Линклар

logo-print

Эрон Ўзбекистондан футбол журналистларига виза берилмаганини изоҳлашни талаб қилди


 Эрон жамоаси

Эрон жамоаси

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентда ўтадиган Ўзбекистон-Эрон футбол мусобақасини ёритишга келаётган журналистларга виза берилмагани юзасидан норозилик билдирди. Вазирлик маълумотига кўра, Теҳрондаги Ўзбекистон элчихонаси 12 нафар эронлик журналистга виза бермаган. Ўзбек дипломатлари бу юзадан Озодликка изоҳ бермади.

“Ўзбекистон эронлик журанлистларга виза бермади”

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрондаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, эронлик 12 нафар журналистга виза берилмагани сабабларини очиқлашни сўради.

ВВС эрон хизматининг ёзишича, бу борада Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Эрон матбуотига гапирган.

Эронлик 12 нафар журналист ва спорт фотографлари 6 октябрь куни Тошкентда ўтадиган Ўзбекистон- Эрон футбол мусобақасини ёритиш учун бориши режаланган. Бироқ Ўзбекистон элчихонаси уларга виза бермагани айтилаяпти.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг Fars агентлигига айтишича, Ўзбекистон элчихонаси ушбу борада Тошкент билан муҳокама қилиб, кейин жавоб беришларини билдирган.

Айни пайтда Тошкентдан олинган маълумотга кўра, 5 октябрь куни Ўзбекистон- Эрон мусобақаси олдидан ўтган матбуот анжуманида эронлик бир неча нафар журналист иштирок этган. Бу ҳақда ушбу анжуманда иштирок этган маҳаллий журналист Озодликка билдирди.

Озодлик Теҳрондаги Ўзбекистон элчихонасига боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишни сўради. Бироқ элчихона ходимлари эронлик журналистларга виза берилмагани сабабларини очиқлашни исташмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси ходимлари ҳам эронлик журналистларга виза берилмагани сабаблари борасидаги Озодлик саволларини жавобсиз қолдиришди.

“Йилнинг энг муҳим ўйини”

6 октябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати- 2018 саралаш босқичи доирасида Эронга қарши майдонга тушди.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари йилнинг энг муҳим ўйини дея баҳолаётган Ўзбекистон- Эрон ўйинига чипталар олибсотарлар қўлига ўтиб кетгани ва 25 минг сўмлик чипталар 100 минг сўмдан сотилгани ҳақида Озодлик ёритганди.

Ишқибозлар ушбу ўйиндаги миллий жамоа таркибидан қониқмаётганликлари, ўйинчиларнинг тўп узатишдаги ноаниқликлари, ҳимоядаги таржибасизликларидан нолишсада, жамонинг ўйинда 3 очко олишига умид қилишмоқда.

Ўзбекистон жамоаси Эрон ўйинчилари билан жами 6 марта майдонга тушган ва фақат бир ўйинда ғалаба қозонган, 4та беллашувда эса мағлуб бўлган. Бир учрашув эса дуранг ниҳояланган.

Футболчи Улуғбек Бақоев Эрон дарвозасига гол урган ягона ўзбек футболчисидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG