига ҳам муаммо туғдиради.

Қўштепа билан боғлиқ хавотирлар кучаймоқда. Марказий Осиё таҳлилий ҳисоботлар бюроси томонидан эълон қилинган баҳолаш қурилиш сифатига нисбатан “жиддий шубҳалар” уйғотди. "Қўлланилган қурилиш усуллари жуда оддий кўринади, оддий «қазиш» усули, канал туби ва қирғоқлари етарли даражада мустаҳкамланмаган ёки қопламаси йўқ", дейилади ҳисоботда. "Ушбу усул жиддий хавф туғдиради, чунки қуруқ, қумли тупроққа сингиб кетиши туфайли сезиларли даражада сув йўқотилиши мумкин."

Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Орол денгизига бағишланган минтақавий йиғилишда сўзлаган нутқида “Марказий Осиёда сув танқислиги муаммоси кескин ва тузатиб бўлмас ҳолга келгани ва келажакда янада оғирлашишини” айтган эди. Унинг қўшимча қилишича, Қўштепа қурилиши тугалланиши “Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин”. Унинг нутқи Афғонистонни “сув тақсимоти бўйича минтақавий мулоқот”га жалб қилишга чақириш билан якунланди.

Озодлик фильми: Тошкент Толибон билан Қўштепа борасида келиша олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:35:33 0:00

Ўзбекистоннинг 2023 йил охиридаги сув йўқотилишига нисбатан сукут сақлаши Мирзиёевнинг сувдан фойдаланиш муаммоларини ҳал қилишга «Толибон»ни жалб қилиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Турли ОАВ хабарларига кўра, Ўзбекистон делегацияси Қўштепа масаласи бўйича музокаралар ўтказиш учун 2023 йил охирида Афғонистонга бориш ниятида бўлган. Ўшандан бери икки томонлама музокаралар натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган, деб ёзмоқда Eurasianet нашри.

Форум

XS
SM
MD
LG