Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:17

Асакадаги автомобил заводи ҳам маошларни кечиктирмоқда


Асакадаги автомобил чиқариш заводи
Асакадаги автомобил чиқариш заводи

Асака шаҳридаги GM Uzbekistan АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси ходимларининг Озодликка маълум қилишларича, уларнинг аксарига икки ойдан буён маош тўланмаётир. Ойликларнинг кечикаётгани Россияга автомобил экспорти деярли 60 фоизга қисқарган бир паллага тўғри келмоқда.

Асака шаҳридаги GM Uzbekistan АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси ходимларининг аксарига икки ойдан буён маош тўланмаётир.

Ўз шахслари сир қолишини сўраган автомобиль заводининг бир неча ходимига кўра, корхона хизматчи, ишчи ва усталарнинг аксари май ойидан буён ўз маошларини олгани йўқ.

Бундай ҳолат биринчи марта бўлаяпти. Шу пайтгача ҳеч қачон ойликларни тўлашда кечикиш бўлмаганди. Завод катталари маошлар тўланмаётганига чет элга машина сотиш сустлашганини сабаб қилиб кўрсатишаяпти,” дейди завод ишчиларидан бири.

Қўшма корхона ходимларидан яна бирининг Озодликка маълум қилишича, охирги тўрт ой ичида завод жами икки ҳафтага беркитилган, ишчи ва хизматчилар “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилган.

Аммо Озодлик мазкур даъволарни GM Uzbekistan маъмуриятидан тасдиқлата олмади.

Озодлик манбаларидан бирининг айтишича, завод маъмурияти ишчи ва хизматчиларга маошлар берилмаётганини “овоза қилмаслик”ни буюрган.

Айни пайтда завод эҳтиёт қисмларни етказиб берувчи таъминотчиларга ҳам тўловларни қисман амалга ошираётгани хабар қилинади.

Эҳтиёт қисмлар таъминотчиларига пулни фақат хом ашё учун ўтказишаяпти. Мақсад таъминотни тўхтатиб қўймаслик,” дейди Асакадаги автомобиль заводига эҳтиёт қисмлари етказиб берувчи ширкатнинг раҳбари.

Унинг ишонишича, Ғарбнинг Россияга қарши қўллаётган жазо чоралари Асакада чиқарилган машиналар экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишчи ва хизматчиларига маошларнинг кечикиб берилаётгани Ўзбекистонда ойлик ва нафақаларни вақтида тўламаслик сурункали тус олаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Россияга экспорт сустлашди

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортининг 90 фоиздан кўпроғи Россия ҳиссасига тўғри келади.

Шу ой бошида Европа бизнеси уюшмаси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитаси Россияда жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 8622 автомобил сотилганини эълон қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,7 фоиз камроқдир.

Уюшма маълумотида таъкидланишича, ўтган йилнинг айни муддатида Россияда GM Uzbekistan қўшма корхонасининг 20888 автомобили харид қилинган эди.

Савдонинг сустлашиши ортидан корхонанинг Россия автомобиль бозоридаги улуши ҳам қисқармоқда.

Ўтган йилнинг январь-май давридаги GM Uzbekistan ширкатининг 2 фоизлик улуши жорий йилда 1,3 фоизгача тушиб кетган.

Аввалроқ Озодлик ўзбек автомобилларининг Россиядаги савдоси жорий йилнинг биринчи чорагида 85 фоизга қисқаргани ҳақида хабар берган эди.

Россия автомобиль бозоридаги умумий савдо ҳажми эса, жорий йилнинг 5 ойида ўтган йилнинг шу давридагидан 37,7 фоизга қисқарган: 2014 йилнинг 5 ойида 1,03 млн сотилган эди, жорий йил 5 ойида 641,93 мингта автомобиль сотилган.

Автомобиллар нархи тушди

Экспортнинг қисқариши баробарида Ўзбекистон ички бозорида автомобилларга таклиф талабга нисбатан ошиб бормоқда.

Натижада, кузатувчиларга кўра, янги ва минилган машиналар нархлари ярим йил ичида сезиларли даражада тушиб кетган.

GM Uzbekistan Ўзбекистонда Lacetti вa Cobalt моделлари нархини 15 фоизга арзонлатди. Янги нархлар 3 июндан 31 декабргача амал қилиши айтилмоқда.

Тошкентаги энг йирик “Сирғали” машина бозорида савдо қилувчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича, минилган автомобиллар нархи ҳам русуми ва ишлаб чиқарилган йилига қараб 20 фоиздан 30 фоизгача арзонлаган.

Яхши Laсetti машинасини ўтган йил 15 минг долларга сотиб олиш мумкин эди. Ҳозир эса худди шундай машиналар 10 минг долларга сотувда турибди. Лекин харидор йўқ. Менинг ўзим ўтган йил декабрида Каптивамни 24 минг долларга сотмаган эдим. Ҳозир, жуда борса, 19 минг долларга сотаман. Агар омадим кулса. Лекин, машинамнинг реал нархи 17-18 минг доллар," - дейди у.

Daewoo ортидан General Motors

Асакадаги автомобил заводи 1996 йилда ташкил этилган. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан тенг шерикчилик асосида автомобил ишлаб чиқарадиган UzDaewooAuto қўшма корхонасини таъсис этган эди. Янги завод йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган.

Ўзбекистон 2005 йилда Ўзбекистон Daewoo акцияларининг 50 фоизини сотиб олган. 2007 йилда эса Ўзавтосаноат ва АҚШнинг General Motors ширкатлари UzDaewooAuto ўрнида GM Uzbekistan қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида шартнома имзолаган. GM мазкур қўшма корхонанинг 25 фоиз акциясига эга.

General Motors Асакадаги заводни номинал 10 долларга сотиб олди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда General Motors билан бирга тенг шерикчилик асосида мотор заводини қуришда кредит учун 300 миллион долларга тенг давлат кафолатини берди.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet автомобиллари Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларус, Грузия, Арманистон, Туркманистон ва Афғонистонда сотилади.

Ҳозирга қадар Асакадаги GM Uzbekistan қўшма корхонасида 2 миллиондан зиёд автомобиль ишлаб чиқарилган.

XS
SM
MD
LG